Бу фикрлар Ўзбекистон Президентининг 2026 йил апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори муқаддимасида қайд этилган. Қарор билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ғоявий-бадиий концепция ва дастур тасдиқланди ҳамда шу негизда юртимиз бўйлаб энг улуғ ва энг азиз байрамимиз тадбирлари ўтказилмоқда.
Конституция ва
Ўзбекистоннинг ягона халқи
Истиқлол байрамининг ушбу бош ғояси ўз маъно-мазмунига кўра 2023 йил
30 апрелда янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизнинг туб моҳиятига
батамом уйғун.
“Ягона халқ” — ўзбек халқи, Ўзбекистон халқи. Истиқлол арафасидаёқ
ишлаб чиқишга киришилган ва 1992 йил 8 декабрда мустақил халқимиз ва суверен
давлатимиз қабул қилган Конституциямизда қайд этилганидек, “Ўзбекистон халқини
миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”.
Ўз навбатида, 2023 йил 30 апрелда референдум ўтказиш орқали қабул
қилинган янги таҳрирдаги Конституциямиз “Ўзбекистоннинг ягона халқи” деган
янада ҳаққоний тушунча билан бойитилди. Таъбир жоиз бўлса, “ягона халқ”
тушунчасининг мазмун-моҳиятини Ватанимизда доимий асосда яшаб келаётган
фуқаролар ва барча заминдош инсонлар ташкил этишига оид реал воқеа Асосий
қонунимизнинг бошқа моддаларида изчил ривожлантирилгани ҳар қандай таҳсинга
лойиқ.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 23-моддасига кўра “Ўзбекистон Республикаси
ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга
ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди. Ўзбекистон Республикаси фуқароси
Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб
юборилиши мумкин эмас. Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни
сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ
ғамхўрлик қилади”.
Шундай ғамхўрликка битта амалий мисол. Гап шундаки, мамлакатимизда
пахтачиликда бозор иқтисодиёти тамойиллари жорий этилиб, соҳа ўз эгасининг
тасарруфига берилди. Натижада ўқитувчи мактабга, шифокор шифохонага қайтди,
тадбиркорлар пахта “ўлпони”дан озод бўлди, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига
чек қўйилди.
Бугунги Ўзбекистон — кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги халқимиз ҳам
кечаги, яъни пахта даласидан бошқа ташвиши бўлмаган халқ эмас. Бугун янги
Ўзбекистоннинг даври, ягона Ўзбекистон халқининг янгича замони келди.
Кейинги ўн йилда янги Ўзбекистонни барпо этишда Президентимиз
ташаббуси, яъни “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга
хизмат қилиши керак”, деган инсонпарвар ғояга таянилмоқда. Бундай ғояга
демократик ёндашув ҳам айнан халқимиз манфаатларига хизмат қилмоқда.
Маҳалла — жамиятнинг
юзи
Мамлакатимиздаги барча ўзгаришлар, аввало, маҳаллада ўз ифодасини
топади. Бинобарин, Ўзбекистонда шундай тизим яратилдики, илгари жиддий деб
ҳисобланган кўплаб масалаларга ечим энди айнан маҳалланинг ўзида топиляпти.
Шу маънода, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мамлакатимизда 2026
йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон
қилингани бежиз эмас. Зеро, давлатимиз раҳбари ишонч билан қайд этганидек,
маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла
ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади.
Жорий йил давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқлари,
таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизими — барча-барча соҳани
ривожлантиришда туб бурилиш йили сифатида кўзга ташланмоқда. Бу ҳаётий
ҳақиқатнинг тасдиғи учун айрим мисолларни келтирамиз.
Янги таҳрирдаги Конституциямизга асосан давлат зиммасига юклатилган
ижтимоий мажбуриятларни бажариш ҳамда юртимизда ижтимоий давлат барпо этиш
борасида ҳам улкан ишлар қилинмоқда. Хусусан, конституциявий ислоҳотлар
ўтказилган даврда мамлакатимизда камбағаллик даражаси 14 фоиз эди. Бугун бу
кўрсаткич 5,8 фоизга туширилди. Ваҳоланки, мамлакатимизда янги Ўзбекистон
ислоҳотлари бошланган даврда камбағаллик даражаси қарийб 35 фоизни ташкил
этарди. Ўтган даврда 8,5 миллион эҳтиёжманд фуқаронинг даромадини ошириш
ҳисобига бугун ана шундай муҳим натижага эришилди.
Ўзбекистонда аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги сезиларли даражада
ошди. Маълумотларга кўра, 2025 йил якунлари бўйича бу кўрсаткич 75,4 ёшни
ташкил этган. Истиқлолнинг илк даври — 1991 йилда эса мамлакатда ўртача умр
кўриш давомийлиги 66,4 ёш бўлган. Демак, ўтган 35 йилда халқимизнинг ўртача умр
кўриш даражаси нақ тўққиз йилга узайибди.
Яна бир муҳим рақам: Миллий статистика қўмитаси маълумотига қараганда,
2026 йил 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 38 миллион
382 минг 685 кишини ташкил этган. Жорий йил июнь охирида эълон қилинган
рўйхатга олиш натижаларига кўра эса, юртимиз аҳолиси 39 миллион нафардан ошган.
Яъни мамлакатимизда аҳоли сони 1989 йилдаги рўйхатга олиш натижаларига нисбатан
2 баробар ортган. Бу рақам истиқлол йилларида халқимиз нуфуси икки карра
кўпайганидан далолат беради.
Янги Ўзбекистонда туризм соҳаси жадал ривожланиб, тарихий рекордларни
янгиламоқда ва юртимизга бир ойнинг ўзида 1 миллион сайёҳ келиши одатий ҳолга
айланмоқда. Мамлакатимизга келган хорижлик сайёҳлар сони 2025 йилда қарийб 12
миллионга етгани ва жорий йилнинг биринчи ярмида 6,5 миллиондан ортиқни ташкил
этгани бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Шу маънода, Ўзбекистонда 35 йиллик мустақиллик даврида қўлга
киритилган энг асосий ютуқлар, аввало, миллий давлатчилик асосларини қуриш,
иқтисодий суверенитет, инфратузилма мустақиллиги ва глобал дунёга
интеграциялашув билан боғлиқлиги бежиз эмас. Бунда, аввало, давлатчилик ва
суверенитетни шакллантириш, ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш йўналишларида
қатор муҳим тарихий натижаларга эришилди.
Бу ҳақда фикр юритганда, Ўзбекистон мустақиллик йилларида турли
соҳаларда эришган бемисл ютуқларнинг аксарияти охирги ўн йилга тўғри келишини
алоҳида эътироф этиш керак. Янги Ўзбекистондаги энг асосий ютуқлар иқтисодий
эркинлик, халқаро очиқлик, давлат хизматларининг рақамлашиши ва ижтимоий
соҳадаги туб бурилишлар билан чамбарчас боғлиқ.
Жаҳон сиёсатининг
фаол ва ташаббускор субъекти
Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳар бир инсоннинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш учун миллий ва халқаро институтларга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланди.
Конституциявий шикоят институти конституциявий даражада мустаҳкамланиб,
фуқаролар Конституциявий судга бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлди.
Жаҳон мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб инсон ҳуқуқлари бўйича миллий
институтларнинг мақоми конституциявий даражада таъминланди.
Янада муҳими, сўнгги йилларда янги Ўзбекистон жаҳон сиёсатининг
объекти эмас, балки том маънода фаол ва ташаббускор субъектига айланди. Зеро,
ХХ аср бошидан яқин даврларгача Ўзбекистон жаҳон сиёсати объекти бўлган ва унга
нисбатан гоҳ “яқин хориж”, гоҳ “хомашё базаси”, гоҳ эса “постсовет ҳудуди” каби
беписанд “ёрлиқ”лар қўлланиб келингани сир эмас.
Кейинги ўн йилда мамлакатимиз жаҳон сиёсатида бошқаларнинг ортидан
эргашадиган ташаббуссиз объект ҳолатидан дадил чиқиб олди. Эътиборли жиҳати,
дунёда кескин геосиёсий ўзгаришлар юз бераётган бугунги мураккаб шароитда янги
Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга иқлимни муҳофаза қилиш, “яшил иқтисодиёт”ни
жорий этиш, фуқаросизликка барҳам бериш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш каби турли
соҳаларда янги ғоя ҳамда ташаббусларни тақдим этаётган жаҳон сиёсатининг фаол
акторидир.
Эътибор беринг: мамлакатимиз БМТнинг фуқаросизликни бартараф этиш бўйича
тавсияларини бажариш борасида тарихий ютуққа эришди. Гап шундаки, 1991 йилдан
2016 йилгача бор-йўғи 482 киши Ўзбекистон фуқаролигини олган бўлса, 2017 йилдан
2026 йилгача 85 мингдан ортиқ киши Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлди. Бу
кўрсаткич мамлакатимиздаги инсонпарвар сиёсат жамиятнинг ҳамма қатламини қамраб
олиш ва инсон қадр-қимматини том маънода ҳурмат қилишга қаратилганини баралла
намоён этади.
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 15
та резолюция қабул қилинди. Бу ҳақда сўз борганда БМТ Бош Ассамблеяси 2026 йил
июлда Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган “Ижтимоий ривожланишни
жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияни
қабул қилган.
Мазкур ҳужжатга дунёнинг барча минтақасини ифодаловчи, БМТга аъзо 61
давлат ҳаммуаллиф бўлди. Бу Ўзбекистоннинг ижтимоий ривожланиш, Барқарор
ривожланиш мақсадларига эришиш ва парламент дипломатиясини ривожлантиришга
қаратилган ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганини
тасдиқлайди.
Бу ҳужжат Ўзбекистоннинг парламент ролига оид биринчи ташаббуси эмас.
Бундан аввал, 2022 йил 14 декабрда ҳам БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон
ташаббуси билан “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда
парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги махсус резолюция қабул
қилинган.
Давлатимиз раҳбари минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича
ҳам қатор ташаббусларни илгари сурди. Марказий Осиё давлатлари бугун долзарб
бўлган минтақавий масалаларни очиқ ва самимий муҳокама қила бошлади. Натижада
халқаро сиёсий луғатда минтақавий тараққиётни таъминлашга хизмат қилувчи ўзига
хос моделни акс эттирадиган “Марказий Осиё руҳи”, “Янги Марказий Осиё”
атамалари шаклланди.
Янги Ўзбекистон глобал масалалар муҳокама қилинадиган халқаро мулоқот
майдони сифатида ўзини яққол намоён этаётгани алоҳида таҳсинга сазовор. БМТнинг
тенг ҳуқуқли ва тўлақонли аъзоси сифатида Ўзбекистон тенглик, ҳамкорлик, кўп
томонламалик ва халқаро сиёсий тизимни ҳимоя қилиш принципларига сўзсиз амал қилишини
намойиш этмоқда.
Сўнгги вақтларда халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, янги
глобал қуролли тўқнашувларнинг олдини олиш, мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни
йўлга қўйиш, глобал мулоқот, глобал ҳаракатлар ва бутун дунёда инсон
ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби ғояларни фаол илгари сурмоқда.
Инсон қадри улуғ, ҳуқуқлари
дахлсиз
Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” деган инсонпарвар ғоя давлат
сиёсатининг бош мезони сифатида қарор топди. Энди ҳар бир қонун, қарор ва
дастур, аввало, инсон манфаатига хизмат қилиши, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини
таъминлаши, муносиб ҳаёт шароитини яратиши лозим.
Ўз навбатида, инсон ҳуқуқлари замонавий цивилизация тараққиёти
даражасини кўрсатиб турувчи мезондир. Афсуски, дунёда содир бўлаётган
ижтимоий-иқтисодий инқирозлар, геосиёсий ўзгаришлар ва қуролли можаролар инсон
ҳуқуқлари масалаларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ — қонун
талаблари ва инсон ҳуқуқлари — биз учун олий қадрият”. Янги Ўзбекистонни барпо
этиш билан боғлиқ янгича ислоҳотлар шароитида “инсон, унинг ҳуқуқлари,
эркинликлари, айниқса, қадри — энг муҳим қадрият” деган тамойил эътироф
этилмоқда.
Президентимиз ташаббуси асосида ишлаб чиқилган “Инсон ҳуқуқлари —
2030” стратегияси лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан қизғин
қўллаб-қувватлангани бежиз эмас.
Бу — янги Ўзбекистон тарихида инсон ҳуқуқлари бўйича иккинчи Миллий
стратегиядир.
“Инсон ҳуқуқлари — 2030” стратегияси лойиҳаси 12 бобдан иборат. Унда:
— Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг жорий ҳолат тавсифи;
— Стратегиянинг мақсад ва вазифалари;
— Инсон ҳуқуқлари стратегиясини амалга оширишнинг асосий принциплари;
— Инсон ҳуқуқлари стратегиясини амалга ошириш механизмлари бўйича
чора-тадбирлар дастури;
— Стратегияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар;
— Стратегияни амалга оширишни мониторинг қилиш ва ҳисобот бериш
тартиби;
— Стратегияни амалга оширишнинг молиявий ва ресурс таъминоти;
— Стратегияни амалга ошириш самарадорлигини баҳолаш механизми каби
масалалар ўз ифодасини топган.
Муҳими, “Инсон ҳуқуқлари — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича
чора-тадбирлар дастури 4 устувор йўналишдан иборат “натижа” кўрсаткичлари ва
“бевосита фаолият натижаси” кўрсаткичларини қамраб олган. Бу ўринда:
биринчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий қонунчиликни такомиллаштириш;
иккинчидан, аҳолининг эҳтиёжманд тоифалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
ҳамда инклюзив ва ижтимоий адолатли жамиятни шакллантириш;
учинчидан, инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтириш ва инсон ҳуқуқлари
соҳасидаги таълим тизимини ривожлантириш;
тўртинчидан, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро
ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва халқаро мажбуриятлар ижросини таъминлашдан иборат
устувор йўналишлар ҳақида сўз бормоқда.
Шундай қилиб, “Инсон ҳуқуқлари — 2030” стратегияси тасдиқлангач, унда
белгиланган устувор йўналишлар ижросининг тўлиқ ҳамда ўз вақтида таъминланиши,
шубҳасиз, янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш
механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Учинчи Ренессанс —
стратегик вазифамиз
Сўнгги йилларда мамлакатимиз, минтақамиз, бутун сайёрамиз миқёсида
тинчликни сақлаш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, маънавият ва маърифатни
ривожлантириш, экологияни муҳофаза қилиш, шунингдек, илғор инновациялар,
замонавий технологиялар ва “яшил иқтисодиёт”ни чуқур татбиқ этиш орқали
барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида том маънода бемисл самараларга
эришилмоқда. Ушбу натижаларнинг барчаси инсон қадрини улуғлашга қаратилгани
билан ниҳоятда аҳамиятли.
Мамлакатимиз 2028 йилда илк илмий сунъий йўлдошини фазога учиришни
режалаштирмоқда. Мазкур лойиҳанинг Мирзо Улуғбек номи билан аталиши ва у
нафақат космик технологияларни ривожлантириш, балки миллий-илмий мактабни
шакллантириш ва ёш мутахассисларни тайёрлашга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистонимизнинг биринчи миллий космонавтини қисқа
муддатли космик парвозга тайёрлаш ишлари ҳам бошланиб кетди.
Ватанимиз, халқимиз, миллатимиз намояндалари юксакларга парвоз қилиш
ҳақида, фазо ва коинот, юлдузлар ва сайёралар кашфи хусусида анчадан буён
ўйламай ва интилмай, таъбир жоиз бўлса, орзу ҳам қилмай қўйганди, назаримда. Бу
ўринда, аввало, шоҳ ва олим бобомиз Мирзо Улуғбек ҳазратлари замонаси назарда
тутилмоқда.
Истиқлолнинг 35 йиллиги катта байрам қилинаётган жорий йилда
Соҳибқирон Амир Темур, Мир Алишер Навоий боболаримизнинг қутлуғ таваллуд
айёмлари ҳам кенг нишонлангани замирида ўзига хос рамзий маъно мужассам. Зеро,
улуғ аллома аждодимиз Абу Райҳон Берунийнинг “Вақт пиллапояси чексиздир,
бир-бирининг ўрнини эгаллаб борадиган авлодлар зинадан зинагача кўтариладилар,
холос. Жамланган тажрибани ҳар бир авлод ўзидан кейин келаётган, ўзидан кейин
уни тараққий эттирадиган ва бойитадиган навбатдаги авлодга етказиб беради”,
деган пурҳикмат фикрлари бор. Бу бебаҳо фикрларни изчил ривожлантириш асносида
Биринчи ва Иккинчи Шарқ Уйғониш даври — ана шу икки Ренессанс том маънода
инсоният тараққиётининг олтин пиллапоялари сифатида тарих саҳифаларига
муҳрланган.
Шарқнинг бутун инсоният тарихидаги нодир ижтимоий ҳодиса бўлган ҳар
икки Ренессанси буюк аждодларимизнинг илм-маърифат ва кучли эътиқод, диний
бағрикенглик ва инсонпарварлик борасидаги эзгу ғоялари билан йўғрилган эди. Бу
ғоялар Ўзбекистон мустақиллиги йилларида алоҳида, янада теран маъно-мазмун касб
этиб бормоқда.
Мамлакатимизда Учинчи Ренессансни ХХ асрда маърифатпарвар жадидлар
амалга ошириши мумкин эди. Бу фидойи ва жонкуяр зотлар бутун умрини миллий
уйғониш ғоясига бағишлаб, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш,
миллатимизни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар
этган.
Шукрки, Президентимиз ташаббуси билан янги Ўзбекистонда янги Уйғониш
даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад этиб белгиланди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Биз Учинчи Ренессанс масаласини стратегик
вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз”.
Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон
Республикаси
Миллий маркази
директори,
академик