Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, делегация таркибига ҳоким ўринбосарлари, шунингдек, 30 дан ортиқ йирик тадбиркор ва инвесторлар киритилган. Сафарнинг асосий мақсади экспорт салоҳиятини ошириш, ўзаро савдо айланмасини кенгайтириш ва инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишдан иборат.
Ташрифнинг илк куни Қобул шаҳрида Афғонистон Саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий билан расмий учрашув бўлиб ўтди. Шунингдек, ташкил этилган бизнес-форум икки томон тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликка янги суръат бағишлади.
Форум доирасида B2B мулоқотлар ўтказилиб, қатор аниқ лойиҳалар бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, Афғонистон Савдо ва инвестициялар палатаси раиси Саид Карим Ҳошимий билан музокаралар ўтказилиб, улар якунида ҳамкорлик келишувлари имзоланди.
Делегация ташрифи давомида Мозори Шариф шаҳрида ўзбек маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, унда миллий маҳсулотлар сифати ва хилма-хиллиги намойиш этилади. Шунингдек, Балх вилоятига ташриф буюриб, маҳаллий ҳокимият ва бизнес вакиллари билан учрашувлар ўтказилиши кутилмоқда.
Ташриф доирасида яна бир муҳим воқеа сифатида Қобул шаҳрида Наманган вилояти ҳокимлигининг расмий ваколатхонаси очилди ва унинг биринчи кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.
Таъкидлашича, мазкур ташриф Наманган вилояти саноат ва аграр маҳсулотлари учун янги бозорлар очиш, экспорт ҳажмини ошириш ҳамда икки томонлама иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлмоқда.