Фармонга кўра, қуйидагилар ушбу Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгиланди:

  • соҳага масъул идораларнинг бир-бирини такрорловчи функцияларини мақбуллаштириш орқали ягона давлат бошқарувини ташкил этиш;
  • “даладан дастурхонгача” тамойили асосида хавф таҳлилига асосланган назорат тизимини жорий этиш;
  • амалдаги санитария қоидаларини Алиментариус кодекси стандартлари, Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш ташкилоти (WOAH), Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро конвенция (IPPC) талабларига мувофиқлаштириш.

Фармонга мувофиқ, қуйидагилар ташкил этилади:

  • Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси;
  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги.

2027 йил 1 январдан хусусий секторга босқичма-босқич ўтказиладиган (турлари кенгайтириладиган) озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги функциялар рўйхати тасдиқланди.

Шунингдек, Қўмита ҳузурида Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги институти ташкил этилади.