Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари вилоят божхона ва ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда контрабанда йўли билан мамлакатга олиб кирилган гиёҳвандлик моддаси аниқланди.

Тезкор маълумот асосида Ургут туманида яшовчи, 1973 йилда туғилган фуқаронинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, у ҳовлисига соф оғирлиги 4 килограмм 988 грамм бўлган опий моддасини кўмиб қўйгани аниқланди. Тақиқланган модда ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Иккинчи ҳолат Хоразм вилоятида аниқланди. Давлат хавфсизлик хизматининг вилоят бошқармаси, божхона ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қўшни давлатдан олиб келинган гиёҳвандлик моддаси фош этилди.

«Сурхондарё — Хоразм» йўналишида ҳаракатланаётган «Кобальт» русумли автомобиль «Саримой» блок-постида тўхтатилди. Автомобилда Термиз шаҳрида яшовчи, 1989 йилда туғилган икки нафар фуқаро бўлган.

Уларнинг мобил телефонлари кўздан кечирилганда, А380 халқаро автомобиль йўлининг Бухоро вилояти Ромитан тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида гиёҳвандлик моддаси яширилгани маълум бўлди. Кўрсатилган жойдан 539 грамм опий моддаси олинди.

Аниқланишича, гумонланувчилар гиёҳвандлик моддасини Хоразм вилоятида сотишни режалаштирган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.