2026 йил 1 июнь куни ўтказилган маданият, санъат ва адабиёт ходимлари билан соҳаларни янада ривожлантириш бўйича келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган учрашувда илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш, шунингдек, ижодкорларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ҳамда соҳада хусусий сектор иштирокини янада кенгайтириш мақсадида қарор қиламан:

I. Асосий мақсадлар

1. Қуйидагилар ушбу Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгилансин:

a) театр, кино, рақс, опера, фольклор, эстрада, академик ва миллий чолғу, тасвирий ва амалий санъат ҳамда адабиёт каби йўналишларда ижодий бирлашмалар фаолиятини йўлга қўйиш ва қўллаб-қувватлаш;

б) ижодкорларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг халқаро танловлардаги иштироки сонини 2027 йилда 20 фоизга, ғолиблар сонини 30 фоизга, 2030 йилга қадар иштирокчилар сонини 5 бараварга, ғолиблар сонини эса 2 бараварга ошириш;

в) шоир ва ёзувчилар томонидан ҳар йили камида 50 та энг сара асарлар яратилишини, миллий адабиётнинг энг яхши 10 та асари хорижий тилларга таржима қилинишини таъминлаш;

г) ижодкорларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш, жумладан, ҳар йили 1 минг нафар ижодкорни уй-жой билан таъминлаш, 3 минг нафарини бепул даволаш;

д) нодавлат театр ва театр-студиялар сонини 2028 йилда 50 тага етказиб, театр соҳасида хусусий сектор иштирокини 25 фоизга ошириш.

II. Соҳада истеъдодларни юзага чиқаришнинг янги тизимини жорий этиш

2. Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ёзувчилар уюшмаси ва кенг ижодкорлар жамоатчилигининг 1-иловага мувофиқ маданият, санъат ва адабиёт соҳаларида ижодий бирлашмаларни (кейинги ўринларда – ижодий бирлашмалар) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

3. Белгилансинки:

а) ижодий бирлашмаларнинг ижодий раҳбарлари ва уларга ташкилий масалаларни ҳал этишда кўмаклашувчи ҳамраҳбарлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланади;

б) ижодий раҳбар ўз йўналишида янги иқтидорларни юзага чиқаришга масъул ҳисобланади;

в) ижодий бирлашмаларга бириктирилган ҳамраҳбарлар:

(i) ижодий бирлашма ҳамда унинг йўналишига мос ижодкорлар ва жамоалар фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда уларни молиявий қўллаб-қувватлашга масъул ҳисобланади;

(ii) ижодий бирлашма йўналиши бўйича маҳалла – туман – вилоят – республика даражасидаги танловлар ва маданий тадбирларнинг йиллик режа-графигини ижодий раҳбарлар билан биргаликда тасдиқлайди ҳамда уларни ташкил қилади;

(iii) халқаро ва республика танловлари ғолиб ва совриндорларининг гастроль сафарларини ташкил этишга ҳамда халқаро фестиваль ва танловларда иштирок этишига кўмаклашади;

г) ҳамраҳбарларга ўзлари бевосита раҳбар бўлган муассаса (ташкилот, корхона) ва унинг тизим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ижодий бирлашмаларга маблағ йўналтиришга рухсат берилади;

д) ижодий бирлашмаларнинг фаолиятини молиялаштиришга йўналтирилган ҳомийлик хайриялари меценатлик кўмаги ҳисобланади ҳамда уларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар қўлланади;

ж) 2027 йилдан бошлаб ижодий бирлашмаларнинг йиллик ижодий ҳисоботи шаклида Миллий ижодкорлар қурултойи ўтказилади ҳамда унда ижодий бирлашмаларнинг йил давомида энг яхши натижа кўрсатган ижодкорлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги тартибда рағбатлантирилади:

(i) ижодкорларнинг бадиий кечаси, маҳорат мактаби ва ижод уйлари ташкил этилади;

(ii) бир йил давомида ҳар ойда 5 миллион сўм миқдорида гонорар тўланади;

(iii) уч йил давомида Ўзбекистон бўйлаб самолёт, поезд ва жамоат транспортидан бепул фойдаланади, бунда ташиш харажатлари бўйича олинмай қолган даромадлар кейинчалик ҳар ойда қоплаб берилади;

(iv) давлат тиббиёт муассасаларида даволаниш харажати тўлиқ қопланади.

4. Истеъдодларни аниқлаш ва ривожлантириш, уларнинг продюсерлик фаолиятини қўллаб-қувватлайдиган бизнес лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида Маданият вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомисиз “Ижодга инвестиция” давлат мақсадли жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин.

5. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Жамғармага 2026 йил 1 июлга қадар республика бюджети ҳисобидан 200 миллиард сўм маблағ ажратиш чорасини кўрсин ҳамда 2027 йилдан бошлаб давлат бюджети параметрларида ҳар йили камида 200 миллиард сўм маблағ ажратилишини назарда тутсин.

6. Маданият вазирлиги 2026 йил 1 июлдан бошлаб Жамғарма ҳисобидан очиқ ва шаффоф тизим асосида энг истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш тизимини йўлга қўйсин.

7. Маданият вазирлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2027 йилдан бошлаб ҳар йили театр, чолғу, хор ва рақс йўналишида умумий ўрта таълим муассасалари ўртасида туман – вилоят – республика даражасида танловларни ўтказиб боришни йўлга қуйсин. Бунда:

(а) ҳар бир йўналиш бўйича республика даражасидаги танловда ғолиб деб топилган умумий ўрта таълим муассасасига ўз ижодини тарғиб қилиш, саҳна декорациялари ва либослари, мусиқа асбоблари харид қилиш учун Жамғарма маблағлари ҳисобидан 500 миллион сўмдан грант берилади;

(б) республика танлови ғолиблари маданият ва санъат йўналишлари бўйича давлат таълим ташкилотларига киришда ижодий имтиҳондан озод этилади ва уларга максимал балл берилади.

8. 2026 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароларига миллий чолғу асбобларини сотиб олиш харажатларининг 30 фоиз қисмини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тизими жорий қилинсин.

III. Соҳани қўллаб-қувватлаш механизмларини янада кенгайтириш

9. Белгилансинки, 2026 йил 1 сентябрдан 2036 йил 1 январга қадар:

(а) асосий фаолияти концерт-томоша, кинематография, болалар учун контент яратиш бўлган субъектлар, нодавлат театр ва театр-студиялар ҳамда маданият ва санъат йўналишидаги хусусий таълим ташкилотлари қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мол-мулк солиғидан, уларда ишловчи ходимлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади;

(б) хорижий компанияларнинг Ўзбекистон ҳудудида кино маҳсулотини яратиш билан боғлиқ фаолияти натижасида олган даромадлари Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг даромадларига тўлов манбаида солиқ солишда солиқ базасига киритилмайди.

10. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ қўмитаси ҳамда Маданият вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда ушбу Фармоннинг 9-бандида назарда тутилган солиқ имтиёзларини тақдим этиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Қуйидагиларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар йили молиялаштириш тизими жорий этилсин:

а) йилига камида 50 та энг сара асарларни яратиш учун шоир ва ёзувчиларга ижодий буюртма бериш;

б) опера, симфония каби мумтоз ва замонавий жанрлар бўйича ҳар йили камида 20 та янги асар яратиш учун ижодкорларга давлат буюртмаси бериш;

в) ҳар йили миллий адабиётнинг энг сара 10 та асарини хорижий тилларга таржима қилиш ва муаллифлар иштирокида чет элларда тақдимотлар ўтказиш харажатларини қоплаб бериш;

г) Ёзувчилар уюшмаси тавсияси асосида чоп этиладиган китобларни нашр этиш учун қоғоз харид қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш;

д) шеърият билан санъатни уйғунлаштирган ҳолда ташкил этиладиган энг сара 100 та шеърий концертларни ўтказиш бўйича давлат буюртмаси бериш.

12. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ушбу Фармоннинг 11-бандида белгиланган чора-тадбирларни молиялаштириш учун республика бюджети ҳисобидан 2026 йилда 25 миллиард сўм, 2027 йилдан бошлаб ҳар йили 50 миллиард сўм ажратсин.

13. Истеъдодлар ва уларнинг устозларини қўллаб-қуватлаш бўйича шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб:

а) маданият, санъат ва адабиёт соҳаларидаги нуфузли халқаро ва республика танловлари ғолиб ва совриндорлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорларда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

(i) Гран-при ва 1-ўрин ғолиби – халқаро танлов бўйича 300 миллион сўм, республика танлови бўйича 100 миллион сўм миқдорида;

(ii) 2-ўрин соҳиби – халқаро танлов бўйича 200 миллион сўм, республика танлови бўйича – 50 миллион сўм миқдорида;

(iii) 3-ўрин соҳиби – халқаро танлов бўйича 100 миллион сўм, республика танлови бўйича 25 миллион сўм миқдорида;

б) танловларнинг ғолиб ва совриндорларини тайёрлаган ўқитувчи (концертмейстер)нинг ойлик маошига бир йил давомида 100 фоизгача устама Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади;

в) нуфузли халқаро танловларнинг ғолиб (совриндор)лари ва уларнинг ўқитувчи (концертмейстер)ларининг танловларда иштирок этиши харажатлари тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади;

г) ушбу бандда назарда тутилган қўллаб-қувватлаш чоралари хусусий секторда фаолият юритувчи шахсларга нисбатан ҳам татбиқ этилади;

д) ушбу бандда назарда тутилган нуфузли халқаро ва республика танловлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартиб асосида аниқланади.

IV. Соҳа вакилларининг ижтимоий таъминотини янада мустаҳкамлаш

14. 2026 йил 1 июлдан бошлаб ҳар йили 1000 нафар уй-жойга муҳтож маданият, санъат ва ижодий соҳа вакилларига бирламчи бозордан квартира сотиб олиш учун қуйидаги тартибда ипотека кредитларини ажратиш йўлга қўйилсин, бунда:

(а) Ипотека дастури доирасида ипотека кредитлари ажратишда бошланғич тўлов кредит олувчи томонидан 2-иловада белгиланган миқдорларда шакллантирилади, бунда шакллантириладиган бошланғич тўловнинг 50 фоизи ҳамда кредит муддатининг биринчи беш йили давомида тўланадиган кредит фоизларининг 10 фоизлик пунктдан ошган қисми Давлат бюджетидан қоплаб берилади;

(б) бошланғич тўловнинг 50 фоизини қоплаб бериш Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “subsidiya.idm.uz” дастурий таъминот тизими орқали автоматлаштирилган ҳолда амалга оширилади.

15. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари маданият соҳаси вакилларини зарур уй-жойлар билан таъминлашга масъул этиб белгилансин.

16. Бир ҳудуддан бошқа ҳудудга келиб ишлаётган ва ушбу ҳудудда ўз уй-жойига эга бўлмаган маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакилларига уй-жой ижараси тўловларининг бир қисмини қуйидаги миқдорларда қоплаб бериш тартиби жорий этилсин:

(а) Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 баравари;

(б) Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари.

17. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мазкур Фармоннинг 14- ва 16-бандларида назарда тутилган харажатлар учун 2026 йилдан бошлаб ҳар йили Давлат бюджетидан 50 миллиард сўм ажратсин.

18. 2026 йил 1 июлдан бошлаб ижодий бирлашмаларнинг тавсияси асосида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги харажатларни қоплаб бериш йўлга қўйилсин:

а) ҳар йили 1 минг нафаргача Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаниш бўйича имтиёзга эга бўлмаган, бироқ ўз фаолиятида яхши натижаларга эришган маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакилларига юқори технологик операцияларни ўтказиш;

б) ҳар йили 2 минг нафаргача маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакилларига суғурта мукофоти базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан ортиқ бўлмаган ихтиёрий тиббий суғурта бадаллари учун харажатларнинг 50 фоизини қоплаб бериш;

в) ҳар йили 100 нафаргача соҳада камида 10 йил ишлаган маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакилларига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси санаторийларида бепул даволаниш.

19. Белгилансинки:

(а) 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб бюджетдан молиялаштириладиган театр ва концерт-томоша муассасаларида фаолият юритувчи рақс жамоасининг бадиий раҳбари, балетмейстери, репетиторлари, балет артистларининг лавозим маошларини меҳнатга ҳақ тўлашнинг базавий лавозим маошлари миқдорига ва (ёки) Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига асосан белгилашда тариф коэффициентлари миқдори Давлат бюджети ҳисобидан 2 бараварга оширилган ҳолда қўлланади;

(б) давлат муассасаларида рақс санъати соҳасида фаолият юритаётган раққос ва раққосаларни имтиёзли иш стажи билан пенсияга чиқаришда талаб этиладиган 20 йиллик иш стажининг камида 15 йили раққос ва раққосалик фаолиятидан иборат бўлган тақдирда, қолган 5 йили учун балетмейстер ва балет бўйича репетитор фаолияти билан шуғулланган даврни инобатга олишга рухсат берилади.

20. Ногиронлиги бўлган шахс деб топилган ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳудудларда инклюзив ижодий устахоналар ташкил қилинсин. Бунда инклюзив ижодий устахоналарни ташкил этиш ҳамда уларни дарсликлар ва ижод учун зарур анжомлар билан таъминлаш харажатларини молиялаштириш учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили 30 миллиард сўм ажратиб борилади.

21. 2026 йил 15 июндан бошлаб 3-иловага мувофиқ давлат мукофотлари билан тақдирланган шахсларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги аэропорт ва темир йўл вокзалларидаги “VIP” заллардан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилсин.

V. Соҳада нодавлат сектор фаоллигини ошириш

22. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб:

а) нодавлат театр ва театр-студияларнинг қуйидаги харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади:

(i) ҳар йили 50 та саҳна асари яратиш харажатлари;

(ii) ҳар ойда хусусий бинони ижарага олиш харажатларининг базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бўлган қисми;

б) давлат маданият объектлари уларнинг бўш вақтларида нодавлат театр ва театр-студияларга спектакль намойиш этиш учун ижара тўловисиз фойдаланиш учун берилади. Бунда томоша заллари учун талабгорлар иккита ёки ундан кўп бўлган тақдирда, улар орасида танлов ўтказилади;

в) ушбу банднинг “а” кичик бандида белгиланган тадбирларни молиялаштириш учун ҳар йили Давлат бюджетидан қўшимча 10 миллиард сўм ажратилади.

23. Белгилансинки, 2026 йил 1 июлдан бошлаб Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан:

а) Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда (Нукус шаҳри ва вилоятлар марказлари бундан мустасно) концерт-томоша тадбири ташкил этилган ва бир тадбир доирасида 1 000 тадан ортиқ билет сотилган тақдирда, концерт-томоша ташкилотчиларига сотилган билетлар қийматининг 20 фоизига тенг бўлган миқдорда субсидия берилади;

б) давлат ва нодавлат театрларга ўзи фаолият юритаётган жойда саҳналаштирилган спектакль учун сотилган ҳар бир чиптага қўшимча 10 минг сўм, бошқа ҳудудга чиққан ҳолда намойиш этилган тақдирда, 20 минг сўм миқдорида субсидия берилади.

24. Белгилансинки, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб ҳар йили 500 минг нафар ўқитувчи, шифокор, давлат хизматчиси, фаол ўқувчи ва талабаларга ҳамда Ижтимоий реестрга киритилган 100 мингта оилаларнинг бир нафар фарзандига, шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларга театр, кино ва концерт тадбирлари учун бепул ваучер берилади, бунда:

а) ваучер қийматидаги маблағлар шахсларнинг номига очиладиган ижтимоий карта орқали тақдим этилади;

б) ваучер бериш билан боғлиқ харажатлар тегишли равишда Давлат бюджети маблағлари ҳамда Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

VI. Киноиндустрия соҳасини янада ривожлантириш

25. Хусусий киностудияларнинг мустақил фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда соҳада эркинлик ва рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида:

(а) Миллий кинематография, кинокомпания ва кинотеатрлар тармоғини янада ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси, Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази, Кинематография агентлиги ҳузуридаги Бадиий кенгаш фаолияти ҳамда ҳар бир фильмга маслаҳатчилар гуруҳини бириктириш амалиёти тугатилсин;

(б) давлат буюртмаси асосида яратиладиган фильмларнинг мавзусидан келиб чиқиб, соҳа мутахассисларидан иборат ҳақ тўланадиган эксперт гуруҳлари ташкил қилиб борилсин. Бунда Бадиий кенгаш томонидан маъқулланган ва (ёки) ишлаб чиқаришга туширилган лойиҳаларни якунлаш ушбу кенгаш томонидан амалга оширилади ва улар бўйича эксперт гуруҳларининг хулосасини олиш талаб этилмайди;

(в) “Ўзбекфильм” киноконцерни” давлат муассасасига “миллий” мақоми берилсин ҳамда унинг фаолияти маҳаллий ва халқаро киностудияларга хизмат кўрсатувчи киноконцерн сифатида йўлга қўйилсин;

(г) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси томонидан ўтказиладиган “Олтин Ҳумо” миллий кино тақдимоти нуфузини ошириш мақсадида 2027 йилдан бошлаб ҳар йили 5 миллиард сўм ажратиб борилишини таъминласин.

26. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ давлат буюртмаси асосида кино, шу жумладан, Болалар контентини ривожлантириш маркази лойиҳалари яратилишида:

(а) маркетинг ва реклама харажатлари учун фильм бюджетининг 30 фоиз миқдоригача маблағларни ажратишга рухсат берилади;

(б) харид шартномаларини экспертизадан ўтказиш талаби бекор қилинади;

(в) фильмлар намойишидан тушган маблағларнинг 50 фоизи продюсер ва ижодий гуруҳга қўшимча рағбат сифатида берилади.

VII. Ҳудудларда маданият тадбирларини ташкил этиш ва китобхонликни ривожлантириш

27. 2026 йил 1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳар, Самарқанд ва Наманган вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида маданий тадбирларни ташкил этиш дирекциялари (кейинги ўринларда – дирекциялар) фаолияти йўлга қўйилсин.

28. Белгилансинки:

(а) дирекциялар тегишли ҳокимликлар муассислигида масъулияти чекланган жамиятлар шаклида ташкил этилади, бошқа тадбиркорларга дирекция устав фондига ўз пул маблағлари билан иштирок этишига рухсат берилади;

(б) дирекциялар тегишли ҳудудда жойлашган, маданий, оммавий, концерт-томоша тадбирлари ташкил этилиши мумкин бўлган бинолар, мажмуалар, павильонлар, стадионлар, саҳналар, залларга (кейинги ўринларда – маданият объектлари) эга бўлган барча давлат муассасалари, шу жумладан, концерт, театр, маданият саройлари билан мажбурий равишда, шундай бино ва иншоотларга эга хусусий ташкилотлар билан эса ўзаро келишувлар асосида хизмат кўрсатиш тўғрисида шартномалар имзолайди;

(в) дирекциялар тузилган шартномалар асосида ҳар бир маданият объектининг ҳар кунлик иш режими, уларнинг банд ва бўш вақтлари ҳақида онлайн режимда маълумот олиб туради;

(г) дирекциялар маданият объектларининг бўш вақтидан самарали фойдаланиш мақсадида уларда маданий тадбирлар ўтказилишини ташкил этади, ўзи жалб қилган тадбир ташкилотчилари билан маданий масканларнинг мулкдорлари номидан шартномалар тузади;

(д) дирекциялар томонидан мулкдор номидан тузилган шартномаларга асосан маданият объектларини тадбирлар учун ижарага беришдан тушган маблағларнинг хизмат кўрсатиш шартномасида томонлар ўзаро келишув асосида белгилайдиган қисми дирекцияларга ўтказиб берилади;

(ж) дирекциялар ўзлари тузган шартнома асосида ўтказиладиган оммавий тадбирларга рухсат олиш бўйича тартиб-таомилларнинг бажарилишини бевосита ўзи таъминлайди.

29. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Маданият вазирлигининг таклифлари асосида 2026 йил якунига қадар 50 тадан 100 тагача чекка ва олис ҳудудлардаги маҳаллаларда намунали маҳалла кутубхонаси ва китоб дўконларини ташкил қилсин. Бунда Ёшлар ишлари агентлиги:

а) Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда намунали маҳалла кутубхоналарининг бадиий, илмий-оммабоп, маърифий, ҳужжатли ва биографик адабиётлар билан тўлдирилишини;

б) Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси билан биргаликда ушбу кутубхоналар фаолияти тўлиқ рақамлаштирилишини таъминласин;

в) 2027 йил 1 январдан бошлаб ушбу кутубхоналарда “Мутолаа” платформасидан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратсин.

30. 2026 йил 1 июлдан бошлаб Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри ва Ўзбек Миллий қўғирчоқ театрига молиявий, ижодий ва ташкилий масалаларни мустақил ҳал қилиш ваколати берилсин.

VIII. Таълим тизимини такомиллаштириш

31. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 10 тадан умумий ўрта таълим муассасаларида, тажриба тариқасида, мусиқа, тасвирий санъат ва технология дарсларини илғор хорижий тажрибага мувофиқ “Art” ўқув дастури асосида такомиллаштирилган ҳолда ўқитиш йўлга қўйилсин. Бунда умумий ўрта таълим муассасаларини “Art” йўналишларига мос ҳолда жиҳозлаш харажатлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

32. Белгилансинки, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:

(а) болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчилари меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларига тенглаштирилади;

(б) умумий ўрта таълим муассасалари ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчилари иш ҳақига ўқувчиларининг чолғуларни ижро этиши даражасидан келиб чиқиб, ҳар ойда 20 фоизгача устама тўлаш тартиби жорий этилади;

(в) болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда ихтисослашган мактаблар билан умумий таълим муассасалари ўртасида ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилади ҳамда ижодий жамоалар томонидан умумий ўрта таълим муассасаларида даврий равишда концерт-томоша дастурлари ва маҳорат дарслари ўтказиб борилади;

(г) ҳар бир умумий ўрта таълим муассасасида мусиқа ва санъат йўналишида камида 4 тадан тўгарак ташкил қилинади.

33. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Бадиий академия икки ой муддатда ёш ижодкорларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун маданият ва санъат йўналишидаги 10 та олий таълим муассасасига Давлат бюджети ва Олий таълимни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тенг улушларда 50 миллиард сўм ажратилишини таъминласин.

34. Касбий таълим агентлиги тизимидаги Республика мусиқа ва санъат техникуми ҳамда Карим Зарипов номидаги Республика эстрада ва цирк техникуми олий мактаб сифатида қайта номланган ҳолда Маданият вазирлиги тизимига ўтказилсин, бунда Республика мусиқа ва санъат олий мактаби ҳамда Карим Зарипов номидаги Республика эстрада ва цирк олий мактабида:

(а) битирувчиларга касбий таълим тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади;

(б) иқтидорли битирувчиларга белгиланган тартибда ўз ўқишини тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича олий таълим ташкилотларининг иккинчи босқичидан давом эттириш имкони яратилади;

(в) талабаларга таниқли ижодкорлар бириктирилади ва уларга олий таълим ташкилоти профессор-ўқитувчисига тенг миқдорда меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланади.

35. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳузуридаги Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ маркази ҳамда Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази негизида Маданият вазирлиги ҳузурида Маданият ва санъат ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ташкил қилинсин.

IX. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

36. Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

37. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 5-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

38. Маданият вазирлиги икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

39. Ушбу Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб маданият вазири О.А. Назарбеков белгилансин.

40. Фармон ижросини назорат қилиш ва масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёев