6 октябрь соат 17:00 дан 7 октябрь соат 10:00 гача шаҳар бўйича PM2.5 заррачаларининг ўртача миқдори 43,5 мкг/м³, PM10 миқдори эса 97,2 мкг/м³ ни ташкил этган. Ҳаво сифати индекси (AQI) ўртача 117 бўлиб, бу сезгир гуруҳлар учун ноқулай даражага тўғри келади.
Миллий индексация бўйича PM2.5 кўрсаткичи яшил, PM10 эса сариқ даражада қайд этилган. 7 октябрь соат 10:00 да PM10 миқдори шаҳар бўйича ўртача ҳисобда «зарғалдоқ» даражага кўтарилган.
Қайд этилишича, бунга шамол тезлигининг тахминан 1 м/с гача пасайиши ва тунги кучли ҳарорат инверсияси сабаб бўлган.
6 октябрь соат 23:00 дан 7 октябрь соат 08:00 гача ҳарорат инверсияси кузатилган. Бу даврда ҳароратлар ўртасидаги фарқ 1,8–6,7 даражани ташкил этган.
Бундай шароитда ерга яқин қатламдаги совуқ ҳаво юқорироқдаги илиқ ҳаво қатлами остида қолиб, ҳаводаги ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишини чеклайди.
Маълум қилинишича, бу ҳолат қисқа муддатда, айниқса тунги ва эрталабки соатларда, ҳафта охирига қадар яна кузатилиши мумкин. Ҳолат махсус комиссия томонидан мониторинг қилинмоқда.