Жамиятнинг тарихий хотирасини тиклаш, цивилизациялар тараққиётининг ички қонуниятларини англаш ва инсон тажрибасининг узвийлигини очиб беришда археологик ёдгорликлар ва осори атиқаларнинг ўрни алоҳида.
Моддий маданият намуналари орқали халқларнинг шаклланиш жараёни,
маданий алоқалари, иқтисодий муносабатлари ва маънавий қарашлари ҳақида илмий
асосланган хулосалар чиқариш мумкин. Бу эса миллий ўзликни англаш жараёнини
аниқ илмий далилларга таянган ҳолда мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ЎзФА Антропология институти директори, тарих фанлари доктори Фарҳод
МАҚСУДОВ билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
— Археологияни фақат тарихни ўрганиш воситаси сифатида тушуниш тўғри
эмас. У, аввало, ўтмишни илмий асосда тиклашга хизмат қиладиган фундаментал
фан. Археологик манбалар эса ёзма манбалар етишмайдиган ёки умуман мавжуд
бўлмаган даврлар ҳақида ишончли маълумот берувчи асосий далиллардир, — дейди
Ф.Мақсудов. — Шу билан бирга, археология миллат ўзлигини англаш ва намоён этишда
ҳам беқиёс аҳамиятга эга. Чунки археологик топилмалар орқали халқимизнинг
қадимий илдизлари, маданий мероси, давлатчилик анъаналари ва тараққиёт йўли
яққол намоён бўлади. Бу эса жамиятда тарихий хотирани мустаҳкамлаш, миллий
ғурур ва ифтихор туйғусини шакллантиришга хизмат қилади. Бироқ бу ўринда муҳим
жиҳатни таъкидлаш жоиз: археология илм сифатида ҳар қандай ғоявий ёки сиёсий
талқинлардан холи бўлиши, фақат далил ва илмий таҳлилга асосланиши керак.
Шундагина у ҳақиқий тарихни тиклаш ва миллатнинг ўзлигини соғлом, илмий асосда
намоён этишида қўл келади.
— Антропология институтида
бугун эътиборга молик қандай ишлар қилинмоқда?
— Институтимиз 2019 йили Миллий археология маркази сифатида ташкил
этилган. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси
Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
қарорига кўра, у Антропология институти деб номланди. Айни пайтда институтимиз
олимлари 20 га яқин археологик ёдгорликда тадқиқотлар ўтказмоқда. Инсониятнинг
ўтмишини тиклаш, тарихий ҳақиқатни аниқлаш ва маданий меросни асраб-авайлаш
ҳамда келгуси авлодга бус-бутун етказишда ушбу тадқиқотларнинг ўрни алоҳида.
Қазув ишларининг кенг қамровда бажарилиши ва маданий меросни сақлашга
қаратилган саъй-ҳаракатлар тарих ва замонавий тараққиёт ўртасида мустаҳкам
кўприк ўрнатишга хизмат қилмоқда.
Археология бугун илм-фан ва давлат сиёсати ўртасида муҳим стратегик
бўғин сифатида намоён бўлмоқда. Бир томондан у ўтмишни илмий асосда ўрганадиган
фундаментал фан бўлса, иккинчи томондан давлатнинг маданий меросни сақлаш,
миллий ўзликни мустаҳкамлаш ва туризмни ривожлантириш сиёсатида амалий аҳамият
касб этмоқда.
Давлат сиёсатида археологияга қаратилаётган эътибор, энг аввало,
ҳуқуқий ва институционал асосларни мустаҳкамлашда намоён бўлаётир. Археологик
ёдгорликларни муҳофаза қилиш ва давлат муҳофазасига олиш, ноқонуний қазиш
ишларининг олдини олиш каби чоралар орқали маданий меросни сақлаш тизими
шакллантириляпти. Бу эса археологияни фақат академик соҳа эмас, балки миллий
хавфсизлик ва маданий суверенитет масаласи даражасига кўтармоқда. Масалан,
Ахсикентда археологик парк ташкил этилган. Бу ишлар нафақат илм-фан, балки
туризм ва маданий сиёсат учун ҳам муҳим натижа бермоқда. Археология фақат
ўтмишни ўрганиш эмас, балки келажакни шакллантиришда ҳам фаол иштирок этадиган
соҳага айланган.
— Соҳада қандай замонавий
технологиялар қўлланяпти? Улар археология ривожига нечоғлиқ ҳисса қўшяпти?
