Аввало таъкидлаш лозимки, ижтимоий тармоқларда тарқалган эълонларда талабалар яшайдиган хоналар эмас, балки талабалар турар жойлари таркибидаги бўш турган ертўла, ҳовли қисми, ошхона, буфет ҳамда ётоқ жой сифатида фойдаланилмайдиган бошқа ёрдамчи майдонларни ижарага бериш назарда тутилган.

Хусусан: Самарқанд давлат тиббиёт университетида талабалар турар жойининг ҳовли қисмидаги 69,8 кв.м бўш майдон; Фарғона давлат университетида ертўладаги 40 кв.м бўш хона; Гулистон давлат университетидаги 37 ва 52 кв.м бўш хоналар; Урганч давлат университетидаги 36 кв.м ошхона; Фарғона давлат техника университетидаги ошхона биноси; Термиз давлат университети ҳудудидаги технологик майдон оммавий савдолар орқали ижарага бериш учун жойлаштирилган бўлиб, мазкур объектлар талабаларни яшаш жойлари ҳисобланмайди ва талабалар турар жойлари ўринлари қисқаришига сабаб бўлмайди.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон миллий педагогика университетининг талабалар турар жойи сотувга қўйилгани ҳақида ҳам фикрлар билдирилган.

Мазкур объектнинг оммавий савдога чиқарилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелдаги ПФ–70-сон Фармони билан тасдиқланган 2025 йил учун хусусийлаштириш дастури доирасида амалга оширилмоқда. Бунда муҳим жиҳат шундаки, университетнинг мавжуд бино ва иншоотлари Янги Тошкент ҳудудида барпо этилаётган замонавий кампус тўлиқ қурилиб, фойдаланишга топширилгандан кейин бўшатиб берилиши шарти билан оммавий савдога чиқарилган.

Айни пайтда университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда мазкур объектларни сотишдан тушадиган маблағлар ҳисобидан замонавий ўқув бинолари ва 5 минг ўринли янги талабалар турар жойлари қурилмоқда. Янги кампусда талабалар учун барча зарур шароитларга эга замонавий таълим ва яшаш муҳити яратилади.

Шу муносабат билан ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган мазкур эълонларни талабалар учун мўлжалланган ётоқ ўринлари сотилмоқда ёки ижарага берилмоқда, деган мазмунда талқин қилиш ҳақиқатга тўғри келмайди.

Шу билан бирга, вазирлик томонидан талабаларни турар жой билан таъминлаш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги ПФ–16-сон Фармонига мувофиқ, 2025 йилда давлат-хусусий шериклик асосида 8 минг ўринли талабалар турар жойларини барпо этиш вазифаси белгиланган бўлса, йил якунида жами 11 084 ўринли талабалар турар жойлари ташкил этилди. Бу белгиланган режанинг 138,6 фоиз бажарилганини англатади.

Янги талабалар турар жойлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги 19 та давлат олий таълим муассасасида барпо этилди.

Бундан ташқари, 2022–2025-йиллар давомида республика бўйича жами 74,1 минг ўринли талабалар турар жойлари яратилди. Натижада давлат олий таълим муассасаларидаги талабалар турар жойларининг умумий сиғими 159,1 минг ўринга етказилиб, талабаларнинг ётоқхона билан таъминланиш даражаси 58 фоизни ташкил этди.

Айни пайтда республика бўйича 38,5 минг ўринли талабалар турар жойларини барпо этиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шундан 30,7 минг ўринли объектларда қурилиш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида давлат-хусусий шериклик асосида қўшимча 10 минг ўринли талабалар турар жойларини қуриш лойиҳалари ҳам амалга оширилмоқда.

2026 йилда эса республика бўйича жами 12 110 ўринли янги талабалар турар жойларини қуриб, фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги жамоатчиликни холис ва ишончли маълумотлар билан таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан очиқ ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдиради.