Бозорда маҳсулот ёки хизмат бўлиб ишладими? Камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва ҳудуд тараққиётига хизмат қилдими?
Агар
илм фақат қоғозда қолса, у яхши фикр бўлиши мумкин, аммо ҳали тўлиқ куч эмас.
Илм ҳақиқий кучга айланиши учун у тупроқни кўриши, сувни ҳис қилиши, фермер
қўлидан ўтиши, хонадон даромади ва бозор эҳтиёжи билан боғланиши керак. Оддий
қилиб айтганда, илм лабораторияда туғилади, лекин халқ ҳаётига кирганда яшай
бошлайди.
Бугун дунёда ҳам шу савол долзарб. Ривожланган ва ривожланаётган давлатлар илм-фанга катта маблағ сарфлайди, университет ва илмий марказлар минглаб мақола, патент ва прототиплар яратади. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам технологияга, иш ўрнига, даромад ёки жамиятда сезиладиган фойдага айланавермайди. Шунинг учун илмни қандай қилиб ҳаётга тезроқ ва ишончлироқ олиб кириш мумкин деган савол кўп мамлакатлар учун асосий сиёсий ва илмий масалага айланмоқда.
Халқаро
таҳлилларда бир муҳим хулоса бор: илмий натижани тижоратлаштириш фақат патент,
лицензия ёки стартап дегани эмас. Ҳамкорликдаги тадқиқот, контракт тадқиқот, хўжалик
шартномалари, академик маслаҳат, proof-of-concept, яъни ғоянинг амалда ишлашини
исботлаш учун бериладиган маблағ, олим ва саноат ўртасидаги ҳаракатчан алоқалар,
илмий инфратузилмадан
биргаликда фойдаланиш ва очиқ инновация
каби йўналишлар ҳам муҳим. Чунки патентнинг ўзи етарли эмас, унга ишонадиган, уни
ишлатадиган ва бозорга олиб чиқадиган муҳит керак.
Қатор давлатлар тажрибаси бир-бирига ўхшаш муаммоларни кўрсатади:
интеллектуал мулк тизими заиф бўлса, proof-of-concept учун маблағ етарли бўлмаса,
технология трансфери офислари кучсиз бўлса, олимлар фақат мақола билан баҳоланса,
хусусий сектор ва реал фойдаланувчи бошиданоқ жалб қилинмаса, ишланма лабораториядан
бозорга ўта олмайди. Демак, бу мақолада биз фақат ўз муаммомиз ҳақида эмас, бутун
дунё излаётган ечим ҳақида ҳам гапиряпмиз.
Амалда илмнинг йўли кўпинча мана бундай кечади: ғоя олимда
ёки лабораторияда пайдо бўлади, кичик тажриба ўтказилади, кейин тажриба станциясида
синаб кўрилади, ҳисобот ёзилади, мақола чиқади, патент олинади. Шундан кейингина
натижани фермерга, корхона ёки бозорга етказиш масаласи бошланади.
Аммо кўп ҳолларда айнан шу ерда катта муаммо пайдо бўлади.
Ишланма тайёр бўлган пайтда бозор ўзгарган, иқлим ўзгарган, асосий фойдаланувчи
— фермернинг эҳтиёжи ўзгарган бўлади. Баъзан олим томонидан таклиф қилинаётган
янги илмий маҳсулот ўхшаш, кўпинча хорижий таклифларга нисбатан қиммат бўлади.
Энг қийини, тармоқда янги маҳсулотни олимдан бошқа тушунадиган ва самарали ишлатадиган
мутахассиснинг ўзи бўлмаслиги мумкин. Фермер эса табиий савол беради: “Бу менинг
еримда ишлайдими? Менинг сувим, тупроғим, меҳнат шароитим бунга мосми? Таваккал
қилсам, фойда кўраманми?”.
