Бу ҳақда “Дунё” АА “Reuters” агентлигига таяниб хабар бермоқда.
Ҳимолай дарёсига лой ва тош массасининг қулаши натижасида сув ва вайроналар оқими йўллар, уйлар ва инфратузилмани ювиб кетган. Непалда камида 165 киши ҳалок бўлди. Маҳаллий ҳокимият идоралари қурбонлар сони янада ортиши мумкинлигини маълум қилди.
Мамлакатда 826 киши, жумладан, 500 га яқин хорижлик бедарак йўқолган. Қаердалиги номаълум бўлган сайёҳ ва зиёратчилар орасида Ҳиндистоннинг 177 нафар, АҚШнинг 63 нафар, Австралиянинг 34 нафар, Буюк Британиянинг 33 нафар ва Канаданинг 25 нафар фуқароси бор. Тибетнинг Жирўнг ҳудидида 558 киши, жумладан 260 нафар хорижлик бедарак йўқолган. Хитой расмийлари уч киши ҳалок бўлганини маълум қилди.
Қидирув-қутқарув амалиётига 5 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи ва полиция ходими жалб этилган. Бугун қутқарувчилар 125 киши, жумладан, 20 нафар хорижликни топиб, эвакуация қилди. Жабр кўрган ҳудудларга чодирлар, озиқ-овқат ва бошқа зарурий воситалар етказилмоқда.
Қутқарув ишларини янги сув ва лой кўчкилари хавфи ҳамда прогноз қилинаётган ёмғирлар мураккаблаштирмоқда. Бедарак йўқолганлар орасида ҳиндуийлар ва буддистлар учун муқаддас саналган Кайлас тоғи ва Манасаровар кўлига кетаётган зиёратчилар ҳам бор.
Ўзбекистоннинг Деҳлидаги (айни пайтда Непалда ҳам фаолият юритади) элчихонаси маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда фалокат оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида ватандошларимиз тўғрисида маълумот келиб тушмаган. Мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхонаси тегишли идоралар билан доимий алоқада бўлиб, вазият ривожини мунтазам кузатиб бормоқда.