Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Навоий шаҳри бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда 13 та МЧЖнинг масъул шахслари ва бошқалар ўзаро тил бириктиргани маълум бўлди.
Тергов маълумотларига кўра, улар 4,5 триллион сўмлик маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақида сохта электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирган. Шунингдек, гўёки савдодан тушган маблағларни назорат-касса машиналари орқали кирим қилиб, маҳсулотлар фуқароларга сотилгани ҳақида харид чекларини шакллантирган.
Натижада 105 524 нафар фуқаро номига «Soliq Mobile» иловаси орқали жами 34,8 миллиард сўм миқдорида кешбэк ҳисобланиб, ноқонуний равишда ўзлаштирилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни тайёрлаш, қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.