Мулоқот аввалида Ли Цзячао давлатимиз раҳбарига Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигини, шу жумладан, Гонконг билан ҳудудлараро алмашинувлар ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш орқали янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбат чоғида сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстлик ва янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари мисли кўрилмаган даражага кўтарилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Олий даражада эришилган келишувлар изчил амалга оширилмоқда. Май ойида Пекин шаҳрида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Сиань шаҳрида учинчи Ҳудудлараро форум муваффақиятли ўтказилди, Гонконгда иқтисодий форум ва саноат кўргазмаси бўлиб ўтди, Ўзбекистон савдо уйи очилди.
Ўзбекистон ҳудудларининг Гонконг билан иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш учун мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Тошкент шаҳрига Гонконг ишбилармон доиралари вакилларидан иборат катта делегация ташриф буюргани ушбу йўналишдаги шерикликни янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Савдо-иқтисодий ва молиявий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини йўлга қўйиш, таълим, туризм ва ишбилармонлик алмашинувларини ривожлантириш ҳамда тўғридан-тўғри авиақатновлар ва фуқароларга консуллик хизматлари кўрсатишни йўлга қўйишни назарда тутувчи комплекс ҳамкорлик дастурини қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.
“Яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, биотехнологиялар, рақамли иқтисодиёт, финтех, инновацион стартаплар, сунъий интеллект ва бошқалар устувор соҳалар сифатида қайд этилди.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилиш, шунингдек, Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш ҳамда яқин фурсатда Гонконг билан икки томонлама асосда визасиз тартибни жорий этиш юзасидан келишувга эришилди.