— Бугун археологияда GIS, дронлар, 3D моделлаштириш, радиокарбон
таҳлил ва геофизик усуллар кенг қўлланяпти. Жумладан, Миллий археология маркази
Антропология институти деб қайта номлангандан сўнг илмий бўлимлар тубдан ислоҳ
қилинди ва қайта номланди. Хусусан, энди институтда археологик антропология,
геоантропология, тарихий антропология ва ижтимоий-маданий антропология
бўлимлари фаолият юритмоқда. Шунингдек, Антропология институти таркибида янги —
археологик геофизика бўлими ташкил этилди ва таркиби геофизик мутахассислар
билан тўлдирилди. Ушбу бўлим замонавий геофизик технологиялар ёрдамида
археологик ёдгорликларнинг ер ости маданий қатламлари ва қурилма шакллари,
чуқурлик ва ҳолатини аниқлаб, анъанавий қазиш ишлари самарадорлигини ошириш
ҳамда нотўғри қазиш ортидан келадиган хавфларни камайтиришга хизмат қилади.
Маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий тадқиқотларни аниқ ва кенг
қамровда амалга оширишда ушбу усуллар алоҳида аҳамиятга эга. Бу технологиялар
археология мазмунини ўзгартирмаяпти, балки уни янада аниқ ва комплекс фанга
айлантирмоқда.
— Институтнинг халқаро
лойиҳалардаги иштирокига ҳам тўхталсангиз.
— Халқаро лойиҳаларда иштирок этиш археология соҳаси учун жуда катта
илмий, методологик ва амалий имкониятлар яратади. Биринчидан, бу миллий археологияни жаҳон илмий маконига интеграция
қилиш имконини беради. Яъни маҳаллий тадқиқотлар фақат ички доирада эмас, балки
халқаро илмий стандартлар, замонавий ёндашувлар ва янги технологиялар асосида
амалга оширилади.
Иккинчидан, халқаро
ҳамкорлик орқали замонавий лаборатория усуллари, GIS технологиялари, 3D
моделлаштириш, масофадан зондлаш каби илғор методлар амалиётга тезроқ жорий
этилади. Бу эса археологик тадқиқотлар аниқлиги ва илмий қийматини оширади.
Учинчидан, бундай лойиҳалар
кадрлар тайёрлашда ҳам муҳим. Ёш тадқиқотчилар ва мутахассислар халқаро
экспедицияларда иштирок этиб, тажриба орттиради, илмий мактаблар ўртасида билим
алмашинуви кучаяди.
Тўртинчидан, халқаро
лойиҳалар археология натижаларининг глобал даражада тан олинишига хизмат
қилади. Бу эса мамлакатнинг илмий нуфузи ва маданий меросига қизиқишни оширади.
Масалан, АҚШ университетлари билан ҳамкорликда Тўғонбулоқ ёдгорлигида
ўтказилган тадқиқотлар 2024-2025 йилларда дунёдаги энг етакчи археологик
лойиҳалар қаторига киритилди.
— Сўнгги йилларда қандай муҳим
кашфиётлар қилинди?
— Энг муҳим кашфиётлар сирасига Тўғонбулоқ ва Тошбулоқ
ёдгорликларидаги тадқиқотларни киритиш мумкин. Бу ерда олинган маълумотлар
тоғли ҳудудларда ҳам қадимда ривожланган жамоалар ва шаҳарлашув жараёни мавжуд
бўлганини кўрсатди.
Шунингдек, Ахсикент ва Кофирқалъадаги тадқиқотлар шаҳар маданияти ва
бошқарув тизимлари ҳақида янги маълумотлар бермоқда. Бу натижалар Марказий Осиё
тарихи бўйича илмий қарашларни кенгайтирмоқда. Замонавий фаннинг ривожланиш
самарадорлиги ва унинг тўғри йўналишда илғорлаб бораётгани бугун махсус илмий
йўналиш — илмметрия орқали баҳоланяпти. Илмметрия фанни миқдорий усуллар ва
илмий ахборотларни статистик қайта ишлаш орқали ўрганадиган йўналиш бўлиб,
илмий тадқиқотларнинг маҳсулдорлиги, таъсири ва ривожланишини нашрлар сони,
иқтибослар даражаси ҳамда илмий таъсир кўрсаткичлари орқали таҳлил қилади.
Бунда Scopus ва Web of Science каби халқаро индексланган базаларда эълон
қилинган мақолалар ва улардан олинган иқтибослар кўрсаткичи алоҳида аҳамият
касб этади. Шу нуқтаи назардан, 2025 йил якунига кўра, Антропология институти
олимлари 17 та илмий мақола чоп эттириб, ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасидаги
етакчи илмий ташкилотлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. 2030 йилга қадар
ҳар бир илмий ходимнинг йилига камида бир марта Scopus ёки Web of Science
базаларида индексланган нуфузли журналларда мақола чоп эттириши бўйича аниқ
стратегия ишлаб чиқилган. Қатор тадқиқотлар замонавий илмнинг ривожланиш
мезонларига ҳам мос равишда илгарилаб бораётганини таъкидлаш мумкин.
— Археологик ёдгорликларни
сақлашда қандай муаммолар учрамоқда?
— Ўзбекистонда археологик ёдгорликларни сақлаш масаласи давлат сиёсати
даражасига кўтарилган бўлса-да, амалиётда қатор объектив ва тизимли муаммолар
сақланиб қолмоқда.
Биринчидан, антропоген
таъсир, яъни инсон омили билан боғлиқ бузилишлардир. Қишлоқ хўжалиги
майдонининг кенгайиши, қурилиш ишлари ва инфратузилма лойиҳалари баъзи ҳолларда
археологик қатламларга салбий таъсир кўрсатаётир.
Иккинчидан, ноқонуний
қазишмалар ва “қора археология” ҳанузгача жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Бу эса
фақат моддий йўқотиш эмас, балки тарихий маълумотнинг йўқолиши демакдир.
Учинчидан, молиявий ва
техник ресурслар чеклангани ҳам долзарб масала. Археологик тадқиқотлар катта
маблағ, замонавий лаборатория ускуналари ва малакали кадрларни талаб қилади.
Тўртинчидан, табиий омиллар
— иқлим ўзгариши, ер эрозияси, шамол ва намлик таъсири ҳам кўплаб ёдгорликлар
учун хавф туғдирмоқда. Айниқса, очиқ сақланаётган иншоотлар вақт ўтиши билан
табиий емирилишга учрамоқда.
Бешинчидан, кадрлар ва
жамоатчилик иштирокининг етарли даражада эмаслиги ҳам айрим ҳолларда сезилади.
Археологик мерос фақат мутахассислар эмас, балки маҳаллий аҳоли, таълим тизими
ва кенг жамоатчилик иштирокида сақлангандагина қадрли бўлади.
Сўнгги йилларда бу йўналишда ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.
Жумладан, ёдгорликларни давлат муҳофазасига олиш, рақамлаштириш, GIS
тизимларини жорий этиш ва музейлаштириш ишлари кенгаяётир.
— Ёш археологлар учун қандай
имкониятлар мавжуд?
— Ёшлар археологик экспедицияларда иштирок этиб, амалиёт ўтаяпти.
Шунингдек, халқаро лойиҳалар, грантлар ва стажировкалар орқали замонавий
методларни ўзлаштириш имконига эга. Масалан, Германия, АҚШ, Италия ва бошқа
давлатлар университетлари билан ҳамкорликдаги археологик дастурлар ёш
мутахассисларга замонавий методлар — GIS, 3D моделлаштириш, радиокарбон таҳлил
ва рақамли археология бўйича тажриба орттириш имконини бермоқда. Рақамли
археология ва замонавий технологиялар жорий этилиши натижасида янги йўналишлар
пайдо бўлди. Бу ёшлар учун нафақат дала ишларида, балки лаборатория таҳлиллари,
рақамли моделлаштириш ва илмий маълумотларни қайта ишлаш соҳасида ҳам
иқтидорини намойиш этиш имконини бермоқда. Ёш тадқиқотчилар Scopus ва Web of
Science каби базаларда индексланган журналларда мақолалар чоп эттириб, илмий
фаолиятини глобал даражага олиб чиқиш имконига эга.
— Институт олдида турган
режалар хусусида ҳам тўхталсангиз.
— Келгусидаги режаларимиз, аввало, археологияни анъанавий қазишма фани
доирасидан чиқариб, комплекс, фанлараро ва юқори технологик тадқиқотлар
тизимига айлантиришга қаратилган. Бу йўналишлар 2035 йилгача бўлган стратегик
дастур доирасида белгиланган бўлиб, фундаментал ва амалий блоклардан иборат.
Фундаментал йўналишларда асосий эътибор жамият ва табиий муҳит
ўртасидаги муносабатларни чуқур ўрганишга қаратилган. Жумладан,
геоантропологик, археоботаник, археозоологик ва биоархеологик тадқиқотлар
асосида инсоннинг экологик мослашуви, табиий ресурслардан фойдаланиш динамикаси
ҳамда маданий ландшафтларнинг шаклланиш қонуниятлари ўрганилади. Шу билан
бирга, урбанизация жараёни, шаҳар маданияти ривожланиши, ижтимоий табақаланиш
ва маданий трансформациялар динамикаси ҳам комплекс таҳлил қилинади.
Археогеофизик усуллар ва рақамли моделлаштириш орқали қадимий шаҳарлар ва
меъморий иншоотларнинг тарихи топографияси ҳам қайта тикланади. Хусусан, жорий
йилда University of Warsaw билан ҳамкорликда янги археологик лаборатория
очилади. Бу орқали тадқиқотларни халқаро даражага олиб чиқиш мақсад қилинган.
Келгуси режаларимиз археологияни глобал илм-фан тизимига тўлиқ
интеграция қилиш, замонавий технологиялар билан бойитиш ва халқаро ҳамкорликни
янги босқичга олиб чиқишга қаратилган. Бу эса нафақат илмий натижаларни
кучайтириш, балки Ўзбекистон археология мактабини жаҳон даражасидаги етакчи
марказлар қаторига олиб чиқишга хизмат қилади.
— Давлатимиз раҳбарининг шу йил
26 майдаги “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш
тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонида Антропология институти олимлари
олдига қандай вазифалар қўйилган?
— Фармонда илмий кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишларини
мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт мақсадлари билан боғлаш белгиланган. Бу
эса антропологик тадқиқотларнинг аҳамиятини янада оширади. Энди докторантлар
мавзуларини шакллантиришда уларнинг мамлакат учун амалий аҳамияти, ижтимоий
эҳтиёжларга жавоб бериши ва аниқ натижа кўрсатишига катта эътибор қаратилади.
Натижада қатор янгиланишлар кўзда тутилмоқда. Аввало, ёш
тадқиқотчиларни тайёрлаш тизими халқаро талабларга мослаштирилади.
Докторантларнинг илмий раҳбарлари билан ишлаш механизми такомиллаштирилиб,
уларнинг халқаро илмий мактаблар билан ҳамкорлиги кенгаяди. Илмий натижаларни
нуфузли халқаро журналларда чоп эттириш, замонавий тадқиқот усулларини
ўзлаштириш ва рақамли технологияларни кенг жорий этишга алоҳида аҳамият
берилади.
Фармоннинг муҳим жиҳатларидан бири илм-фан ва амалиёт ўртасидаги
боғлиқликни кучайтиришдир. Хусусан, амалий докторантура дастурининг жорий
этилиши илмий тадқиқотларнинг реал эҳтиёжлар билан уйғунлашувига хизмат қилади.
Антропология соҳасида бу демографик таҳлиллар, миграция жараёнлари, этномаданий
меросни ўрганиш, жамоаларнинг ижтимоий ривожланиши ва инсон омили билан боғлиқ
давлат дастурларига илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш имкониятини
кенгайтиради.
Шунингдек, илмий кенгашлар фаолиятини модернизация қилиш ва
диссертациялар сифатига қўйилаётган талабларнинг оширилиши соҳада рақобат
муҳитини кучайтиради. Бу эса илмий даражаларнинг нуфузини ошириб, ҳақиқатан ҳам
янги билим ярата оладиган тадқиқотчиларни шакллантиришга хизмат қилади.
Бугун антропология соҳасида археология, тарих, генетика, геоахборот
тизимлари, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни бирлаштирган кўп
тармоқли тадқиқотлар долзарб аҳамият касб этмоқда. Янги сиёсат ана шундай
интеграциялашган ёндашувларни қўллаб-қувватлайди.
Умуман олганда, мазкур фармонни Ўзбекистон илм-фани ривожида муҳим
бурилиш нуқтаси деб баҳолаш мумкин. Унинг амалий натижалари яқин йилларда илмий
кадрлар сифати ошиши, халқаро майдонда рақобатбардош тадқиқотлар сони кўпайиши
ва илм-фаннинг мамлакат тараққиётидаги ўрни янада мустаҳкамланишида намоён
бўлади. Антропология институти эса ушбу жараёнларнинг фаол иштирокчиларидан
бирига айланиши шубҳасиз.
“Янги Ўзбекистон”
мухбири
Рисолат МАДИЕВА
суҳбатлашди.