Расмий маълумотга кўра, чет элга ишга жойлашиш учун хусусий бандлик агентлиги билан шартнома тузган фуқаролар тўловни фақат шу агентликнинг расмий ҳисоб рақамига амалга ошириши керак.

Идора огоҳлантиришича, маблағни бошқа фирма, воситачи ёки учинчи шахс ҳисоб рақамига ўтказиш, шунингдек, нақд пул бериш ёки жисмоний шахс пластик картасига тўлов қилиш хавфли ҳисобланади.

Шунингдек, “консалтинг хизмати” ёки бошқа номлар остида бегона ташкилотларга тўлов қилиш ҳам тавсия этилмайди.

Миграция агентлигига кўра, хорижга ишга жўнатиш ҳуқуқини берувчи лицензия муайян ташкилот номига расмийлаштирилади ва у бошқа корхона ёки компанияларга татбиқ этилмайди.

Фуқароларга шартнома тузишдан олдин агентлик лицензиясини текшириш, шартнома ва тўлов ҳужжатларидаги ташкилот номи бир хил эканига эътибор қаратиш тавсия қилинган.

Бундан ташқари, эҳтимолий муаммоларда ҳуқуқий ҳимояни таъминлаш мақсадида тўлов чеклари, шартномалар, расмий ҳужжатлар, реклама материаллари ва ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларни сақлаб қўйиш сўралган.