Қуритилган мевалар билан чой ичиш ёқимли. Уларни йўлга, ўқишга ёки ишга олиб чиқиш қулай. Бироқ, овқатланишга жиддий эътибор берадиган одамлар улар янги мева ва резаворларга қараганда бир неча баробар калорияли эканлигини ёдда тутишлари муҳим.

Қуритиш жараёнида мевалардан амалда калорияси бўлмаган намлик чиқиб кетади. Натижада улар озиқа моддаларини сақлаган ҳолда массаси ва ҳажми жиҳатидан жуда камаяди.

Бундан ташқари, баъзи ишлаб чиқарувчилар қуритилган меваларга шакар қўшади, бу айниқса клюква, черника, олча, манго ва ананасда тез-тез учрайди. Ушбу маълумотни харид пайтида ёрлиқда текшириш мақсадга мувофиқ.

Энди машҳур мевалар калорияси қуритилгандан кейин қандай ўзгаришини кўриб чиқамиз. Масалан, бир пиёла ананасда (165 грамм) 99 килокалория бор, қуритилганида (160 грамм) бу кўрсаткич 555 килокалорияни ташкил қилади. Фарқ – 5,6 баробар.

Шунга ўхшаш ҳолат олча мевасида ҳам кўринади — 533 килокалорияга қарши 107 килокалория. Энергетик қиймати беш баробар ортади. Қуритилган манго одатдагидан 5,2 баравар калорияли — 99 ва 510 килокалория.

Черника калорияси тахминан 5,3 марта — 96 дан 507 килокалориягача ошади. Клюква янада кучлироқ таассурот қолдиради — 46 ва 493 килокалория. Яъни  10 мартадан кўпроқ!

Туршак ўрикдан тахминан 5,2 марта (74 ва 386 килокалория) калорияли.

Узум ва майиз ўртасидаги фарқ атиги 3,8 марта — 125 ва 478 килокалорияни ташкил этади. Туршак ўрикдан тахминан 5,2 марта (74 ва 386 килокалория) калорияли. Олхўри (71 килокалория) ва қора олхўри (384 килокалория) ҳам шунга ўхшаш кўрсаткичларга эга. Фарқ 5,4 мартага етади.

Олма билан боғлиқ қизиқарли вазият юзага келди. Бир ҳўл олма калорияси 76 килокалория, қуритилгани эса 219 килокалорияга тенг. Фарқ кичик кўринади – атиги 2,9 баробар. Бироқ, массага эътибор қаратиш лозим — 125 ва 90 грамм. Қолган кўпчилик меваларда эса кўрсаткичлар 150—160 грамм атрофида ўзгариб турган.

Инфографикани яратишда муаллифлар АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан яратилган “Парҳез тадқиқотлари учун озиқ-овқат ва озуқа моддалари маълумотлар базаси”дан фойдаланган.