Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Республика бўйича фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формаси ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди. Бунинг учун жами 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмлик кўмак ажратилди.
Шунингдек, «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан 1 500 нафар етим ва чин етим болага байрам совғалари, мактаб формаси ҳамда ўқув қуроллари топширилди. Жумладан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчига ёрдам кўрсатилди.
Шу тариқа, хайрия тадбирлари доирасида жами 12 644 нафар бола янги ўқув йили арафасида қўллаб-қувватланди.
Ташаббусдан кўзланган асосий мақсад ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ва қалбларига байрам қувончини улашишдан иборат.