Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси маълум қилишича, Давлатобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда «Мирзо» лақабли гуруҳ етакчиси ўзининг «Абобек» ва «Маҳач» лақабли шериклари билан бирга фуқарога тан жароҳати етказиб, уни мунтазам таҳқирлаб келгани аниқланган.

Терговга кўра, гумонланувчилар жабрланувчини калтаклаш ва таҳқирлаш жараёнини видеога олиб, талаб қилинган пулни олиб келмаган тақдирда ушбу тасвирларни интернетда тарқатиш билан қўрқитган. Шу тариқа улар мавжуд бўлмаган қарзни фуқаро зиммасига юклаб, ундан пул ундиришга уринган.

Тезкор тадбир давомида «Мирзо» лақабли гуруҳ етакчиси компьютер клубида жабрланувчидан талаб қилинган 400 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси иккинчи қисми «б» банди (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу шахсларнинг ҳаракатларидан жабрланган фуқароларни 102 ёки (69) 227-11-92 телефон рақамлари орқали мурожаат қилишга чақирди. Мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.