Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовнинг Учқўрғон туманида тадбиркорлар билан ўтказган учрашувида ҳудуднинг туризм ва хизмат кўрсатиш салоҳиятини оширишга қаратилган истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, Учқўрғон табиий ресурсларга бой ҳудуд бўлиб, туман ҳудудидан Норин дарёси ҳамда 12 та йирик канал оқиб ўтади. Энди ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиш орқали туризм, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорликни янги босқичга олиб чиқиш вазифаси белгиланди.


Учрашувда Мустақиллик маҳалласи ҳудудида, Норин дарёси бўйида жойлашган 12 гектарлик табиий майдон — «Оролча»да замонавий экотуризм марказини барпо этиш лойиҳаси тақдим этилди.

Лойиҳа доирасида табиат қўйнида дам олиш ва саёҳат қилиш учун замонавий шароитлар яратилади. Шунингдек, 50 та савдо ва хизмат кўрсатиш лойиҳаси амалга оширилиб, 100 нафар аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлади. Натижада хизмат кўрсатиш соҳасида қўшимча 30,8 миллиард сўмлик иқтисодий ҳажм шакллантирилиши кутилмоқда.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа Учқўрғоннинг туризм салоҳиятини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилади.