Инсонга ато этилган энг улуғ неъмат, шубҳасиз, тинчликдир. У бўлмаган ерда тараққиёт йўқ. 30-40 йилдан буён ўқ товуши тинмаётган мамлакатлар тақдири фикримизга мисол бўла олади. Эсимда: ўсмирлигимизда мактабдаги дарслардан сўнг далада ишлардик. Бригадиримиз ҳар қандай даврада “Дунё тинч бўлсин, нон кўп бўлсин!” деб дуо қиларди. Аслида, тириклик учун ана шу икки эҳтиёж қондирилса, етади.

Бугун дунё худди улкан уммондаги ёлғиз қайиқ мисоли чайқалиб турибди. Кутилмаганда бўрон қўпса, бу қайиқ тўнкарилиб кетиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун мамлакатимиз раҳбари жаҳоншумул даражадаги ҳар бир учрашув ва йиғинларда сўзлаган нутқида давлатлараро ҳамкорлик, дўстлик, савдо ва маданий алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Ривожланган давлатлар билан тенгма-тенг гаплашиш учун муайян давлатнинг ўзи ҳам улар қатори салоҳиятга эга бўлмоғи лозим. Шу ўринда бугун мамлакатимиз ҳудудларида қанот ёзиб бораётган тезкор тараққиёт ўз сўзини айтади.

Оламдаги беш шариф шаҳарнинг бири бўлмиш Бухоро ҳозир улкан ҳудуднинг, шиддат билан ривожланиб бораётган воҳанинг маркази. Унинг шонли ўтмиши, бугунги қудрати ва эртанги истиқболи айнан Президентимиз ташрифи чоғида кўпчиликка аён бўлди. Оддий одамлар ҳам ўзи туғилиб ўсган юртидан фахрланиши бор гап, бироқ шу юртнинг бор салоҳияти ва имкониятларини барча ҳам бирдек англайвермайди. Давлатимиз раҳбарининг ташрифи гўё шарафли ўтмиш ва бугунги кун чеҳрасига тутилган чароғон кўзгу бўлди: Бухоронинг қувват захиралари, мислсиз имкониятлари ҳамда ойдин орзулари баён этилди.

— Бугунги Бухоро буюк тарихдан янги тараққиёт ва муҳташам лойиҳалар даврига шиддат билан юзланмоқда, — деди ­Президентимиз ташрифи чоғида.

Ҳа, айнан шундай. Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги таъмирлаш ишлари ҳам, шаҳар ва туманларда давом этаётган улкан қурилишлар ҳам шундан далолат бериб турибди.

Бухоро шаҳрида бунёд этилаётган кон­гресс-холл мажмуаси ва замонавий меҳмонхоналар қурилишини кўздан кечираркан, мамлакатимиз етакчиси бугунги шаҳарсозлик энди жаҳон талабларига жавоб бериши лозимлигини таъкидлади.

Кейинги йилларда Ўзбекистонга келаётган чет эллик сайёҳлар сони изчил ўсиб бораётгани, 2025 йилда бу кўрсаткич 2016 йилдагига нисбатан қарийб олти баробар, туризм хизматлари экспорти эса ўн бир карра ошгани, мамлакатимизда йирик халқаро тадбирлар ўтказиш учун замонавий инфратузилмага талаб ортиб бораётгани ҳам бу фикрнинг ҳақлигини исботлаб турибди.

Мажмуа шаҳарнинг ана шундай тадбирларга мезбонлик қилиш имкониятини кенгайтиради. Конгресс-холл форумлар, олий даражадаги учрашувлар ва бошқа йирик анжуманларни ўтказишга хизмат қилади. Демак, энди Бухоро шунчаки бир музей-шаҳар, тарихий обидалар жойлашган ҳудуд эмас, дун­ёнинг манаман деган шаҳарлари билан баробар турадиган мегаполисга айланади. Бир неча миллион долларлик хорижий сармоя ҳисобига қад ростлаётган “Hilton Garden Inn” ва “Holiday Inn” сингари замонавий меҳмонхоналар шундан дарак бераётир.

Асрларни боғлаган ришта

Бухорода тарихий обидалар кўп, бироқ ҳар бирининг ўз қадри-қиммати бор. Уларнинг ҳар бири ўз меъморий ечимига кўра, такрорланмасдир. Қўшмадраса ансамбли ҳам ана шундай ноёб иншоотлар сирасига киради. Президентимиз ташриф чоғида бориб кўрган бу обида Бухоро тарихида ўтган энг машҳур салтанат соҳибларидан бири, 1588-1590 йилларда Бухоро хонлигининг шайбонийлар сулоласидан чиққан ҳукмдори, буюк саркарда ва давлат арбоби Абдуллахон II томонидан бунёд этилган.

XVI асрда ушбу мадраса Мовароуннаҳрнинг энг йирик ҳамда нуфузли олий таълим ва илм-фан марказларидан бири бўлиб, бу ерда толиби илмларга диний ва дунёвий фанлардан дарс берилган. Хусусан, мадрасада Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид билан бир қаторда араб тили ва адабиёти, мантиқ, фалсафа, математика, геометрия, тиббиёт фанлари чуқур ўқитилган. Бу эса айрим сохта тарихчиларнинг “Ўтмишда Туркистон халқи саводсиз бўлган” деган иддаолари ёлғон ва таги пуч эканини исботлаб турибди.

Давлатимиз раҳбари ҳузурида ўтган йилларда қисман таъмирланган ушбу ансамблни тўлиқ реставрация қилиш режаси тақдимот қилинди. Демак, бу ерга келадиган сайёҳлар сони янада ортади. Президентимиз сайёҳлар учун қулай шароит яратишнинг янги истиқболлари борасида кўрсатмалар берди.

Бухоро шаҳрида қурилаётган янги туризм марказидаги бунёдкорлик ишларининг таърифини муфассал баён этишга имконимиз йўқ. Фақат кундай ойдин бир ҳақиқатни айтиб ўтамиз: қадимий Бухоронинг тарихий обидалари, ҳунармандчилик ва гастрономия анъаналари билан танишган хорижлик меҳмонлар бу заминга, албатта, яна қайтиб келади. Янги туризм марказида бу бой меросни замонавий хизматлар билан уйғунлаштириш, шаҳарда йирик халқаро маданий ва ишбилармонлик тадбирларини ўтказиш учун шароит яратиш кўзда тутилгани ҳам узоқни кўзлаб иш тутиш — келгуси авлодлар учун тўкис ҳаётий шароит яратиш эканини исботлайди.

Факт ва рақамлар ўжар келади, улар ҳар қандай шубҳаю гумон деворларини йиқитишга қодир. Қаранг: мажмуа 50 гектар майдонда барпо этилмоқда. Лойиҳага жами 105 миллион доллар инвестиция йўналтирилиши режалаштирилган. Демак, иш кўлами тасаввуримиздагидан-да кенгроқ бўлса, ажаб эмас.

Хўш, бу рақамлар нимадан дарак бермоқда? Улар қуйидаги ёруғ истиқболни, қутлуғ ниятларни очиб беряпти:  мажмуа тўлиқ ишга тушгач, 2000 та иш ўрни очилиши, Бухорога қўшимча 2 миллиондан ортиқ сайёҳ жалб этилиши кутилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, маҳаллий бюджетга йиллик тушум 288 миллиард сўмни ташкил этиши мумкин. Бу эса минглаб оилаларнинг фаровонлиги таъминланади деганидир. Аслида, мақсадимиз ҳам шу: халқимиз тўқ яшасин, оилалар тўкис, фарзандларимизнинг боши баланд, қадди тик бўлсин.

