Мулоқот давомида олий таълим, илмий тадқиқотлар, замонавий ишлаб чиқариш технологиялари ҳамда инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари, илмий ишланмаларни амалиёт ва саноатга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда мамлакатимизнинг етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари ҳам иштирок этиб, амалий тадқиқотларни ривожлантириш, университет ва саноат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, технологиялар трансфери механизмларини такомиллаштириш ҳамда саноатни рақамли трансформация қилиш бўйича таклифлар билдирилди.

Вазир Қўнғиротбой Шарипов Ўзбекистонда олий таълим, фан ва инновациялар соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот бериб, илмий-тадқиқот салоҳиятини ошириш, университет ва саноат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, технологиялар трансфери механизмларини такомиллаштириш ҳамда рақобатбардош инновацион экотизимни шакллантириш устувор вазифалардан эканини таъкидлади.

Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Фраунҳофер жамияти ўртасида ёш тадқиқотчилар мобиллиги дастурларини йўлга қўйиш, қўшма илмий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, саноатни рақамлаштириш, сув ва яшил энергетика технологиялари йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, олий таълим муассасалари негизида замонавий лабораториялар ва компетенция марказларини ташкил этиш, робототехника ва сунъий интеллект йўналишларида янги ташаббусларни амалга ошириш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ҳамда спин-офф компанияларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.