Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси томонидан Тошкент туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида 3 нафар фуқаролар ўзаро келишган ҳолда 1 тонна хлорид кислотасини 14,5 млн сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Шундан сўнг, тадбир давом эттирилиб, мазкур шахслардан бирининг Тошкент туманида ижарага олинган омбори кўздан кечирлиганида, бу ерда яна 4,9 тонна шу турдаги кислота сақланаётгани аниқланди. Суриштирувлар давомида маълум бўлишича, ушбу шахсларда прекурсор моддаларни сақлаш, ташиш ва реализация қилиш ҳуқуқини берувчи биронта ҳам ҳужжатлар мавжуд бўлмаган.
Эслатиб ўтамиз, хлорид кислотаси халқаро ва миллий қонунчиликда ҳам муомаласи чекланган прекурсорлар рўйхатига киритилган. Чунки, мазкур кимёвий моддадан героин, кокаин каби анъанавий ҳамда турли хил синтетик наркотик моддаларни тайёрлашда фойдаланилади.
Бир қарашда омборда турган ушбу модда шунчаки кимёвий суюқликдек туюлиши мумкин. Аммо, аслида мазкур моддалар кўмагида тайёрланган наркотиклар юзлаб ёшларнинг тақдирини издан чиқариши, оилаларни пароканда қилиши ва жамият хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши муқаррар эди.
Ҳозирда мазкур 5 900 кг кимёвий моддаларнинг илк манбасини аниқлашга қаратилган суриштирувлар давом этмоқда.