7–10 октябрь кунлари бўлиб ўтган мусобақада 190 га яқин мамлакатнинг юқори синф ўқувчиларидан иборат миллий жамоалари иштирок этди. Бу йилги беллашувлар «Инновацияларни жонлантириш» мавзусига бағишланди.

Иштирокчилар ўрмон ёнғинларининг олдини олиш, уларнинг оқибатларини камайтириш ва ёнғиндан кейинги тикланиш билан боғлиқ вазифаларни бажаришга мўлжалланган роботларни лойиҳалаш ва бошқариш бўйича беллашди. Мусобақа давомида жамоалар халқаро альянслар таркибида биргаликда ишлади.

Финал баҳсларида Венесуэла, Сальвадор, Ўзбекистон ва Молдова жамоалари бирлашган альянс таркибида ғолиб чиқиб, олтин медални қўлга киритди.

Бирлашган Араб Амирликлари, Япония, Гонконг ва Люксембург жамоалари иштирок этган альянс кумуш, Хитой, Туркманистон, Кайман ороллари ва Туркия жамоалари иштирок этган альянс эса бронза медалга сазовор бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоаси мусобақанинг FIRST Global Grand Challenge Award номли бош мукофотида ҳам ғолиб бўлди. Ушбу мукофот турнир давомида энг кўп балл тўплаган жамоага берилади. Хитой кумуш, Мексика эса бронза медални қўлга киритди.

Мусобақада бошқа йўналишлар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Жумладан, Мексика FIRST Global International дастуридаги энг юқори натижалар учун бериладиган Альберт Эйнштейн номидаги мукофотни қўлга киритди. Руминия кумуш, Туркия бронза медал билан тақдирланди.

Шунингдек, ўрмон ёнғинлари муаммосига оид янги технологиялар ва инновацион ечимларни ишлаб чиқишга қаратилган Igniting Innovation New Technology Experience дастури доирасида Кайман ороллари олтин, Молдова кумуш, Словакия эса бронза медалга сазовор бўлди.

FIRST Global Challenge мусобақаси ёшларнинг робототехника ва муҳандислик соҳасидаги билимларини синовдан ўтказиш билан бирга, турли мамлакатлар ўқувчилари ўртасида халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш имконини ҳам беради.

Тадбир якунида 2027 йилги FIRST Global Challenge мусобақаси Испаниянинг Мадрид шаҳрида ўтказилиши эълон қилинди.