Айтар сўзи бордир дунёга

Хорижлик сармоядорларнинг Ўзбекистонга, хусусан, Бухорога қизиқиши ортиб бораётгани замирида ўзига хос асослар мавжуд. Энг асосийси, бу юрт қуёшли ўлка, одамлари меҳнатсевар, муғамбирликдан йироқ, лафзи бутун. Шунинг учун ҳам чет эллик шаҳарсозлар Бухорога тобора кўп интиляпти. Албатта, бизнес — иккиёқлама фойда дегани. Халқимиз буни “Қўл — қўлни, икки қўл бирлашиб юзни ювади” мақолида содда ва қуйма қилиб ифода этган. Ҳар қандай сармоядор хориждаги қурилишларга маблағ йўналтирар экан, ўз фойдасини ҳам кўзлайди. Аммо даромаду буромад деган гаплар — ўткинчи. Қурилган иморат эса асрлар бўйи қолади.

Вьетнамнинг “ROX Group” компанияси томонидан мамлакатимизда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишган Президентимиз тақдим этилган концепцияларни маъқуллаб, лойиҳаларда илғор шаҳарсозлик ечимларини қўллаш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Мутасаддиларга лойиҳалар учун зарур инфратузилма ва амалга ошириш механизмларини компания билан бирга пухта ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берди. Албатта, мамлакат раҳбарининг назари тушган ишда хайру барака бўлишига шубҳа йўқ.

Президентимизнинг Бухоро вилоятига ташрифи доирасида янги объектларни ишга тушириш ва истиқболли лойиҳалар қурилишига старт бериш маросимида иштирок этгани ҳам тантаналарга ўзгача файз бағишлади. Иштирок этганлар бу ҳаяжонли лаҳзаларни бир умр эсда сақлаб қолиши аниқ.

Давлатимиз раҳбари ўз сўзида вилоятга жалб этилаётган хорижий инвестиция, очилажак янги иш ўринлари, одамларнинг бандлиги ва даромади ошиб боришини таъкидлар экан, Бухоро воҳасининг келажаги, албатта, нурли бўлмоғига урғу бериб ўтди. Зеро, буюк ўтмиши бўлган бу юртнинг бугун ва келажакда ҳам дунёга айтар сўзи бўлмоғи лозим. Президентимизнинг ғамхўрлиги ва халқимизнинг шижоатли меҳнати айнан шунга қаратилган.

Улкан режалар, жадал ҳаракатлар, хайрли якун

Бир тасаввур қилиб кўринг: бугунга келиб нефть-кимё, тўқимачилик, қурилиш материаллари, машинасозлик, энергетика, тоғ-кон саноати, фармацевтика, рақамли технологиялар, логистика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, уй-жой қурилиши, инфратузилма, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларида умумий қиймати 7,8 миллиард доллар бўлган 145 та лойиҳадан иборат дастур шакллантирилган. Шундан 654 миллион долларлик 55 та лойиҳа ишга туширилмоқда. Қиймати 7,1 миллиард доллар бўлган яна 90 тасининг қурилиши бошланмоқда. Унча-мунча одамнинг ақли шошиб қоладиган кўлам! Албатта, режалар жуда улкан, ишлар жадал кетмоқда. Иншааллоҳ, якунлар ҳам хайрли бўлгай. Зеро, ушбу лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 14 мингдан ортиқ иш ўрни очилиши, йилига 22 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва 510 миллион долларлик экспорт имконияти пайдо бўлиши кутилмоқда.

Оддий одамнинг хаёлот уфқларига сиғмайдиган даражадаги дадиллик ва шижоат! Қамровнинг кенглиги кишини ҳайратга солиши баробарида, кўнгилларда ёруғ бир фикр уйғотади: Бухоронинг эртанги куни эртакнамо бўлади! Аслида, шундай бўлиши ҳам керак. Чунки бу хайрли ишларнинг бошида шахсан мамлакат Президенти турибди!

— Мақсадимиз битта — импорт ўрнини босадиган ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, — деди давлатимиз раҳбари.

Вилоятда энергетика соҳасидаги ишлар, Ғиждувонда “ACWA” компанияси билан ҳамкорликда барпо этилаётган 300 мегаваттли “Бош-2” шамол электр станцияси, Жондордаги “Toyota Corporation” ва Пешкуда “Sinoma” компаниялари иштирокида умумий қуввати 1000 мегаватт бўлган шамол электр станцияларининг қурилиши, хитойлик ҳамкорлар билан Когон туманида маиший чиқиндилардан электр энергияси олишга қаратилган 165 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш, Германиянинг “Leman” компанияси билан эса “Аму-Бухоро” канали насос станцияларининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича 150 миллион долларлик лойиҳани йўлга қўйиш, Бухоро шаҳрида “Kurt Baver” бренди остида йилига 62 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарадиган тўқимачилик комплексини барпо этиш режалаштирилаётгани, Ромитанда хитойлик инвесторлар иштирокида қиймати 400 миллион доллар бўлган пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилаётгани, ушбу лойиҳалар доирасида 9000 гектар ерни ўзлаштириш ташаббуси… Қай бирини айтасиз? Тасаввур қилган сари дилингиз фараҳга тўлади, эртанги кунларга ишончингиз ортади. Кластерлар, туризм марказлари, замонавий меҳмонхона ва амфитеатрлар, ўйингоҳлар, кўнгилочар масканлар — буларнинг барчаси Шариф шаҳар ҳуснига қўйилган холдек ярашиб тушади, Худо хоҳласа!

Отасидан дуо олган қиз

Президентимиз Бухоро вилоятига ташрифи чоғида ўз ҳудудини комплекс ривожлантиришда Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматова алоҳида жонбозлик кўрсатаётганини эътироф этиб, давлат ва бошқарув идораларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, янги иш ўринларини очиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари боис, уни “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотлашга қарор қилганини эълон қилди. Рости, бу хабарни эшитиб жуда севиндим. Наргизахонни қарийб ўттиз йилдан буён яқиндан танийман. Бухоро давлат тиббиёт институтида ишлаган даврларини ҳам, бир неча йил Олот тумани марказий шифохонасида бош шифокор бўлиб фаолият юритганини ҳам яхши биламан. Туман ҳокимлигида ҳам бир неча йил ёнма-ён ишлаганмиз. Наргиза Неъматова йигирма йилдан ортиқ вақт давомида туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлади. У тумандаги қарийб барча оилада бўлган, ҳаммани танийди десам, ишонаверинг. Бу асло лоф ёки муболаға эмас. Хотираси ҳам ниҳоятда ўткир, кўплаб шеърларни ёд билади. Айниқса, Зулфияхонимнинг шеърларини ҳар бир даврада севиб ўқийди.

Отаси Исомиддин акани яхши танирдим. У кўп йиллар тумандаги автожамланмага раҳбарлик қилди. Қарангки, бадният Гдлян ана шу хокисор ва беозор одамни ҳам сохта айблов билан бир муддат ҳибсга олди! Хайриятки, тезда ҳақ жойида қарор топди. Китобсевар одам эди раҳматли.

Наргизахоннинг онаси муаллима. Ҳоким ана шундай зиёли оиладан чиққан. Кўпчиликнинг ёдида бўлса керак: 2020 йил 27 апрелда Олот ва Қоракўл туманларига кучли табиий офат — гирдибод ёпирилди. Наргизахон ана шундай қийин ва масъулиятли даврда ҳокимликка келди. Президентимизнинг Олотга ташрифи кўпчилик қатори уни ҳам руҳлантирди, қувват бағишлади. Бутун мамлакат шу чекка туманга ёрдамга отланди. Президентимизнинг алоҳида эътибори ва давлатимизнинг кўмаги билан Олот тез орада қаддини тиклаб, таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди.

