Орзу-ният самарали ғоялар билан уйғунлашгандагина янги натижаларга эришиш мумкин. Шу маънода, назаримизда, янги Ўзбекистон орзуси — ҳозирги даврнинг тақозоси. Қолаверса, унинг асл қиёфаси, ҳаракатлантирувчи кучлари ва омилларини белгилайдиган ғоявий-маънавий асос, халқимизга хос буюк бунёдкорлик ҳисси билан яшаш фазилатлари ва кенг кўламли ислоҳотларнинг яққол ифодасидир.
“Янги Ўзбекистонни барпо этиш, — деб ёзади Президентимиз, — бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий орзу-интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир”.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур фикрларида бир нечта муҳим хулоса бор. Биринчидан, янги Ўзбекистон қуруқ жойда, ўз-ўзидан барпо этилаётгани йўқ. У тарихий асосларга эга. Халқона айтганда “оққан дарё оқаверади”. Иккинчидан, бугун дунёдаги ва юртимиздаги реал вазият давлатчилигимиз тарихида, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда мутлақо янги давлат ва жамият қуришни талаб этмоқда. Учинчидан, янги Ўзбекистонни барпо этиш бугун мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча ижтимоий қатлам вакилларининг, сиёсий-ижтимоий кучларнинг, миллати, дини, эътиқоди, жинси, ғоявий-мафкуравий қарашидан қатъи назар, ҳамманинг манфаатини ўзида ифода этади.
Бу эса, ўз навбатида, давлат сиёсати ва жамият тараққиёти йўлида танланган стратегик мақсад ва вазифаларни мувофиқлаштириб, ривожланишнинг истиқболли йўналишларини танлаб олишни талаб қилади. Керак бўлса, бу — ҳаётий эҳтиёж, ҳозирги тараққиёт босқичида ягона тўғри йўлни танлаб олишни тақозо этаётган заруратдир. Бу зарурат бугун онгли равишда англанган ҳақиқатга айланиб бўлди.
Мана, биз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий тараққиётнинг авваллари хаёлимизга ҳам келмаган, аммо ҳар биримизнинг юрак-юрагимизда кимгадир қимтиниб билдириб, кўпинча пинҳона тутиб келган ўзгаришлару ислоҳотлар даврига кириб олганимизга ҳам ўн йил тўлди. Бу юртимизда истиқомат қилаётган одамларнинг орзуси рўёбидир.
Эсимизда: бундан тўққиз-ўн йил аввал халқимиз бирдан уйғонган, қатор ёпиқ мавзулар очиқ-ойдин айтила бошлаган эди. Барча соҳада туб ислоҳотлар бошланган, халқимиз эса уларнинг фаол иштирокчисига айланган эди. Ўқувчи ва талабаларсиз ҳам пахта йиғим-терим ишларини уддалаш мумкинлигини, мажбурий меҳнатни ҳам ҳуқуқий, ҳам амалий жиҳатдан бартараф этса бўлишини, қўшни давлатлар билан чегараларни очиб қўйиб, яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатиш ҳар икки тарафга ҳам фойдали эканини, мамлакатимизда уй-жойи йўқ одамлар кўплиги, бироқ уларни замонавий турар жойлар билан қисқа муддатда таъминлаш имконияти борлигини энди биляпмиз!
Ҳа, ўтган сўнгги ўн йил халқимизнинг турмуши ва тафаккур тарзини ўзгартириб юборди. Энди биз бошқача халқ бўлдик. Ўз сўзини дадил айта оладиган, ҳаққоний талаблари, ҳақ-ҳуқуқларини талаб қила оладиган миллатга айландик. Ўтган ўн йил бизга яна бир нарсани ўргатди: мамлакат ва жамиятдаги муаммони кўрмай, унинг борлигини англамай туриб, уларни ҳал этиб бўлмас экан. Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг 2017 йилдаёқ “Ўзбекистонда камбағаллик бор”, “кўплаб соҳаларда коррупция мавжуд”, “уларни ҳал этмасдан туриб, янги жамиятни барпо этиш асло мумкин эмас” деган фикрларини назарда тутяпман.
