– Икки карра Олимпиада чемпиони деган юксак ва шарафли унвон барчамизга, бутун Ўзбекистон халқига муборак бўлсин! – деди Президентимиз.

Самарқанддаги Олимпиада оддий спорт мусобақаси бўлмагани таъкидланди. Унда 200 дан ортиқ мамлакатдан қарийб 2 минг шахматчи, жумладан, кучли гроссмейстерлар ва амалдаги чемпионлар жам бўлди.

– Шундай улкан рақобат ичида Ўзбекистон байроғини энг баландга кўтариш бу ҳақиқий жасорат, катта ақл-заковат ва мустаҳкам ирода намунасидир,

– деди давлатимиз раҳбари.

Ғалабага ўз юртимизда, халқимиз кўз ўнгида эришилгани унга алоҳида маъно бағишлади. Олимпиадани бевосита кузатиш учун Самарқандга 60 мингдан ортиқ меҳмон келди; ҳудудлардаги фан-зоналарда қарийб 500 минг мухлис, телеэкран ва интернет орқали эса миллионлаб ватандошларимиз ўйинларни кузатди.