Рақобат қўмитаси томонидан қиймати 23 миллиард сўмдан ортиқ бўлган давлат харидларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Маълум қилинишича, таҳлиллар давомида:
- Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказилган умумий қиймати 9,1 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 6 та;
- Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказилган қарийб 8 миллиард сўмлик 6 та;
- Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган 6,7 миллиард сўмга яқин қийматдаги 10 та танлов савдоларида «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларига риоя қилинмаган.
Хусусан, савдоларда рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар аниқлангани қайд этилди.
Шу муносабат билан Қўмитанинг махсус комиссияси томонидан буюртмачи ташкилотларга нисбатан иш қўзғатилиб, қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларни такрорламаслик бўйича бажарилиши мажбурий кўрсатмалар берилди.
Рақобат қўмитаси хабарида таъкидланишича, буюртмачи ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланиб, тегишли материаллар суд органларига юборилди.