Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз иқтисодиётининг юқори ўсиш суръатларига мос равишда транспорт тизимини ривожлантириш, соҳага инвестициялар ва замонавий технологияларни кенг жалб қилиш, бунда хусусий сектор иштирокини янада ошириш зарурлигини таъкидлади.
Учрашувда транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, соҳада тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиш, мамлакатимизнинг халқаро транспорт йўлакларига интеграциялашувини кучайтириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Сўнгги ўн йилда йўл соҳасига 80 триллион сўм ажратилиб, 7 минг километр йўл қайта қурилди, 125 минг километри таъмирланди. Эндиликда соҳага 20 миллиард долларлик инвестицияларни жалб қилиш имконияти мавжуд.
Хусусан, умумий қиймати 5,6 миллиард доллар бўлган, жами 593 километрлик пулли автомобиль йўлларини қуриш бўйича бешта йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.
Йўл ва кўприклар қурилишига маҳаллий тадбиркорларни кенг жалб қилиш учун ҳам янги имкониятлар яратилади. Ҳозирга қадар ҳудудларда 4 миллиард долларлик 131 та лойиҳа таклифи шакллантирилган. Бундай лойиҳалар инвесторларга йўлларни қуриш, сақлаш ва бошқариш шарти, уларнинг бўйида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш ҳуқуқи билан таклиф қилинади.
Халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда 6,5 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Президентимиз хорижлик ҳамкорларга маҳаллий мутахассисларни халқаро миқёсдаги йирик инфратузилма лойиҳаларига жалб қилиш, компанияларимизни хорижий тендерларда иштирок этишга тайёрлаш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқишни таклиф этди.
Йўл қурилишида, аввало, сифат ва иқтисодий самарадорликни таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
– Бизга бугун арзон қурилиб, эртага яна бюджетдан пул талаб қиладиган йўл эмас, узоқ йил хизмат қиладиган сифатли йўл керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу мақсадда полимер битум ва геотекстиль технологияларидан фойдаланишни йўл қурилиши стандартларига киритиш, келгуси йилдан халқаро аҳамиятдаги йўлларни қуриш ва реконструкция қилишда ушбу талабни мажбурий этиб белгилаш вазифаси қўйилди.
Темир йўл соҳасида ташиш қувватларини ошириш ва инфратузилмани истиқболдаги юк оқимларига мослаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли ишга тушиши билан юк ташиш ҳажми 10 карра ошиб, йилига 15-16 миллион тоннага етиши кутилмоқда. 2030 йилга қадар мамлакатимизда 545 километр янги темир йўл қуриш, электрлаштирилган йўллар улушини 65 фоизга етказиш режалаштирилган.
Ангрен – Поп ва бошқа муҳим йўналишларни модернизация қилиш, Тошкент – Самарқанд йўналишида алоҳида юқори тезликдаги темир йўл линиясини барпо этиш кўзда тутилган. Давлатимиз раҳбари халқаро молия ташкилотлари ва инвесторларни умумий қиймати 8 миллиард долларлик ушбу лойиҳаларда ҳамкорлик қилишга чақирди.
Юк вагонлари паркини ҳар йили 5-6 мингтага кўпайтириш учун тадбиркорларга солиқ имтиёзлари ва темир йўл инфратузилмасидан фойдаланишда чегирмалар берилади. Келгуси йилдан соҳада янги тариф сиёсати босқичма-босқич жорий этилиб, ташиш харажатларини шакллантиришнинг шаффоф тизими йўлга қўйилади.
Ўзбекистонни Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи йирик қуруқлик портига айлантириш учун барча имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Мутасаддиларга Ўрта йўлак имкониятларидан самарали фойдаланиш, хорижлик ҳамкорлар билан электрон юк ҳужжатларини ўзаро тан олиш бўйича келишувларни якунлаш, юртимизни дунёнинг йирик денгиз портлари билан боғловчи блок-поездлар қатновини йўлга қўйиш топширилди.
Кейинги ўн йилда мамлакатимизнинг логистика қувватларини 80 миллион тоннага етказиш мақсад қилинган. Бу борада инвесторлар билан ҳамкорликда 1,6 миллиард долларлик 9 та йирик логистика марказини барпо этиш вазифаси белгиланди.
Авиация соҳасида ҳам хусусий инвестицияларни жалб қилиш ва бозор иштирокчилари учун қулай иқтисодий шароитлар яратиш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилди.
Сўнгги йилларда юртимизда аэропортлар сони 18 тага етди. Жорий йилда ҳаво транспортида ташиладиган йўловчилар сони 17 миллион нафарни ташкил этиши кутилмоқда. Яқин йилларда бу кўрсаткични 25 миллионга етказиш мақсад қилинган.
Хорижлик ҳамкорлар иштирокида барпо этилаётган янги халқаро аэропортга туташ ҳудудда 5 миллиард долларлик “Aerocity” лойиҳаси амалга оширилади. Унда логистика ва электрон тижорат марказлари, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар ва турар жойларни қамраб олган яхлит экотизим яратилади.
Маҳаллий авиакомпанияларнинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида авиаёқилғи нархини жаҳон бозоридаги ўртача нархга боғлаш, ёқилғи, эҳтиёт қисмлар импорти ва ҳаво кемалари ижараси бўйича қўшимча солиқ ва божхона имтиёзларини жорий этиш белгиланди. Маҳаллий учувчиларни тайёрлаш ва ишга қабул қилиш мажбуриятини олган авиакомпанияларга ҳам алоҳида енгилликлар берилади.
Яратилаётган шароитлар ҳисобига ҳаво кемалари сонини 2030 йилга қадар камида 250 тага етказиш вазифаси қўйилди. Халқаро аэропортлар инфратузилмасини ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида улар 2030 йилгача мол-мулк ва ер солиқларидан озод этилади.
Президентимиз Янги Тошкентда замонавий кампус, ўқув-симуляция ва илмий-тадқиқот марказларига эга Ўзбекистон халқаро фуқаро авиацияси университетини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Учрашувда аҳолига қулай ва сифатли жамоат транспорти хизматларини кўрсатиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Сўнгги уч йилда тадбиркорлар томонидан 3,5 мингдан зиёд замонавий автобус олиб келиниб, 330 та йўналиш янги тизимга ўтказилди. Натижада кунлик йўловчилар оқими пойтахтда 2 баробар, ҳудудларда 2,5 баробар ошди.
Эндиликда пойтахтни агломерация ҳудудлари билан боғловчи, узунлиги 20 километргача бўлган автобус йўналишлари тўлиқ “брутто” тизимига ўтказилади. Автобус саройларини барпо этадиган тадбиркорларга солиқ енгилликлари жорий этилиб, олис ҳудудларда транспорт хизматларини ташкил этишнинг янги молиялаштириш механизми ишлаб чиқилади.
Тошкент метрополитенида йўловчилар оқими ортиб бораётганини инобатга олиб, келгуси икки йилда 28 та беш вагонли поезд олиб келиш, амалдаги 40 та тўрт вагонли поездни беш вагонли тизимга ўтказиш белгиланди.
Президентимиз инвестор ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларнинг соҳани ривожлантириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикр-мулоҳазалари ва таклифларини тинглади.