Қайд этилишича, умумий инфляция пасайишда давом этиб, йил якунига келиб 6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Шу билан бирга, нархлар барқарорлашуви суръати секинлашаётгани ва ташқи омиллар таъсири кучаяётгани кузатилмоқда.

2026 йил март ойида йиллик инфляция 7,1 фоизгача пасайган бўлиб, бу, асосан, ўтган йилдаги юқори база таъсирининг чиқиб кетиши билан изоҳланмоқда. Базавий инфляция 5,7 фоизни ташкил этган.

Иқтисодий фаоллик юқори суръатларда сақланиб қолмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулот 8,7 фоизга ўсган. Хизматлар, қурилиш ва савдо соҳаларидаги фаоллик ички талаб юқори эканини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, инвестициялар, хусусан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг ортиши иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватламоқда. 2026 йил учун иқтисодий ўсиш прогнозлари 7–7,5 фоизгача оширилган.

Ташқи иқтисодий муҳитдаги ноаниқликлар, жумладан геосиёсий зиддиятлар, жаҳон бозорида нефть ва озиқ-овқат нархларининг ўсиши каби омиллар инфляцияга қўшимча босим ўтказиши мумкинлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, асосий савдо ҳамкор давлатлар валюталарининг мустаҳкамланиши, олтин нархининг юқори даражада сақланиши, экспорт тушумлари ва пул ўтказмаларининг ўсиши ички валюта бозорида барқарорликни таъминламоқда.

Марказий банкка кўра, амалдаги қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш инфляцияни 5 фоизлик мақсадли даражага босқичма-босқич тушириш ва инфляцион кутилмаларни жиловлаш имконини беради.

Навбатдаги йиғилиш 2026 йил 17 июнь кунига белгиланган.