Кўп тадбирларда бирга бўлганмиз. Ҳокимликка тайинланган илк кунларида бир учрашувимизда сўраб қолди:

— Абдунаби ака, одамлар олдинги ҳокимларга “Ҳоким бова”, деб мурожаат қиларди. Энди мени... — у шундай деб жилмайди. Барибир ўзбек аёли-да, соддалиги ва самимияти бор.

— Мен бирорта тадбирда одамларга айтаман, сизга Ҳокимойим деб мурожаат қилишади. Амир Умархон вафотидан сўнг Қўқон аҳли Нодирабегимни шундай атаган, — дедим кулиб. Албатта, бу бир ҳазил эди. Кўп ўтмай, Олот аҳли уни “Опа”, деб чақира бошлади.

Серғайрат, тиниб-тинчимас, ростгўй ва ҳақиқатпараст, шеъриятга шайдо бу аёлнинг ҳозирча вилоятда ягона “Ҳоким опа” экани ҳам рост. Президентимиз унинг фидойи меҳнатларини юксак баҳолагани кўп қатори мени ҳам жуда қувонтирди. Гарчи уч-тўрт йилдан буён Тошкентда яшасам-да, жон томирим Бухоро билан, Олот билан боғлиқ, ахир! Қолаверса, донишманд отасидан дуо олиб қолган бу аёлнинг шижоати мени ҳамиша завқлантириб келган.

Олотлик ижодкорлар у ҳақида бир-икки шеър битганини, уни “Тўмарис”, дея улуғлаганини  эслайман. Мен эса ҳеч ёзолмадим. Назаримда, эркакларга хос шиддат, ғайрат ва шижоат аёлларча нафосату назокат ила сира уйғунлашмайдигандек эди. Ниҳоят, хайрли кунларнинг бирида қуйидагиларни битдим, аммо ҳеч кимга кўрсатганим, ўқиб берганим йўқ:

Унинг кўзларида ҳайрат бор,

Бир ҳайратки, дунёдай улкан.

Она нигоҳидай хокисор,

Бесарҳаддир мисоли Ватан.

Унинг юзларида талъат бор,

Бир талъатки, Ойбарчин мисол.

Нақш олмадай тоза, беғубор,

Икки қоши — иккита ҳилол.

Унинг сўзларида шиддат бор,

Бир шиддатки — темурийзода.

Алп сўзидай ўктам, жарангдор,

Малика лафзидай пок, тоза.

Унинг изларида журъат бор,

Бир журъатки, баҳодирга хос.

Ҳар қадами маҳкам, барқарор,

Ҳар қарори — мисоли ихлос.

Унинг елкасида чўнг юк бор,

Ўлчай олмас кило, тоннаси.

Олотда шундай бир буюк бор —

Юз минглаб фарзанднинг онаси...

Бир оз муболаға қилган бўлсам, узр сўрайман. Шоирлик шу-да энди. Аслида, бу муболаға ҳам эмас. Бутун бошли туманнинг тақдирига масъул бўлган ва шу масъулиятни қойиллатиб адо этгани учун давлат раҳбарининг ҳам, халқнинг ҳам меҳрини қозонган аёлни буюк деб атаса арзийди.

Қўшни Туркманистон билан чегарадош бўлган Бухоро ва унинг таркибидаги Олот тумани мамлакатимизнинг чин маънодаги олтин дарвозасидир. Илоҳим, мана шу дарвозадан фақат дўстлар меҳри, яхшиликлар кирсин. Президентимизнинг бу табаррук заминга ташрифи эса келгусидаги эзгу ишларга яна бир рағбат бўлиб, бунёдкор халқимизга илҳом бағишлади. Аждодларга хос бунёдкорлик қудрати жўш уриб турган Бухоро аҳли бу ташрифни узоқ йиллар ҳаяжон билан эслаб юришига шубҳа йўқ.

Абдунаби ҲАМРО,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси