Президентимиз иштирокидаги йиғилиш, учрашув, қабул, ташриф, тақдимот ҳамда бошқа тадбирлар мазмун-моҳиятини бир уринишда очиб бериш, мақсадини тўлиқ ифода эта билиш осон иш эмас.
Халқ манфаатига хизмат қилаётган лойиҳалар
Президентимиз
3-4 май кунлари Самарқандда бўлиб ўтган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг
59-йиллик йиғилишида иштирок этди. Форумнинг бош мавзуси “Тараққиёт чорраҳалари: минтақанинг ўзаро боғлиқ келажагини илгари суриш”
эканини инобатга олсак, у глобал ва минтақавий иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш учун муҳим халқаро платформа вазифасини ўтади, дейишга асослар етарли.
Иштирокчилар бирламчи эътиборни “яшил” трансформация, энергетик ўтиш, рақамлаштириш, инвестицияларни жалб қилиш,
озиқ-овқат хавфсизлиги, саноатда етказиб бериш занжирларининг барқарорлиги каби масалаларга қаратди.
Саммитда 100 дан ортиқ мамлакат делегациялари, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки,
Халқаро валюта жамғармаси, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ва бошқа институтлар раҳбарлари ва хорижий ҳукуматларнинг 2000 га яқин вакили,
етакчи компания ва банклар, трансмиллий корпорациялар топ-менежерлари ҳамда нуфузли экспертлар иштирок этди.
Ўзбекистон Президенти Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши 59-йиллик йиғилишининг очилиш маросимида нутқ сўзлаб,
бундай нуфузли анжуманнинг юртимизда ўтказилаётгани Ўзбекистонга ғурур ва ифтихор бағишлашини таъкидлади. Буюк тарих ва ёрқин келажакни ўзида мужассам этган янги Ўзбекистон халқаро миқёсдаги долзарб масалалар муҳокама этиладиган йирик масканга айланиб бораётганини қайд этди.
Давлатимиз раҳбари кенг кўламли ислоҳотлар натижаларига батафсил тўхталиб, мамлакатимиз охирги ўн йилда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда энг катта ижобий ўзгариш қилган беш давлатдан бири бўлганига алоҳида тўхталди. Сўнгги йилларда иқтисодиётимизга 150 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилиб, минглаб замонавий корхоналар ишга туширилди.
Бу даврда товар ва хизматлар экспорти 3 карра ўсди, миллий
иқтисодиёт ҳажми эса 50 миллиарддан 147 миллиард долларга етди.
— Энг муҳими,
ислоҳотларимизда ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётини яхшилашга
асосий эътиборни қаратдик. Биз ўтган даврда 8,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли
даромадини ошириб, камбағаллик даражасини қарийб 35 фоиздан бугунги кунда 5,8
фоизга туширишга эришдик, — деди Президентимиз.
Мамлакатимиз етакчиси нуфузли анжуман доирасида хорижий делегациялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Жумладан, Осиё тараққиёт банки президенти Масато Канда, Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Ку Юн Чхоль, Япония молия вазири Сацуки Катаяма, “ACWA Power” компанияси раҳбари Муҳаммад Абунайян бошчилигидаги делегацияларни қабул қилди. Учрашувларда шериклик алоқаларини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Энг катта куч, энг катта бойлик
Келинг,
ойнинг асосий байрамларидан бири 9 май — Хотира ва қадрлаш куни мавзусини лирик
чекиниш билан бошласак. 1 май куни Президентимиз “Буюк Британия фуқаролари —
марҳум Жон ва Филлис Эмили Ле Бретонларни Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик”
ордени билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Матни унча катта
бўлмаган ҳужжатда, жумладан, бундай дейилади:
“Иккинчи жаҳон уруши
даврида, ғоят таҳликали вазиятда, ўз ҳаётларини жиддий хавф-хатарга қўйиб
бўлса-да, Жерси оролидаги фашистлар концлагеридан қочиб чиқишга муваффақ бўлган
ўзбекистонлик аскар Боқижон Акрамовга ўз уйларидан жой бериб, унинг жонини
асраб қолганлари ҳамда улкан жасорат ва инсонпарварлик фазилатларини намоён
этганлари, дунё халқлари ўртасида тинчлик, дўстлик ва биродарлик ғояларини
тарғиб этишда алоҳида ўрнак кўрсатганлари учун...”.
Иккинчи жаҳон уруши
йилларида бошланган ушбу воқеа бугун Ўзбекистон ва Буюк Британия халқлари
ўртасидаги дўстлик ва инсоний қадриятлар рамзига айланган. У BBC ва
Британиянинг бошқа етакчи оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг ёритилди.
Оддий ўқитувчи Боқижон
Акрамов урушга сафарбар этилгач, жанглардан бирида асир олинган ва концлагерга
жўнатилган. 1942 йил июлда у 2000 асир билан бирга Жерси оролига олиб келиниб,
ер ости туннеллар қурилишига жалб этилган. Узоқ давом этган очлик ва оғир
синовларга қарамай, асирликдан қочишга муваффақ бўлган.
Ле Бретонлар оиласи эса
қочқин аскарга ўз уйидан бошпана бериб, уни деярли уч йил фашистлардан яшириб
келган. 1945 йил майда Боқижон Акрамов ўз Ватани — Ўзбекистонга қайтиб келган.
Иккинчи жаҳон уруши даврида содир бўлган ушбу воқеа орадан 80 йилдан ортиқ вақт
ўтган бўлса-да, халқлар ўртасидаги инсонийлик ва ўзаро меҳр тимсоли сифатида
қадрланмоқда. Мамлакатимизнинг юксак давлат мукофоти марҳум оиланинг Жерси
оролида истиқомат қилаётган фарзандлари — Далси ва Алан Ле Бретонларга
тантанали равишда топширилди.
* * *
Иккинчи жаҳон урушининг
аччиқ тарихи, у олиб келган мислсиз кулфат ва мусибатлар инсоният хотирасидан
ўчгани йўқ. Аксинча, бу мудҳиш хотиралар бизга тинчлик ва осойишталик нақадар
бебаҳо неъмат эканини доимо эслатиб туради.
Ўзбекистон
Президенти 8 май куни пойтахтимиздаги Ғалаба боғига ташриф буюриб, сана
муносабати билан ташкил этилган хотира маросимида иштирок этди. Давлатимиз
раҳбари боғдаги “Миллат фидойилари” хиёбонида ҳам бўлиб, мустақиллик йилларида
мамлакатимиз ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи ва ҳуқуқ-тартибот
идоралари ходимлари хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
— Бир йил олдин мана шу
ҳудудда “Миллат фидойилари” мажмуасини барпо этганимиз, албатта, бежиз эмас. У
Ватан ҳимояси ҳар бир авлоднинг муқаддас иши экани, ватанпарварлик анъаналари
давомийлигини эслатиб туради, — деди Президентимиз.
Шу куни Президентимиз
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини зиёрат қилиб,
байрам билан табриклади. Қуролли Кучлар Бош ҳарбий клиник госпиталида Акмал ота
Акрамов, Вера Журавская, Ҳасанбой ота Халматов ва Владимир Алексейков билан
дилдан суҳбатлашди. Нуронийларнинг ҳол-аҳволи ва саломатлиги билан қизиқди.
Уларнинг машаққатли ҳаёт йўли ҳамда кўрсатган жасоратларини алоҳида эътироф
этди.
Шунингдек, давлатимиз
раҳбари Ўзбекистон халқига байрам табриги йўллади. Унда янги Ўзбекистонда инсон
қадрини улуғлаш, хусусан, уруш ва меҳнат фахрийлари, кекса авлод вакилларини
ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг соғлом ва мазмунли ҳаёт кечириши учун
зарур шароит яратишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши белгиланди.
Ўзбекистон етакчиси 9 май
куни Москва шаҳрида Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 81 йиллигига бағишланган
тантанали тадбирларда иштирок этди.
Савдо, иқтисодиёт, инвестиция ва экология
Қозоғистон Президенти
Қосим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан мамлакатимиз етакчиси 15 май куни
амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Туркистон шаҳрида Туркий давлатлар
ташкилотининг “Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш” мавзусидаги норасмий
саммитида иштирок этди. Йиғилишда савдо-иқтисодиёт, инвестиция,
транспорт-коммуникация ва экология соҳаларида минтақавий ҳамкорликни янада
кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Президентимиз саммитдаги
нутқида кўп қиррали муносабатларга тизимли тус бериш бўйича олдинда долзарб
вазифалар турганини қайд этди. Қолаверса, саммитнинг сунъий интеллект ва
рақамли ривожланиш мавзусига бағишлангани ҳам бежиз эмас.
— Ўлкаларимизда яшаб ижод
қилган улуғ боболаримиз — Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон
Беруний, Мирзо Улуғбек алгоритм, математика, астрономия ва физика фанлари
равнақига беқиёс ҳисса қўшиб, шу тариқа ҳозирги сунъий интеллект ривожи учун
асос яратганлар. Биз аждодларимизнинг ана шундай бебаҳо меросига таяниб, бугун
Туркий дунёнинг янги рақамли тараққиёт даврини барпо этяпмиз, — деди Шавкат
Мирзиёев.
Президентимиз ушбу
йўналишда ҳамкорликни ривожлантириш учун қатор аниқ ташаббусларни илгари сурди.
Тадбир якунида Туркистон декларацияси қабул қилинди.
Амалий ташриф доирасида
мамлакатимиз етакчиси Қозоғистон раҳбари билан бирга Туркистон шаҳридаги янги
масжид билан танишди. Ўзбекистон томонидан бунёд этилган мажмуанинг умумий
майдони 7 гектардан зиёд. Унда 5000 дан ортиқ киши намоз ўқиши мумкин. Муҳташам
ансамбль тўртта 70 метрли минора ҳамда асосий зал ва анъанавий айвонларни
қамраб олган уч қаватли бош бинодан иборат.
Туркий давлатлар
ташкилотининг норасмий саммити доирасида давлатимиз раҳбари Қирғиз Республикаси
Президенти Садир Жапаров ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип
Эрдоған билан учрашув ўтказди. Самимий мулоқотлар давомида олий даражада
эришилган муҳим келишувлар ижроси юзасидан фаол мулоқот ва алмашинувлар давом
этаётгани, вазирлик ва идоралар ўртасида янгича тизим яратилгани натижасида кўп
қиррали ҳамкорлик алоқалари самарали ривожланаётгани қайд этилди.
* * *
Ўзбекистон
Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг
таклифига биноан 29 май куни ушбу мамлакатга иккинчи бор ташриф буюрди.
Мамлакатимиз етакчиси Остона шаҳрида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг
навбатдаги йиғилиши тадбирларида кузатувчи давлат раҳбари мақомида иштирок этди
ва нутқ сўзлади.
Президентимиз нутқининг
аввалида ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил равишда
кенгайтириш ва чуқурлаштириш мамлакатимиз ташқи иқтисодий сиёсатининг энг муҳим
йўналишларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади. ЕОИИ давлатлари билан ўзаро
ҳамкорлик комплекс иқтисодий шериклик тусини олганини билдирди.
Жорий йилда Евроосиё
иқтисодий комиссияси билан уч йиллик Ҳамкорлик режасини амалга ошириш якунига
етаётгани билдирилди. Шу муносабат билан куз фаслида Тошкент шаҳрида ўтказилиши
режалаштирилган Евроосиё иқтисодий комиссияси билан қўшма ишчи гуруҳнинг
навбатдаги йиғилиши доирасида янги режани қабул қилиш таклиф этилди.
Давлатимиз раҳбари
Ўзбекистон кооперация бўйича “ягона дарча” форматида Евроосиё иқтисодий
комиссияси билан ҳамкорликда шерикларни танлайдиган, эркин саноат зоналар
негизида ташаббусларни қўллаб-қувватлайдиган, молиялаштиришни жалб этишга
кўмаклашадиган қўшма лойиҳа офисини очишга тайёрлигини билдирди.
—
ЕОИИ давлатларидан келадиган юқори технологияли резидентлар учун қўшимча
рағбатлантирувчи шароитларни ишлаб чиқишга тайёрмиз, — деди Ўзбекистон
Президенти.
Энергия самарадорлигини
ошириш, тоза технологияларни жорий этиш ва маҳсулотларнинг углерод сиғимини камайтиришга
қаратилган Саноатни “яшил” трансформация қилиш қўшма дастурини қабул қилиш
бўйича таклиф ҳам илгари сурилди. Қўшма “яшил” лойиҳалар портфелини
шакллантириш, молиялаштиришнинг янги механизмларини ривожлантириш, сунъий
интеллект технологияларини қўллаш орқали саноатнинг устувор тармоқларини
модернизация қилиш амалий чора-тадбирлар сифатида дастурдан ўрин олиши мумкин.
— Бу эндиликда
мамлакатларимиз учун нафақат экологик кун тартибидаги масала, балки саноатнинг
узоқ муддатли рақобатдошлигини таъминлайдиган муҳим омилга айланмоқда, — деди
Ўзбекистон етакчиси.
Туризм
соҳасида юртимиз томонидан “Марказий Осиё туристик ҳалқаси” ташаббуси илгари
сурилгани қайд этилди. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари ЕОИИ давлатларини
мазкур туризм йўналишини оммабоп рақамли платформаларда биргаликда илгари
суришга қўшилишга таклиф қилди.
Ҳар қачонгидан ҳам долзарб масала
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 17-18 май кунлари амалий ташриф билан Боку шаҳрида бўлди. БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури шафелигида ўтказилган Бутунжаҳон урбанизация форуми 13-сессиясининг Етакчилар саммитида иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Форумда шаҳарларни
барқарор ривожлантириш, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш, шаҳар муҳити
сифатини ошириш, иқлим барқарорлиги ва уй-жойни молиялаштириш механизмларини
такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон етакчиси
форумнинг “Барча учун уй-жой: хавфсиз ва барқарор шаҳарлар ҳамда ҳамжамиятлар”
мавзуси жадал урбанизация шароитида бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият
касб этаётганини таъкидлади. Таҳлилларга кўра, XXI аср ўрталарига бориб,
сайёрамиз аҳолисининг қарийб 70 фоизи шаҳарларда истиқомат қилади. Давлатимиз
раҳбари урбанизация жараёнининг жадаллашуви ижтимоий муаммоларни ҳам
кучайтираётганини қайд этди.
— Оддий қилиб айтганда,
урбанизация жараёнлари глобал барқарорлик ва хавфсизликка тўғридан тўғри таъсир
кўрсатувчи жиддий омилга айланмоқда, — деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз ҳудудларни
ободонлаштириш ва аҳоли турмуши сифатини оширишда маҳалла институти муҳим ўрни
тутишини таъкидлади. “Янги Тошкент” мегалойиҳасига алоҳида тўхталди.
Келтирилишича, унда “яшил”, “ақлли”, “хавфсиз”, “15 дақиқали” шаҳар тамойиллари
тўлиқ ҳисобга олинган. Биринчи босқичнинг ўзида қиймати 25 миллиард доллардан
ортиқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бошланган.
