Бу ҳақда Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси хабар берди.
Маълум қилинишича, турли оғирликдаги жиноятларни содир этганликда гумонланаётган мазкур шахсларнинг Ўзбекистонга қайтарилиши Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ва БААдаги Миллий марказий бюроси ўртасидаги кўп йиллик ҳамкорлик натижасида амалга оширилган.
Ўзбекистон ва БАА Интерпол Миллий марказий бюроларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари ҳамда икки давлат ваколатли органларининг ҳамкорлиги натижасида зарур тартиб-таомиллар амалга оширилган.
Жорий йил бошидан буён БААдан Ўзбекистонга Интерпол йўналиши бўйича қидирувда бўлган 16 нафар шахс экстрадиция қилинган.
Қайд этилишича, мазкур натижа халқаро қидирув йўналишидаги ҳамкорликнинг амалий самарадорлигини кўрсатади. Шунингдек, трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш ва жиноят содир этган шахсларнинг жавобгарликдан қочишига йўл қўймасликда икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасидаги барқарор ишчи алоқалар муҳим аҳамиятга эга.
Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси хорижда яшириниб юрган шахсларнинг турган жойини аниқлаш ҳамда уларни қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистонга қайтариш бўйича ишларни давом эттирмоқда.