2026 йил 26 май куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ПФ–98-сонли “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармон имзоланди.
Фармонга кўра, Олий аттестация комиссияси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридан Фанлар академияси тизимига ўтказилади.
Эндиликда:
Олий аттестация комиссияси олий малакали илмий кадрларни аттестациядан ўтказиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи, илмий кенгашлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва мазкур соҳада давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли орган ҳисобланади;
Олий аттестация комиссияси илмий даража ва унвонларга қўйиладиган малака талабларининг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлайди;
Олий аттестация комиссияси Фанлар академиясига фақат ташкилий-бошқарув жиҳатидан бўйсунади, ўзига юкланган вазифаларни коллегиаллик асосида Фанлар академиясидан тўлиқ мустақил ҳолда амалга оширади;
Олий аттестация комиссиясининг тузилмаси Фанлар академияси томонидан тасдиқланади;
Олий аттестация комиссияси раиси Фанлар академияси президенти тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга белгиланган тартибда тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Бунда:
Олий аттестация комиссияси раиси 5 йил муддатга тайинланади;
айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ раислик лавозимига тайинланиши мумкин эмас;
Олий аттестация комиссияси Раёсати таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади, бунда ҳар 2 йилда Раёсат аъзоларининг учдан бир қисми ва 6 йилда Раёсат таркиби тўлиқ янгиланади, Раёсатга раҳбарлик қилувчи Олий аттестация комиссияси раиси бундан мустасно;
Олий аттестация комиссияси раиси мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра Фанлар академияси вице-президентига тенглаштирилади;
Олий аттестация комиссияси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари ва моддий рағбатлантириш шартлари бўйича Фанлар академияси бошқарув аппарати ходимларига тенглаштирилади.
2026 йил 1 августга қадар барча диссертация ҳимояси жараёнлари, жумладан, илмий иш ва авторефератни тақдим этиш, рецензент ва оппонентлар фикрларини юбориш, ҳимоя жараёнларини режалаштириш ва илмий ишни баҳолаш жараёнлари ягона онлайн тизим орқали амалга оширилиши таъминланади.
Аввалроқ, 2027 йил 1 январдан илмий даражалар беришда айрим тартиблар бекор қилиниши ҳақида хабар берилганди.