Яратганнинг инояти, халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан туб ислоҳотлар бошланди. Уларнинг аниқ натижалари мамлакатимиз раҳбари томонидан давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда қайд этилди.
Мана, улардан баъзилари:
“иқтисодий эркинлик индекси”даги ўрнимизни 80 фоиз яхшилаб, “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олдик;
илгари иқтисодиётимизга йилига 2-3 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келинган бўлса, ҳозир 40-50 миллиард доллар чет эл сармояси жалб қилинмоқда;
янги даврда 650 минг оила замонавий, барча талабга жавоб берадиган уй-жойли бўлди;
изчил саъй-ҳаракатлар туфайли бугун камбағаллик даражасини 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширишга эришилди;
ўтган ўн йилда аҳоли 8 миллионга кўпайгани ҳолда боғчага қамров 78 фоизга етказилди, мактабларда 1,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни очилди;
олий таълим муассасалари талабалари бугун 1 миллион 600 мингга етди;
аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 66,4 ёшдан 2025 йилда 75,4 ёшга етди, гўдаклар ва оналар ўлими кўрсаткичи 4 баробар камайди.
Бу кўрсаткичлар ўз-ўзидан қўлга киритилмади. Аввало, бизнинг ҳар томонлама ривожланишимизга халал бераётган қанчадан қанча фойдасиз, одамларни беҳуда овора қиладиган маъмурий тўсиқларни олиб ташлаш, халқимизнинг самарали ташаббуслари ва интилишларини сўндирадиган ҳуқуқий-меъёрий расмиятчиликларни бартараф этишга тўғри келди. Булар осон иш эмас эди.
Аммо халқимизнинг кучли қўллаб-қувватлови ва Президентимизнинг сиёсий иродаси билан эскича тафаккур тарзидан халос бўлдик. Теварак-атрофга, дунёга бошқача кўз билан қарай бошладик. Муаммоларни ҳал этишнинг янги йўлларини топишни ўргандик.
Натижа узоқ куттирмади. Белгилаган режаларимизни муддатидан аввал адо этиш одат тусига кира бошлади. Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ўтмиши, бугуни ва истиқболи ҳақида билдирган фикрлари, фундаментал илмий хулосалари билан давлатимиз ва халқимизнинг келгусидаги тараққиёт йўлини белгилаб берди.
Ана шу тантанали тадбирда келгуси ўн йил “Миллий юксалиш даври” ва “Ватанимизнинг олтин даври” деб аталиши қайд этилди. Ҳар бир инсон, ҳар бир жамият ва давлат ўз тараққиёти ҳақида ўйлар экан, яқин ва узоқ муддатга мўлжалланган стратегик мақсад ва вазифаларини белгилаб олади. Улар қанчалик ҳаққоний ва холис танланса, ички ва ташқи омиллар эътиборга олинса, имкониятлар тўлиқ сарҳисоб қилинса, рўёбга чиқиш имконияти шу қадар аниқ бўлади. Бироқ буларнинг ўзи етарли эмас. Энг муҳими, бу мақсад ва вазифалар шу жамиятда яшаётган одамларнинг манфаатига мос келишидир.
Президентимизнинг мазкур тантанали тадбирдаги ўта самимий нутқини қунт билан ўрганар эканман, унда жуда кўп масалаларга мутлақо янгича ёндашувни, уларни инновацион, креатив тарзда ҳал этишга интилишни кўрдим. Гапнинг очиғи, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир маърузаси ва унинг рационал мағзини чақиб кўришга ҳаракат қиламан.
Бу сафарги нутқ масаланинг қўйилиши ва ҳал этилиши нуқтаи назардан аввалгилардан фундаментал фарқ қилишини эътироф этиш керак.
Масалан, ушбу тарихий нутқда келгуси ўн йилликда миллий юксалиш даврида белгиланган тўртта муҳим ғояни англаб етдим. Биринчидан, тараққиётимизнинг янги босқичида биз учун энг устувор ғоя инсон қадри масаласидир. Таъкидланганидек, бугунги Ўзбекистондаги барча ислоҳотлар фақат ва фақат инсон қадр-қимматини оширишга йўналтирилган.
Ҳақиқатан, инсон қадрини улуғлаш барча ислоҳотларнинг марказида турган энг муҳим масаладир. “Амалга оширилаётган барча ислоҳотларимизнинг марказида, — дейди давлатимиз раҳбари, — инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ғоя мужассам. Чунки бизнинг муқаддас динимизда ҳам, буюк алломаларимизнинг бой илмий ва маънавий меросида ҳам, инсон — ҳаёт гавҳари, тенгсиз мўъжиза сифатида улуғланган”.
Ўтган ўн йилликда янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш борасида жиддий ютуқларга эришилди. Бунинг сабаби эса давлат ўз сиёсати марказига инсонни қўйди. Бежиз инсон барча ислоҳотларнинг ўзаги деб айтилмаган. Собиқ совет мустабид тузуми даврида сиёсат марказида давлатнинг ўзи турган. Қандай йўл билан бўлмасин, совет давлатининг дунёдаги “энг адолатли, инсонпарвар” эканини исботлаш керак эди. Ана шу ёлғон сиёсат совун пуфагидек ёрилиб кетди. Буни одамлар очиқдан очиқ қайд этмоқда.
Президентимиз тантанали тадбирда илгари сурган иккинчи муҳим ғоя тарих ва келажак уйғунлиги масаласидир. Давлатимиз раҳбарининг нутқидан олган яна бир муҳим хулосам шу бўлдики, янги Ўзбекистон шароитида кеча, бугун ва келажакни ягона яхлит занжир тарзида кўрмасак, ушбу занжирда уларнинг бирортасини эътибордан четда қолдирсак, шубҳасиз, кўзлаган мақсадга эришиш асло мумкин эмас.
Шу маънода, биз миллий тараққиётимиз тўғрисида ҳаққоний қайғурсак, ҳеч истисносиз, буюк давлатчилигимиз, мутафаккир алломаларимиз яратган ҳамда бутун маърифатли дунё эътироф этаётган Биринчи ва Иккинчи Ренессанс феноменининг ҳақли меросхўрлари эканимизни, бугунги ютуқларимиз замирида ўша мутафаккирларнинг руҳига содиқлик ётганини асло унутиб бўлмайди. Назаримда, миллий тараққиётимизнинг муҳим омили “ўтмиш илмий-маданий меросидан руҳий-маънавий қувват олиб, бугун ўзининг мустаҳкам сиёсий, иқтисодий, мафкуравий заминига эга бўлиб, буюк келажакни кўзлаб тараққиёт сари юзланиш”дан иборат бўлиши керак.
Давлатимиз раҳбарининг тараққиётнинг муҳим кафолати кеча — бугун — келажак занжиридан узилиб қолмаслик, дея таъкидлаган пурмаъно, чуқур эътиқодга айланган хулосалари бугун янги Ўзбекистон тараққиётининг олтин қоидасига айланиши лозим. Бугунни деб кечадан, кечани деб бугундан айрилиш ҳар доим йўқотишларга сабаб бўлган.
Миллий юксалиш даврида янги Ўзбекистон жамиятини тараққиёт сари етаклайдиган яна бир ғоя “Ёшлар — келажакнинг ҳал қилувчи кучи” ғоясидир. Ўзбекистон — ёшлар мамлакати. Мамлакат тақдири улар қўлида. Бугун мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш тизими яратилди. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари аниқ моддалар билан муҳрлаб қўйилди. Натижада ҳозир давлат ва мамлакат тақдирини белгилаб бера оладиган ёшлар сиёсати шаклланди.
Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг қуйидаги фикрларига қулоқ тутайлик: “Ёшларга оид сиёсатимиз фалсафасининг туб моҳиятини қисқача қилиб шундай ифодалаган бўлардим: ёшларимиз замонавий билим ва касб-ҳунарларни чуқур эгаллаган, кенг дунёқарашга ва интеллектуал салоҳиятга эга, ақлли, илми етук, зукко, биз эришган марралардан ҳам юксакроқ чўққиларни забт этишга қодир, соғлом ва баркамол инсонлар бўлиши ва бу ҳаётда бахтиёр яшаши шарт!”
Мен давлатимиз раҳбарининг мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбирдаги нутқини эшита туриб, ёшларга қарата оталарча меҳр-муҳаббат билан айтган фикрларида икки муҳим жиҳатга эътибор қаратдим. Биринчиси — масъулият, иккинчиси — ишонч масаласи.
Ҳақиқатан, ҳар икки тушунча бугун алоҳида, ўзгача маъно касб этади. Таъбир жоиз бўлса, улар бир-бири билан моҳиятан узвий боғланган, бир-бирини тўлдирувчи тушунчалардир. Ишонч туйғуси масъулиятни уйғотади. Ишонч инсоннинг бошқа бир одам, нарса ёки ўзининг ҳаракатлари, сўзлари ва ваъдаларига тўлиқ таяниши. Масъулият эса одамнинг ўз сўзлари, қарорлари, уларнинг натижалари учун жавобгарлиги.
Бироқ ишонч ва масъулият фақат икки шахс ўртасидаги муносабатлар тарзида жўн тушунишдир. Том маънодаги ишонч ва масъулият, аввало, жамият аъзолари ва давлат ўртасидаги ишонч ҳамда масъулият масаласи. Бугун давлат бундан ўн йил аввал берган ваъдасининг устидан чиқди. Ўшанда “ваъдалар берилаверади, бундай ваъдаларнинг кўпини кўрганмиз, ҳали кўрамиз унинг натижаларини!” деганлар кам эмас эди.
Янги Ўзбекистон ўз фуқароларини стратегик мақсадларига ишонтира олди. Давлат барча масъулиятни ўз зиммасига олди. Уни бажарди. Халқ давлатга ишонди. Ана шу ишонч энди тараққиётимизнинг янги — миллий юксалиш даври сари етаклаяпти. Бу йўлда давлат ва халқимизнинг ишончи масъулият ҳиссини сезишга қодир ёшларга қаратилаётгани бежиз эмас. Қолаверса, ёш авлод қадрлангани учун ҳам масъулиятни сезяпти. Қадрланган йигит-қизлар ишончни оқлашга интилади, яратади, бунёд этади. Бунга ўтган ўн йиллик қисқа, аммо тарихий тараққиёт йўлимиз мисол бўла олади.
Давлатимиз раҳбари нутқда эътироф этган тўртинчи ғоя ривожланишда миллийлик ва умуминсонийлик тамойилларининг уйғунлиги масаласидир. Бугунги дунёнинг чуқур маънавий инқирозга учраб бораётгани, глобаллашувнинг инсоният тақдирига кўрсатаётган таъсири, миллийлик ва умуминсонийлик тамойиллари тарафдорлари ўртасидаги ғоявий-мафкуравий курашлар барчамизни сергаклантирмоқда.
Қайд этганимиздек, бугунни деб кечани, ўтмишни деб келажакни унутиш тараққиётга тўсиқ бўлади. Жонажон она тилимизни ривожлантирмай, миллий тарихимизни ўрганмай, қадриятларимизга ҳурмат бажо келтирмай келажак тўғрисида бонг уриш фойдасиз. Шунингдек, ҳозирги глобал оламда якка яшашнинг ҳам иложи йўқ. Дунё ҳамжамияти билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш, янги технологиялар, таълим, соғлиқни сақлаш, замонавий инфратузилмалар яратиш борасида ҳамкорлик қилиш ҳам бугуннинг талабига айланган.
Бунинг учун миллийлик ва умуминсонийлик тамойилларининг соғлом ўзаро уйғунлигига эришиш мақсадга мувофиқ. Бундай уйғунлик миллийликка салбий таъсир кўрсатмайди. Аксинча, маърифатли дунёнинг ранг-баранглигини таъминлайди. Одамлар, давлатлар, турли мафкуралар, тамаддунлар ўртасидаги ишончни таъминлайди. Натижада миллий ўзлигимизни сақлаб қолган ҳолда халқаро жараёнларда чуқур ва кенг интеграция қилиш имконига эга бўламиз.
Давлатимиз раҳбари келгуси ўн йиллик мамлакатимиз учун миллий юксалиш даври бўлишини таъкидлади ва инсон қадрини юксалтиришдаги 7 та миллий дастур амалга оширилишини таъкидлади. Ҳақиқатан, келгуси ўн йилликда янги Ўзбекистон ўз тараққиётининг мутлақо янги даврига қадам қўяди. Бунинг учун, биринчидан, бизда барча иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маънавий-мафкуравий имконият мавжуд. Иккинчидан, бизда ўтган ўн йиллик тараққиёт тажрибаси бор. Учинчидан, халқимиз адолатли, халқпарвар сиёсат, давлатга ишонч туфайли мазкур ўзгаришлардан манфаатдор бўлиб турибди. Ана шуларнинг барчаси миллий юксалиш даври мамлакатимиз ва миллатимиз тақдирида муҳим босқич бўлишига ишонч уйғотмоқда.
Хўш, миллий юксалиш даври натижасида янги Ўзбекистонда қандай ўзгаришлар рўй беради? Уни тасаввур этиш қийин эмас деб ўйлайман. Албатта, бу бўйича ҳали давлат дастурлари қабул қилинади, янги даврнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилади. Шу маънода, фикримча, янги даврнинг асосий сифат ўзгаришлари қуйидагилардан иборат бўлади:
Биринчидан, мамлакатимиз раҳбари илгари сурган иккита энг устувор ғоя — “Инсон қадрини юксалтириш” ва “Давлат — инсон учун” ғояларининг рўёби мукаммал тарзда намоён бўлади. Ҳозир айрим пайтларда мазкур ғояларнинг амал қилиш механизми муайян қийинчиликлар, баъзан маъмурий тўсиқлар туфайли бузилиш ҳолатлари юзага келаётган бўлса, янги даврнинг охирига бориб, бундай ғоялар ҳар бир давлат ташкилоти, муассасалар фаолиятининг асосига айланди.
Бундан ташқари, инсон қадрини юксалтириш ва давлатнинг одамларга ғамхўрлиги ҳам давлат ташкилотлари, ҳам жамият фуқароларида англанган эҳтиёж, бажарилиши шарт бўлган вазифага айланади. Натижада миллий юксалиш даври охирига бориб ижтимоий адолат тамойилларига амал қилиш заруратдан ҳақиқатга айланади.
Иккинчидан, Конституциямизда инсоннинг сиёсий ва бошқа ҳуқуқ ҳамда эркинликларини амалга ошириш, давлат органларининг демократик асосда шаклланишини таъминлаш, жамиятнинг эркин сиёсий тизимини шакллантиришга кўмаклашиш, умуман демократик эркинликларни кучайтириш, фуқаролик жамияти тузилмалари ролини оширишга кенг эътибор берилган.
Бу борада қамровли ишлар қилиняпти. Аммо бу жараёнда фуқароларнинг иштироки ижтимоий фаолликка айланиши суст кечяпти. Шу маънода, келгуси ўн йилда жамият том маънода ислоҳотларнинг ташаббускорига айланади. Айниқса, инклюзив қарорлар қабул қилиш амалиёти кенгаяди. Муайян масалани ҳал этиш, муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда жамиятдаги барча манфаатдор томонларнинг эҳтиёжлари, фикрлари ва ҳуқуқларини ҳисобга олган ҳолда инклюзив қарорлар қабул қилиш амалиёти давлат ва жамият ҳаётидаги шаффофликни янада оширади.
Учинчидан, мамлакатимиз ўз иқтисодий имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланишга ўтмоқда. Ялпи ички маҳсулот ҳажми муттасил ортмоқда. Барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш орқали янги Ўзбекистон даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олишга интилмоқда. Буларнинг барчаси халқимизнинг кўз ўнгида рўй бермоқда ва турмуш тарзи, фаровонлигида акс этмоқда.
Миллий юксалиш даврида эса сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт каби йўналишлар ривожланади. Мамлакатимиз раҳбари қайд этганидек, бу йўналишларга миллий руҳ берилади. Натижада креатив иқтисодиёт жамиятда катта ижтимоий ҳаракатга айланади. Бу орқали 10 миллион йигит-қизимиз рақамли индустрия ва келажак касбларига олиб кирилади. Натижада Ўзбекистон технология соҳаларида жаҳонга илғор ташаббусларни таклиф қиладиган таъсирчан марказга айланади.
Тўртинчидан, одамларнинг тафаккур тарзида жиддий эврилишлар юз беради. Аслида, бундай ўзгаришлар аллақачон бошланган. Бироқ халқаро глобал ўзгаришлар жамият аъзоларининг онги ва тафаккурига янгидан янги таҳдидлар хавф солмоқда. Ахлоқсизлик кўринишлари кўпайиб бормоқда. Қадриятлар қадрсизланмоқда. Бундан, шубҳасиз, бутун жамият жабр кўрмоқда.
Шунинг учун ҳам миллий юксалиш даврида таълим, илм-фан, маданият, соғлиқни сақлаш, умуман ижтимоий масалаларга эътибор янада кучайиши туфайли янги Ўзбекистонда янгича ижтимоий-маънавий муҳит шаклланади. Бундай муҳитнинг асосини эса адолат, инсонпарварлик, эзгулик, ўзаро ҳурмат, ижтимоий ҳамкорлик каби фазилатлар эгаллайди.
Албатта, янги даврда кўзланган ютуқларга эришиш осон бўлмайди. Бунинг учун тинимсиз изланиш, янги истеъдодларни топиш, тараққиётнинг инновацион усулларига амал қилиш керак.
Хўш, шу нуқтаи назардан миллий юксалиш даври маънавиятининг муҳим жиҳатлари нималардан иборат бўлади?
Биринчидан, ҳар бир янги давр ўзига хос ва мос тарбия ҳамда маънавият тизимини талаб қилади. Миллий юксалиш даври жамиятнинг ҳар бир аъзосидан ўз “маънавий чўққиси”ни белгилаб олишни талаб қилади. Инсоннинг маънавий чўққиси ақл-заковат ва билим билан уйғунлашмас экан, у қуруқ насиҳатдан иборат бўлиб қолаверади. Қуруқ насиҳат эса самараси кам, вақтни бефойда ўтказишдан иборат тадбирбозлик холос.
Биз янги маънавий юксалиш тўғрисида бонг урсагу, иқтисодиётда коррупция ҳолатларига йўл берсак, сиёсатда бефарқ бўлсак, воқеа-ҳодисаларни таҳлил қилиш амалиётига эга бўлмасак, ижтимоий масалаларда ҳафсаласизликка йўл қўйсак, маънавий ҳаётда давомий мудрасак, бу билан келажак тўғрисидаги орзуларимиз ўй-хаёлдан бўлак нарса бўлмай қолади. Маънавий чўққи — инсоннинг ўзини ўзгартира олишга даъват этадиган маънавий мероснинг реал ҳодисага айланиши, жамият миллий руҳиятининг жонланиши, эзгулик, гўзаллик ва адолат ҳақидаги умумий тушунчаларнинг шахс фаолиятидаги ҳал қилувчи мезонлар тарзда амал қилиши, асрий донишмандлик, маданий меросдан фойдаланган ҳолда ўзини жамиятнинг ҳал қилувчи кучи сифатида намоён этишга қодир бўлган етуклик даражаси.
