Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева, Қозоғистон Сенати Раиси Маулен Ашимбаев ҳамда Комиссия аъзолари иштирок этди.
Йиғилиш бошида Сенат Раиси Танзила Нарбаева ўз сўзида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, шунингдек, стратегик шерикликни чуқурлаштиришда парламентлараро алоқаларнинг аҳамияти катта эканини таъкидлади. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари бугунги кунда аниқ амалий натижалар билан бойиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
Қозоғистон Сенати Спикери Маулен Ашимбаев давлат раҳбарлари Қасим-Жомарт Токаев ва Шавкат Мирзиёев икки томонлама ҳамкорликка юқори суръат бағишлаётганини таъкидлади. Бу жараёнда парламентлараро ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади.
Комиссия фаолияти доирасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, Орол денгизи муаммоларини ҳал этиш, Оролбўйи экотизимини муҳофаза қилиш, шунингдек, илм-фан ва экология соҳасидаги таълим лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, қўшма лойиҳаларни янада кенгайтириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Йиғилиш давомида Ўзаро ҳамкорлик бўйича комиссиянинг ҳамраислари – Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва Қозоғистон Парламенти Сенати Раисининг ўринбосари Жакип Асанов Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, стратегик шерикликни ривожлантиришда парламентлараро алоқаларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий, “яшил” иқтисодиёт, энергетика, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Парламентлараро ҳамкорлик олий даражада эришилган келишувларни қонунчилик жиҳатидан таъминлашда ва улар ўз вақтида ижро этилишида муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Йиғилишда аввалги Комиссия йиғилишларида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни юзасидан ахборот берилди.
Муҳокамалар якунида томонлар эришилган келишувларни қайд этиб, парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдирдилар.