Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар қилди.
Маълум қилинишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига кирувчи Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон, Чортоқ ва Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаларида тиббий ўлчаш ва синаш воситаларининг метрологик кўрикдан ўтказилиши ҳамда улардан беморларни текшириш жараёнида фойдаланиш ҳолатлари таҳлил қилинган.
Ўрганишлар давомида қатор қонунбузилишлар аниқланган. Хусусан, айрим тиббий асбоб-ускуналар белгиланган муддатларда метрологик кўрикдан ўтказилмаган ҳолда хизмат кўрсатилган. Шунингдек, нархномага киритилган, аммо амалда фойдаланилмаган материаллар учун истеъмолчилардан қарийб 300 миллион сўм миқдорида асоссиз маблағ ундирилгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳудудий бошқарманинг Махсус комиссияси томонидан «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари талаблари бузилгани бўйича иш қўзғатилди.
Кўриб чиқиш якунига кўра, тиббиёт муассасаларига истеъмолчилардан асоссиз ундирилган маблағларни белгиланган тартибда қайтариш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.