Иккинчидан, миллий юксалиш даврида биз маънавиятсизлик, ёшлар тарбиясидаги хатоларни тузатишга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. “Маънавиятсизлик ва ахлоқсизлик, — дейди давлатимиз раҳбари, — ҳар қандай жамиятни таназзул сари етаклаши, давлат сиёсати ва бошқарувини кучсизлантириши, коррупция, жиноятчилик ва ахлоқсизлик каби иллатларнинг илдиз отишига сабаб бўлиши билан боғлиқ мисолларни инсоният тарихидан кўплаб келтириш мумкин”.
Анъанавий ўзбек миллий маънавий кодининг тикланиши, унинг адолат, инсонийлик, эзгулик, ватанпарварликка йўғрилган ғоялар билан янада бойиши ва мустаҳкамланиши миллий юксалиш даврида янада катта, салмоқли ютуқларга эришишимизга имкон беради.
Учинчидан, биз ҳозиргача асосан алоҳида олинган шахсни, конкрет маънода, ҳар бир бола, йигит-қизни индивидуал тарбиялашга ҳаракат қилдик. Уларнинг ҳар бирига “ақлли бўлиш”, “катталарга ҳурмат кўрсатиш”, “яхшилардан ўрнак олиш”, “кексаларга салом бериш” ва ҳоказоларни ўргатиб келдик. Ҳеч шубҳасиз, ёшлар тарбиясида бундай ёндашув керак. Аммо энди бизга кўпроқ жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланган, худбин дунёқараш ўрнида ватан ва миллат тақдирига масъулият ҳис этадиган, шахсий ва жамоат манфаатларини уйғунлаштиришга қодир йигит-қизлар зарур. Айнан улар билан миллий юксалиш даврида олдимизга қўйилган мураккаб вазифаларни ҳал эта оламиз.
Тўртинчидан, миллий юксалиш даври ёшлари истеъмолчилик кайфиятидан қутулиб, бунёдкорлик салоҳиятига эга жамият аъзоларига айланиши лозим. Бундай ёшлар хаёлот дунёсидан чиқиб, ҳаққоний дунёга кириб боради. Қимтиниб ўтирадиган одамлардан янгилик яратувчи, ташаббуслар ва янги ғоялар ишлаб чиқувчи, баҳсга кирувчи, таҳлил қилувчи, тафаккур қилувчи шахсга айланади.
Бешинчидан, кучли миллий юксалиш кучли маънавиятни талаб қилади. Миллий юксалиш даврига маънавий-руҳий қувват берадиган кучли маънавиятнинг моҳияти нималардан иборат? Назаримизда, у, энг аввало, масалага амалий-прагматик нуқтаи назардан муносабатда бўлишни тақозо этади. Кимдандир эшитган, қаердадир ўқиган ва кўрган нарсаларини реал ҳаётга, ҳаракат ва фаолиятга айлантириш кучли маънавиятнинг ибтидосидир.
Кучли маънавият инсонда маънавий-руҳий эҳтиёжни шакллантиради. Эҳтиёж йўқликда етишмаётган ва қондирилганда енгиллик ҳиссини уйғотадиган хатти-ҳаракатдир. У — шахс фаоллиги манбаи. У туфайли истак ва таассуротлар пайдо бўлади. Миллий юксалиш даври маънавияти жамиятда маънавий юксалиш билан уйғун юз беради.
Дарҳақиқат, миллий юксалиш даври олдимизга юксак марраларни қўймоқда. Уларни уддалаш муайян қийинчиликларни бартараф этишни талаб қилади. Бироқ меҳнаткаш ва заҳматкаш ўзбек халқи минг йилликлар қаърида қандай қийинчиликларни бошдан кечирмади, дейсиз! Миллий юксалиш олдимиздаги катта синов, турли сиёсий, ғоявий-мафкуравий тартибсизликлар даврида ўзликни сақлаб қолиш, тенглар ичида тенг бўлиб, тараққиётнинг янги босқичига чиқиб олишдир. Бу йўлда бизга ҳамроҳ, ишончли маслаҳатчи, содиқ дўст — кучли маънавият. Фақат кучли маънавият билангина миллий юксалиш даври бунёд этилади.
Абдухалил МАВРУЛОВ,
тарих фанлари доктори, профессор