Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти “Нури ниёгон” шашмақом ансамбли раҳбари Шуҳратжон Набиев Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
Шунингдек, Тожикистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан Ўзбекистон Республикасидаги тожик миллий маданий маркази раҳбари Гуландом Субхонова Тожикистон Республикасининг “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
Давлат мукофотларини Ўзбекистон Республикаси маданият вазири – Озодбек Назарбеков ҳамда Тожикистон Республикаси маданият вазири – Матлубахон Сатториён топширишди.
Маълумот ўрнида, 2024 йилда Тожикистонда ўтказилган “Ўзбекистон маданияти кунлари” доирасида Ўзбекистон ва Тожикистоннинг маданият ва санъат арбобларидан бир гуруҳи юксак фахрий унвонлар билан тақдирланганди.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 26-27 март кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади.
Бўлажак тадбирлар кун тартибидан Ўзбекистон – Тожикистон дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган.
Эслатиб ўтамиз, айни кунларда Ўзбекистонда “Тожикистон маданияти ва киноси кунлари” бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистонда “Тожикистон маданияти ва киноси кунлари” тадбирлари 29 март кунига қадар давом этади.