“Аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш ҳамда фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга кўра, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги 2026 йил октябрига қадар паспорт, ID-карта ёки хорижга чиқиш паспортини йўқотиб қўйганда ёки яроқсиз ҳолга келтирганда маъмурий жавобгарликка тортмасдан, қўшимча миқдорда давлат божи тўлаш орқали янги ҳужжатни расмийлаштириб бериш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим.
Яъни бу ҳақда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқилади.
ID-карта, хорижга чиқиш биометрик паспортини йўқотганлик, уларни яроқсиз ҳолга келтирганлик учун жавобгарлик 2022 йилнинг март ойида белгиланганди. Бундай ҳаракат БҲМнинг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўларди.
Президентнинг янги қарори билан 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб фуқароларга уларнинг розилигисиз реклама SMS-хабарлари юбориш тақиқланади. Тақиқ ёки хатлов қўйилган турар жойга гаровга олувчининг розилигисиз яшаш ва доимий рўйхатдан ўтишга рухсат берилди.