100 тага етади, — деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистон Президенти
қатор халқаро ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, кичик ва ўрта шаҳарларни
уйғун ривожлантириш мақсадида “мутаносиб урбанизация” тамойилларини кенг жорий
этишга чақирди. Халқаро “Ақлли ва хавфсиз шаҳарлар альянси”ни ташкил этиш
ташаббусини билдирди. Тузилма шаҳар бошқарувини рақамли трансформация қилиш
соҳасида технологиялар, стандартлар ва энг яхши тажрибалар билан алмашиш учун
платформа вазифасини бажаради.
Ёшлар ва аҳолининг
эҳтиёжманд қатламларини сифатли ҳамда арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида
2027 йилда Самарқанд шаҳрида уй-жой қурилишига молия ва инвестицияларни жалб
этишдаги янгича ёндашувлар юзасидан халқаро форум ўтказиш таклиф қилинди.
Экологик барқарор шаҳарларни ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида
БМТ-Ҳабитатнинг “Яшил шаҳар” халқаро мукофотини таъсис этиш ҳам яна бир муҳим
ташаббус бўлди.
Шунингдек, Ўзбекистон
Президенти Бутунжаҳон урбанизация форумининг 15-сессиясини 2030 йилда Янги
Тошкент шаҳрида ўтказишни ва унинг бош мавзусини “Шаҳарларнинг барқарор
ривожланишида маҳалла институтининг ўрни” деб номлашни таклиф қилди.
Боку шаҳрига амалий
ташриф доирасида давлатимиз раҳбари Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Сербия
Республикаси Президенти Александр Вучич, БМТ Бош котибининг ўринбосари, БМТнинг
Аҳоли пунктлари бўйича дастури (БМТ-Ҳабитат) ижрочи директори Анаклаудия
Россбах билан учрашув ўтказди.
Ғамхўрлик ва инсонпарварлик ифодаси
27 май куни дунё мусулмон
олами муборак Қурбон ҳайити байрамини нишонлади. Шу муносабат билан 20 майда
Президентимиз “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади
ҳамда сана арафасида Ўзбекистон халқига байрам табриги йўллади.
Қарорда мамлакатимизда
ижтимоий давлат барпо этиш, юртдошларимиз ўртасида меҳр-оқибатни кучайтириш,
ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, ҳеч кимни меҳр ва эътибордан четда
қолдирмаслик борасида бу байрамнинг безавол анъаналари биз учун куч-ғайрат ва
илҳом манбаи бўлиб хизмат қилиши қайд этилиб, халқимизнинг байрамни мазмунли
ўтказиши учун қўшимча дам олиш кунлари белгиланди.
Табрикда эса тинчлик,
меҳр-оқибат ва саховат байрами — Ийд ал-Адҳа муқаддас динимиз моҳиятида
мужассам бўлган эзгу ғоя ва амалларни яққол ифода этган ҳолда, ҳозир мамлакатимизда
инсонпарварлик руҳидаги кенг кўламли ислоҳотларимизнинг маъно-мазмунига уйғун
ва ҳамоҳанг экани билан барчамиз учун янада азиз ва қадрли бўлиб бораётгани
таъкидланди.
“Кўп миллатли юртимизда
осойишталик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёрдамга муҳтож
инсонлар, муҳтарам нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш,
маҳалла ва хонадонларни обод қилишга қаратилган ишларимизда Қурбон ҳайитининг
эзгу анъаналари куч-ғайрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлаш
лозим”, дейилади табрикда.
Шунингдек, яна бир ҳужжат
— “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан
қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги
қарорда эса халқимизга хос меҳр-оқибат, инсонпарварлик, шукроналик, саховат ва
бағрикенглик каби эзгу фазилатларни мужассам этган муборак Қурбон ҳайити
кунлари аҳолини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш мақсадлари мужассам.
Жумладан, айрим тоифадаги
беморларнинг тиббий текширувдан ўтиш, жарроҳлик амалиёти ва даволаниш
харажатларини қоплаш, оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга
чалинган 10 минг бола, онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхис
қўйилган 2300 беморни жарроҳлик амалиёти орқали даволаш ва бошқа кўплаб
йўналишлар назарда тутилди.
Бундан ташқари,
Президентимиз 21 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, шайх
Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат муборак Қурбон
ҳайити арафасида, юртдошларимиз ҳаж амалларини адо этаётган қутлуғ кунларда
бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари муфтий
ҳазратлари орқали муқаддас Макка шаҳрида бўлиб турган барча ҳожиларимизни
Қурбон ҳайити билан самимий табриклаб, уларнинг элу юртимиз тинчлиги, халқимиз
фаровонлиги, ёшларимизнинг бахту саодати йўлида қилаётган эзгу дуо ва илтижолари
қабул бўлишини тилади. Зиёратчиларимизнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида
сўради, ибодатларни бажариши учун ташкилий ишларнинг бориши билан қизиқди.
Муфтий шайх Нуриддин Холиқназар Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчиларимиз учун барча зарур шарт-шароитлар яратилаётгани, ташкилий ишлар уюшқоқлик билан ўтаётганини таъкидлади. Бундан қалбида шукроналик ҳисси жўшган юртдошларимиз муқаддас жойларда туриб, Яратгандан мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб дуолар қилаётганини маълум қилди.
* * *
Давлатимиз раҳбари
томонидан май ойида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича амалга
оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, тиббий хизматлардан
фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг сифати ҳамда самарадорлигини
ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат бошқаруви ва назорат тизимини
замонавий талаблар асосида ташкил этиш мақсадида қатор ҳужжатлар ҳам имзоланди.
Мамлакат тарихида ёрқин саҳифа очган қаҳрамонлар
Яна
бир неча кундан кейин миллионлаб спорт мухлислари кутган футбол бўйича
навбатдаги жаҳон чемпионатига старт берилади. 11 июндан 19 июлга қадар давом
этадиган тўрт йилликнинг асосий баҳсларида илк бор Ўзбекистон миллий терма
жамоаси ҳам иштирок этади. Бугун ўзбек футболи дунё ареналарида ҳар қандай
рақибга муносиб қаршилик кўрсата оладиган даражага етди.
Мамлакатимиз етакчиси 22
май куни футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари, мураббийлар
штаби, соҳа фахрийлари ва спорт жамоатчилиги вакиллари билан учрашув ўтказди.
— Футболчиларимизни
Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очган замонамиз қаҳрамонлари деб айтсак
арзийди. Улар халқимизга олам-олам қувонч бағишлади, — деди давлатимиз раҳбари
терма жамоанинг АҚШ, Мексика ҳамда Канада майдонларида ўтадиган жаҳон
чемпионатига йўлланма олгани халқимиз учун тарихий воқеа бўлганини таъкидлаб.
Учрашувда миллий терма
жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро бошчилигидаги мураббийлар штаби фаолияти
ҳам алоҳида қайд этилди. Президентимиз жаҳон чемпионатида осон ўйин
бўлмаслигини, миллий терма жамоа Португалия, Колумбия ва Конго каби кучли
жамоаларга қарши майдонга тушишини таъкидлади.
—
Эл-юртимиз сизларга ишонади, Президент сизларга ишонади. Боринглар, мардонавор
ўйнанглар, Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилинглар, — деди давлатимиз раҳбари.
Шунингдек, мамлакатимиз етакчиси Ўзбекистон миллий терма жамоасини жаҳон чемпионатига кузатиш маросимида иштирок этди. Юртимизда футбол аллақачон ҳар бир оиланинг дўстига айланганини таъкидлаб, спортчиларимиз эришаётган ютуқлардан руҳланган фарзандларимиз орасидан ҳам келажакда янги чемпионлар етишиб чиқишига ишонч билдирди.
*
* *
Давлатимиз раҳбари
ҳузурида май ойида йигирмадан ортиқ тақдимот ва жорий кун тартибидаги долзарб
мавзуларга бағишланган йиғилишлар бўлиб ўтди. Президентимиз ўнга яқин хорижий
нуфузли делегацияларни қабул қилди ва бир қатор хорижий етакчилар билан телефон
орқали мулоқот ўтказди.
Бундан ташқари,
29-Евроосиё иқтисодий саммити, Осиё хотин-қизларининг иккинчи форуми, Туркий
давлатлар ташкилоти Судьялар кенгашлари раҳбарларининг IV йиғилиши
иштирокчиларига, Ахалтака отлари бўйича “Шарқ марвариди — 2026” жаҳон
чемпионати ғолибларига ва мамлакатимиз мактабларини битирувчи ўғил-қизларимизга
табрик йўллади.
28
майда Ўзбекистон Президенти “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан
бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унга кўра, ўзининг кўп
йиллик самарали илмий-ижодий фаолияти, ёрқин ва бетакрор истеъдоди билан
халқимизнинг маданий, бадиий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, миллий
маънавиятимизни бойитиш, мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини
ривожлантириш, асрий анъаналаримиз, бой меросимизни асраб-авайлаш ва янги
Ўзбекистонни жаҳон миқёсида тарғиб этишга қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда ижтимоий
ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвонлар, орден ва
медаллар билан мукофотланди.
Шунингдек,
“Мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини ривожлантиришга улкан
ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум ижодкорларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармон ҳам
эълон қилинди. Ҳужжат билан инсон қадрини улуғлаш, аждодлар хотирасига муносиб
эҳтиром кўрсатиш мақсадида бир гуруҳ марҳум ижодкорлар “Буюк хизматлари учун”,
“Эл-юрт ҳурмати”, “Фидокорона хизматлари учун”, “Меҳнат шуҳрати”, “Дўстлик”
ордени билан тақдирланди.
P.S. Одатда ой сарҳисобига бағишланган мақолаларимизда давлатимиз раҳбарининг муайян муддат
— бор-йўғи 30 кунлик фаолиятидаги айрим қирраларга тўхталиб ўтамиз. Қадрли муштарийлар учун яна шуни айтишни истадикки, май ойида газетамиз саҳифалари Президентимиз ўн йил мобайнида юритаётган халқчил сиёсатнинг туб моҳиятини очиб беришга қаратилган зуваласи пишиқ мақолаларга бой бўлди.
Шулардан иккитасини
алоҳида тилга олиш жоиз. Бу Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг “РИЁСИЗ
СЎЗЛАР” (12 май, 95-сон) ва сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг “МИЛЛАТ ШАВКАТИ”
(21 май, 102-сон) мақоласи. Мустақиллик байрами тобора яқинлашаётган, уни
кўтаринки руҳда ўтказиш иштиёқи ҳар бир ватанпарвар юртдошимиз қалбига ғурур
бахш этаётган айни кезларда миллатимиз ойдинлари томонидан битилган юқоридаги
икки ва бошқа қатор мақолаларда баён қилинган чуқур мушоҳадалар тафаккуримизни
бойитишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Бундан
ташқари, 18 май куни Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида
тарихий ва оламшумул ислоҳотларни кўз олдимизда намоён қиладиган, бир йиллик
ютуқларимизни жамлаган, аниқроқ айтганда, Президентимизнинг 2025 йилдаги
сермаҳсул фаолияти, 24/7 режимида тинимсиз меҳнати, уйқусиз тунлар машаққати,
халқ дарди билан куйиб-ёниш саодати хронологияси ўрин олган асар — “ЮРТ
ҚАЙҒУСИДА 365 КУН” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Китоб юртимиздаги
ислоҳотларнинг тарихий миқёси, давлат бошқарувидаги янги ёндашувлар ҳамда инсон
қадри устувор бўлган тараққиёт моделини акс эттирувчи муҳим сиёсий-ҳужжатли
манба сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Уни ўқиш ва уқиш, моҳиятини англаш
ва англатиш эса барчамиз учун муқаддас масъулиятдир!
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири