Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 8 майдаги
“Ғўза ва буғдой етиштирувчиларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча
чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан фермер ва кластерларга бир қатор
имтиёзлар берилди.
Биринчидан, шартномада белгиланган муддатда қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар
бўйича тўланган фоиз тўловининг 2,5 фоизини, ҳосил йилининг якунига (тегишли
йилнинг 31 декабрига) қадар қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича
тўланган фоиз тўловларининг 5 фоизини ҳамда буғдой етиштириш харажатлари учун
ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг 1 августига қадар тўлиқ
қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловининг 4 фоизлик
пункт маблағлари фермер хўжаликларига қайтариб берилади яъни, фермерларнинг
маблағлари тежалаяпти ва иқтисодий имкониятлари ошаяпти.
Иккинчидан, дизель ёқилғисини харид қилиш билан боғлиқ харажатларни қисман қоплаш
мақсадида 2026 йил 1 апрелдан 2026 йил 1 июлга қадар қишлоқ хўжалиги
корхоналари томонидан биржа савдолари орқали харид қилинган ҳар бир тонна
дизель ёқилғиси қийматининг 13 миллион сўмдан ошган қисми учун, бироқ 2 миллион
сўмдан кўп бўлмаган миқдорда Ўзбекистон Республикаси республика бюджети
ҳисобидан Агентлик орқали субсидия ажратилади.
Учинчидан, ғўза хомашёсини харид қилиш учун ғўза-тўқимачилик кластерлари ҳамда ғўза
хомашёсини қайта ишлаш ва ип-калава ишлаб чиқариш занжирига эга тўқимачилик
корхоналарига ажратилган тижорат кредитлари бўйича тўланган фоиз тўловининг 8
фоиз пунктидан юқори, лекин 16 фоиз пунктдан ошмаган қисми қоблаб бериш бўйича
кластерларга имтиёзлар берилди.
- Пахтачиликда юқори ҳосил
олиш, аввало, деҳқон ва фермерлар, пахта кластерлари ҳамда соҳа фидоийлари
томонидан туну-кун қилинган машаққатли меҳнатининг, шунингдек, пухта ўйланган
ислоҳотлар ва илмий ёндашувлар асосида ўз
самарасини беришини ҳаммамиз ҳис қилиб турибмиз, - дейди Қорқалпоғистон
фермерлари кенгаши раиси вазифасини бажарувчиси Пахратдин Беканов. - Жумладан,
жорий йилда Қорақалпоғистон бўйича 80 минг
гектар майдонларда шундан, 21 минг гектардан ортиқ Шинжон усулида чигит экиб, юқори ҳосил олиш бўйича
далаларда шижоат билан астойдил иш олиб борилмоқда.
Барчамиз яхши тушунамизки,
ҳозирги ўта мураккаб иқлим шароитида кўплаб синов ва қийинчиликларга қарамасдан
деҳқон-фермерлар ҳамда кластер корхоналари томонидан ҳар қачонгидан кўпроқ
масъулият билан тер тўкиб ишлашни давр тақозо этмоқда. Юртимиз тараққиёти учун
“Долзарб 30 кунлик” давомида агротехник тадбирларни сидқидилдан амалга ошириб,
юқори ҳосил ва юқори даромад учун пухта замин яратилган. Ва албатта, бунинг
учун ҳар бир фермер хўжалиги ўз даласида ғўзага ишлов бериш, парваришлаш
борасида соҳа олимлари, мутахассислари ва тажрибали устоз фермерлар тавсияси
асосида тизимли ишларни ташкил этишмоқда.
- Бугунги кунда мавжуд 803 дона чуқур юмшатгичлар
ҳамда 1 минг 588 дона культиваторлар тўлиқ далага сафарвар қилинган бўлиб, уларнинг
иш унимини ошириш учун механизаторларга даланинг ўзида қулай шарт-шароитлар
яратиб берилган, - дейди Қорқалпоғистон фермерлари кенгаши раиси вазифасини
бажарувчиси Пахратдин Беканов. - Ғўза майдонларини азотли
минерал ўғитлар билан гектарига 250 кг.дан иккинчи озиқлантириш ишларини амалга
ошириш тавсия қилинган. Шунингдек, ғўза майдонларини гектарига 200 кгдан азотли
минерал ўғитлар билан озиқлантирилиши яхши натижа беради. Сув танқислигини
инобатга олган ҳолда ҳар беш гектар майдонга бир дона шарбат ўраларини (хандак)
қазиш, гектарига 5 тоннадан жами 400 минг тонна маҳаллий ўғитларни далага
чиқариб, фақат шарбат усулида суғориш ишлари хам амалга оширилади.
Шунингдек, ҳар бир фермер хўжалиги раҳбари
пахтачилик кластер корхоналари билан ҳамкорликда ишларни янада жадаллаштириб,
бу йил ғўза ҳосилини 50 центнердан юқори ҳосил олини ният қилишган.
Жорий йилда қишлоқ хўжалиги
тармоқларида юқори ҳосил етиштириш учун пухта замин яратилган. Юқорида қайд
этганимиздек, ғўза далаларида агротехник тадбирларини қисқа муддатларда,
сифатли қилиб якунлаш чораларини кўриш шу куннинг муҳим вазифаси ҳисобланади. Бу
Қорақалпоғистоннинг иқтисодий тараққиётига, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат
қилади.
Минажатдин ҚУТЛЫМУРАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири.