Давлатимиз раҳбари ушбу тарихий воқеа Қозоғистон сиёсий тизимини такомиллаштириш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва парламент ролини сезиларли даражада кучайтиришда янги босқични бошлаб берганини таъкидлади.

Сайловларда фуқароларнинг фаол иштироки Қасим-Жомарт Тоқаев раҳбарлигида амалга оширилаётган, Қозоғистоннинг барқарор тараққиётини таъминлаш, унинг халқаро майдондаги нуфузи ва таъсирини янада оширишга қаратилган кенг кўламли конституциявий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар халқ томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганининг ёрқин тасдиғи экани қайд этилди.

Ўзбекистон Президенти мамлакатимизда кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари билан боғланган қардош қозоқ халқи заминида бугун амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишларнинг юксак натижаларидан самимий мамнун эканини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари ўртасидаги яқин ҳамкорлик икки дўст мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари руҳида янги сифат босқичига кўтарилишига ишонч билдирилди.

Якунда Президент Шавкат Мирзиёев Қасим-Жомарт Тоқаевга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва давлатчилик фаолиятида катта муваффақиятлар, қардош Қозоғистон халқига эса тинчлик ва равнақ тилади.