Кўпинча бу саволларга аниқ жавоб бўлмайди. Чунки технология
ҳақиқий фермер майдонида эмас, чекланган тажриба шароитида синалган бўлади. Натижада
яхши ишланмалар ҳам токчада тураверади: патент бор, лекин харидор йўқ, мақола бор,
лекин фермер ишонмайди, ҳисобот бор, лекин бозорга чиқмайди. Бир неча тармоқда
раҳбарликдан олган энг муҳим сабоғим шу: илмнинг охирги манзили бошиданоқ белгиланмаган
бўлса, кейин вақт ўтиши билан уни ҳаётга олиб кириш қийинлашиб кетаверади. Демак, ечим ностандарт — астари ағдарилган,
яъни тескаридан бошланган ёндашувни талаб қилади.
Қандай йўл таклиф этилади?
Кўп йиллар давомида анъанавий ёндашув ушбу занжирда ишлаб
келди: ғоя — илмий
грант — лаборатория тадқиқотлари — натижалар таҳлили — мақола ва ҳисоботлар — патент
ёки прототип — кичик синов ишлаб чиқариш — истеъмолчи ёки тармоқларга тижорий таклиф
— тижоратлаштириш.
Бу йўлнинг илмий аҳамияти бор, албатта. Аммо амалий қишлоқ
хўжалигида у кўпинча узун, секин ва хавфли бўлиб қолади. Чунки фермер, хонадон,
кластер, корхона ёки бозорнинг ҳақиқий эҳтиёжи жараённинг бошида эмас, аксар ҳолларда
охирида ҳисобга олинади. Натижада айрим ишланмалар яхши мақола, ҳисобот ёки патентга
айланади, лекин фермер даласига, хонадон даромадига, бозор маҳсулотига ва иқтисодий
самарага етиб боролмайди.
Энди илм йўлини тескаридан бошлаш вақти келди. Яъни олим
ўз ишини фақат “менда қандай ғоя бор?” деган саволдан эмас, балки “қайси фермер,
қайси хонадон, қайси ҳокимлик, қайси кластер, қайси кооператив, қайси корхона ёки
қайси маҳалла муаммосини ҳал қила оламан?” деган саволдан бошлаши керак.
Янги моделда занжир бошқача — қуйидан юқорига қараб қурилади:
ҳозирги ҳаётий муаммо
— фермер майдони ёки хонадон платформасини илмий майдон сифатида танлаш — шароитлар
ва мавжуд инсон капиталини илмий диагностика қилиш — ечим ғояси — грант жалб қилиш
— лаборатория ва дала тадқиқотини бир вақтда олиб бориш — бепул ёки имтиёзли технология
пакети — реал шароитда синов ва маҳаллий мутахассис тайёрлаш — фермер ва хонадон
даромади — атрофдаги хонадон ва фермерларга кенгайтириб бориш, яъни дастлабки тижоратлаштириш
— илмий маълумот — мақола, патент ва жорий қилинган майдон тақдимоти — кластер,
кооператив, компания, стартап ёки спин- офф орқали кенгайтириш — кенг миқёсда тижоратлаштириш Фарқ шундаки, амалдаги тизимда фермер, хонадон
ва бозор кўпинча занжирнинг охирида пайдо бўлади. Янги моделда эса улар бошиданоқ
жараённинг ичида бўлади. Амалдаги тизимда тижоратлаштириш охирги ва энг қийин босқич
сифатида кўрилади, олим кўпинча тайёр ишланмасини сотишга уринади ва табиий равишда
унга юқори баҳо қўяди. Янги тизимда эса ишланма илмнинг бошидаёқ истеъмолчи-иштирокчига
давлат гранти ёрдамида бепул ёки имтиёзли тарзда етиб боради. Демак, биринчи реал
синов, биринчи даромад, биринчи маҳаллий мутахассис ва биринчи ишончли натижа
технология билан бир вақтда шаклланади.
Ҳаётий жараёнлар илдиз отиши
керак
Шунинг учун бугун қишлоқ хўжалигида ноодатий — “тескаридан
бошланадиган” янги ёндашув зарур: илмий грант фақат лабораториядан эмас, ҳаётий
жараёнлар ичида амалга оширилиши керак. Олим лойиҳа ёзмоқчи бўлса, биринчи савол
“менинг технологиям кимнинг қайси муаммосини ҳал қилади?” бўлиши лозим. У қайси
хонадонда, қайси фермер майдонида, қайси маҳаллада, қайси сув ва тупроқ шароитида
синаб кўрилади? Фақат “менинг лабораториям бор”, “менинг тажриба станциям бор”,
“менинг мавзум қизиқ” деган ёндашув энди етарли эмас.
Олим далага чиқиши, фермер билан гаплашиши, маҳалланинг
тупроғи, суви, меҳнати, бозори ва даромад имкониятини ўрганиши, атрофдаги инсон
капиталини баҳолаб олиши ва шундан кейин лойиҳани реал шароитга мослаб ёзиши керак.
Бу илмни пастга тушириш эмас, асло. Аксинча, илмни ҳақиқий кучга айлантиришдир.
Чунки фермер даласи ҳам лаборатория, хонадон томорқаси ҳам
тажриба майдони. Чорвачилик хонадони, иссиқхона, боғ, балиқчилик ҳавзаси, уруғчилик
майдони — буларнинг барчаси ҳаётнинг ўзидаги юқори технологик ва нисбатан арзон
илмий платформа бўлиши мумкин. Аччиқ бўлса-да, тан олиш керак: айрим ҳолларда ана
шу қуйи бўғиндаги майдонлар технология, ташкилотчилик ва бозорга яқинлик жиҳатидан
илмий институт ва жамоалардан илгарилаб кетган. Биз, олимлар буни кўриб туриб, баъзан
кўрмагандек бўламиз. Хўш, ҳамма бирдай мақсадга етадиган ёндашув борми? Бор, албатта.
Бу далага боғланган, томорқадан шаклланган ва бозорга йўналган илмий тадқиқотларнинг
янги занжиридир.
Технология энди қоғоздаги хом ғоя эмас
Қишлоқ хўжалигида шаклланаётган “хонадонбай” ёки фермерга
боғланган илмий лойиҳаларнинг энг катта афзаллиги шундаки, у битта давлат сармояси
орқали бутун инновация занжирига — олим, илмий ташкилот, фермер, хонадон, маҳалла,
бозор ва иқтисодиётга манфаат келтиради.
Бир томондан, олим ва илмий ташкилот грант орқали тадқиқот
қилади: иш ҳақи, лаборатория харажатлари, материаллар, мониторинг ва илмий кузатув
учун зарур маблағ таъминланади. Янги нав, технология, агротехника, озуқа, вакцина,
биопрепарат ёки бошқа ишланма фақат институт станциясида эмас, балки бошиданоқ
ҳақиқий ҳаётий шароитда — фермер майдонида, хонадон томорқасида, чорвачилик ёки
балиқчилик хўжалигида синаб кўрилади. Шу тариқа ғоя ёки ишланма қоғозда қолиб кетмайди,
балки илк босқичданоқ ҳаётий шароитларда текширилади, мослашади ва кенгайиш имкониятини
топа боради.
Иккинчи томондан, фермер ёки хонадон янги технология хавфини ёлғиз кўтармайди.
Бошланғич таваккални давлат гранти ва илмий ташкилот ўз зиммасига олади. Чунки
ҳар қандай янги технология ҳали ҳамма ишонадиган даражада кенг исботланмаган бўлади.
Уни фермерга “ўзинг таваккал қилиб кўр”, деб бериш тўғри эмас. Шунинг учун бу моделда
фермер ёки хонадон янгиликни бепул ёки имтиёзли тарзда олади: уруғ, кўчат, чорва,
парранда, балиқ, биопрепарат, витамин, вакцина, озуқа қўшимчаси, тупроқ таҳлили,
агрономик ёки ветеринария маслаҳати, парвариш протоколи ва олимнинг доимий кузатуви
таклиф этилади.
Айрим ҳолларда хонадон аъзоларидан бири лойиҳага техник ходим сифатида жалб
қилиниб, маош олади, янги касб ва кўникма ўрганади. Энг муҳими, олинган ҳосил ва
фойда хонадоннинг ўзида қолади. Масалан, картошка уруғчилигида хонадон ҳосилнинг
бир қисмини истеъмол қилади, бир қисмини келаси йил учун уруғликка қолдиради, келишув
асосида уруғлик маҳсулотини қайта сотиши ҳам мумкин. Демак, хонадон фақат технология
олмайди, у билим, даромад, касб, ишончли харидор ва тайёр бозор занжирига киради.
Олим ҳам ютади. Чунки тажриба турли тупроқ, сув, иқлим ва бошқарув шароитига
эга ҳақиқий майдонларда ўтади. Бу унга арзонроқ, ишончлироқ ва бойроқ илмий маълумот
беради. Кундалик меҳнат, суғориш, ўғитлаш, парвариш ва майдонни сақлашда фермер
ҳамда оила аъзолари иштирок этади. Шу боис, олим тажрибани ҳар куни парваришлаш,
материални йўқотиб қўймаслик, ташкилий ва коммунал харажатларни кўтариш каби оғир
юмушларнинг катта қисмидан енгиллашади. Тажриба эса доимий кўз-қулоқ бўлган ҳақиқий
хўжалик муҳитида давом этади. Натижада илмий тадқиқот арзонлашади, материаллар
яхшироқ сақланади, маълумотлар эса ҳаётга яқинроқ бўлади.
Давлат ҳам ютади. Чунки бир маблағ билан бир вақтнинг ўзида илмий ташкилот
қўллаб-қувватланади, олим ишлайди, қишлоқ аҳолиси даромадга чиқади, хонадонда янги
касб ва кўникма пайдо бўлади, технология тезроқ ҳаётга киради. Бу камбағалликни
қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, ҳудудий ривожланиш ва қишлоқда бандликни оширишга
хизмат қилади.
Иқтисодиёт ҳам бундан фойда кўради. Кичик хонадон ёки фермер синовлари кейинчалик
кластер, кооператив, уруғчилик компанияси, стартап ёки спин-офф учун ишончли платформага
айланади. Чунки технология энди қоғоздаги хом ғоя эмас, балки турли хонадон ва
майдонларда синаб кўрилган, уни тушунадиган одамлари, техник ходимлари, дастлабки
бозори ва ишончли натижалари бор амалий ечим сифатида намоён бўлади.
Энг муҳими, олим маънавий жиҳатдан ютади. Чунки ҳар бир ҳақиқий олим ўз умрида
бир нарсани кўришни истайди: унинг илми одамларга фойда берсин. Бундай моделда
илм қоғозда эмас, хонадон даромадида, фермер даласида, маҳалла ҳаётида ва жамият
тараққиётида кўрина бошлайди. Жамият эса секин-аста илмни ташқаридан келадиган тушунарсиз
нарса эмас, ўз ҳаёти, меҳнати ва даромади билан боғлиқ тирик муҳит сифатида қабул
қилади.
Шу ўринда ҳамкасбларимиз томонидан табиий савол туғилиши мумкин: “Олим минг
машаққат билан яратган ишланмасидан катта даромад ололмайдими? Грант маблағининг
ўзи катта ғояли олимни қониқтирмаслиги мумкин-ку?”. Асло ундай эмас. Янги занжирнинг
кейинги босқичи — кенг миқёсда тижоратлаштиришда олим ва унинг жамоаси учун катта
даромад имконияти сақланади. Агар ишланма катта ишлаб чиқарувчига манфаат берса,
роялти, лицензия, шартнома ёки ҳамкорлик орқали олимнинг улуши ҳам бўлади. Қизиғи
шундаки, олим билан бирга ишлаган қуйи бўғин иштирокчиси — фермер ёки хонадон олимнинг
катта даромадга тезроқ етишига йўл очади. Агар олим уларни фақат “тажриба объекти”
эмас, балки жараён ҳамкори ва натижа занжирининг тўлақонли иштирокчиси сифатида
эътироф этса, занжир бошидан охиригача барчага манфаат келтиради.
Бошланғич амалиёт нимани кўрсатмоқда?
Бу ёндашув Ўзбекистонда амалиётга кириб бормоқда. Ҳудудларда “хонадонбай”
усулда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш орқали юқори даромадга эришиш бўйича
дастлабки лойиҳалар амалга оширилди. Масалан, 2024 йилда 13 та илмий лойиҳа 130
та хонадонда бажарилди, умумий қиймати 5,8 миллиард сўм атрофида бўлди. Сабзавотчилик,
боғдорчилик, шоличилик, полизчилик, дон-дуккакчилик ва механизация йўналишларида
илмий ташкилотлар масъул этиб белгиланди.
Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида картошкачилик бўйича амалий натижа оддий
ва тушунарли мисол бўлди. Томорқа эгаларига маҳаллий “Ўзбекистон қизили” ва “Тошкент
эртагиси” картошка навлари берилди. Хонадонлар ўз томорқасида экиб, олимлар маслаҳати
билан парвариш қилди. Натижада бир хонадондан ўртача 2 тоннадан ортиқ картошка
олинди, бир қисми кейинги йил учун уруғликка қолдирилди.
Бошқа мисол — 3 сотих томорқада экин тури, нав, экиш муддати ва ҳосил пишиш
даври тўғри танланса, бир мавсумда 2-3 марта маҳсулот етиштириш мумкин. Ромен салати,
салат барги, помидор, бодринг, ширин қалампир, саримсоқ каби экинлар кетма-кет жойлаштирилганда
кичик майдон ҳам катта даромад манбаига айланади. Чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик
ва интенсив боғдорчиликда ҳам шу мантиқ ишлайди: маҳсулот беришнинг ўзи етарли
эмас, унга илм, хизмат, бозор ва қайта сотиб олиш занжири боғланиши керак.
Янги моделда фермер ёки хонадон, яъни дастлабки истеъмолчи фақат “қабул қилувчи”
эмас. У илмнинг ҳаммуаллифига айланади. Олим усул, протокол ва таҳлилни, фермер
ер, меҳнат, кундалик кузатув ва маҳаллий тажрибани беради. Хонадон аъзоси технологияни
қўли билан бажаради. Олим натижани ўлчайди. Фермер даромадни кўради. Маҳалла бошқа
хонадонларга намуна бўлади. Компания эса технологияга ишона бошлайди ва пировардида
ишланмани сотиб олиши, кенгайтириши ёки бозорга олиб чиқиши мумкин. Шунда олим
ҳам, дастлабки истеъмолчи ҳам, кейинги бизнес занжири ҳам фойда кўради.
Ишончсиз технология сотилмайди. Ишончсиз патент лицензияланмайди. Ишончсиз
тавсия фермерга етмайди. Аммо фермер ўз қўшнисининг томорқасида натижани кўрса,
олим маслаҳати билан ҳосил ошганини билса, хонадон даромад олганини кўрса, ишонч
пайдо бўлади. Илмнинг тижорат кучи ана шу ишончдан бошланади.
Ҳар қандай янги технологиянинг энг қийин даври — бошланғич давр. Бу пайтда
у ҳали кичик, хавфли ва тўлиқ исботланмаган бўлади. Компаниялар дарҳол пул тикишдан
қўрқади, кластер ёки кооператив “катта майдонда ишлайдими?” деб иккиланади, фермер
эса “зарар кўрмайманми?” деб ўйлайди. Шунинг учун давлат гранти айнан шу хавфли
босқичда кўприк бўлиши керак.
Грант технологияни хонадон ёки фермер майдонида кичик, аммо
ҳақиқий шароитда синаб кўради. Натижа чиқса, кейин компания келади, кластер қизиқади,
кооператив сотиб олади, уруғчилик корхонаси кўпайтиради, стартап ёки спин-офф технологияни
бозорга олиб чиқади. Бу босқичда технология энди “қоғоздаги тавсия” эмас, балки
одамлар қўлидан ўтган, даромад берган, ишонч қозонган амалий ечимга айланади.
Илмий мақола ҳам йўқолмайди. Кимдир
савол бериши мумкин: олимлар далага, хонадон ва фермерга кўпроқ чиқса, илмий мақола,
патент, фундаментал изланиш нима бўлади? Аксинча, улар кучаяди. Чунки хонадонбай
ёки фермерга боғланган тадқиқотлар олимга ҳақиқий маълумот беради: турлича тупроқ,
сув, иқлим, бошқарув шароитида технология қандай ишлаганини кўрсатади. Бундай маълумот
асосида мақола ҳам кучлироқ бўлади, патент ҳам ҳаётдан ажралмайди. Унинг ортида реал хонадон, даромад, тупроқ
ва реал фермер тажрибаси туради.
Олимлар учун долзарб вазифа
Илмий ҳамжамият, профессорлар, академиклар, лаборатория раҳбарлари ва институт
директорлари бугун бир муҳим ҳақиқатни тан олиши керак: амалий қишлоқ хўжалиги илми
фақат лабораториядан бошланиб, кейин ҳаётга бориши билан чекланмаслиги керак. Айниқса,
фермер, хонадон, ҳокимлик, кластер, кооператив, корхона ёки ҳудуд эҳтиёжи билан
боғлиқ тадқиқотларда илмнинг йўли бошиданоқ ҳаётий муаммо билан боғланиши лозим.
Илмнинг янги мантиғи шундай: аввал ҳаётдаги муаммо, кейин илмий
ечим. Аввал фермер даласи, хонадон эҳтиёжи ва бозор талаби, кейин лаборатория,
грант, технология, мақола ва патент. Бундай ёндашувда мақола ҳам, патент ҳам, тавсия
ҳам йўқолмайди. Аксинча, улар қоғоздаги назарий натижа эмас, ҳақиқий шароитда синаб
кўрилган, фермер ва хонадон даромади билан тасдиқланган, бозорга яқин илмий маҳсулотга
айланади.
Бу профессор, академик, лаборатория раҳбари ёки институт директорига ҳам
янги вазифа юклайди. Энди олим фақат грант кутиб ўтирмаслиги керак. Агар институтда
кучли лаборатория, тажрибали олимлар, ёш тадқиқотчилар, магистрлар, аспирантлар
ва жаҳон адабиётига кириш имконияти бўлса, бу катта бойлик. Аммо бу бойлик фақат
ички ҳисобот, диссертация ёки мақола эмас, ҳудуд, сектор, фермер, хонадон ва иқтисодиёт
учун ҳам ишлаши керак.
Олимлар ҳокимликка бориб: “Тумандаги сув, тупроқ, экин, логистика, чорвачилик
ёки қайта ишлаш муаммосини таҳлил қиламиз ва ечимлар пакетини таклиф этамиз”, дейиши
мумкин. Кластерга бориб: “Ҳосилдорлик, тола сифати, сув сарфи, касаллик, уруғлик
ёки агротехнология муаммосини диагностика қиламиз, илмий асосланган харита тузамиз,
ходимларингизни ўқитамиз”, деса бўлади. Кооператив, фермер ёки маҳаллага бориб:
“Сизнинг шароитингизда қайси технология ишлайди, қайси харажат ўзини оқлайди, қайси
маҳсулот бозорга чиқади — шуни бирга ҳисоблаймиз”, деса тўғри бўлади.
Шундай қилиб, “илм йўлини тескаридан бошлаш” фақат грант бериш
тартибини эмас, олимнинг фикрлаш тарзини ҳам ўзгартиради. Илгари савол “ғоямни
қаерда синаб кўраман?” бўлган бўлса, энди савол “қайси ҳаётий муаммога илмий ечим
бераман?” бўлиши керак. Ана шунда илм қоғоздан ҳаётга, лабораториядан иқтисодиётга,
мақоладан инсон манфаатига, патентдан маҳсулотга ва грантдан амалий натижага тезроқ
етиб боради.
Академик консалтинг: вақти келган йўналиш
Мана шу ёндашув академик консалтингнинг ҳам табиий бошланишидир. Консалтинг
деганда кўпчилик хусусий фирмаларни тасаввур қилади. Лекин дунёда академик консалтинг
ҳам муҳим йўналишга айланмоқда. Университет ва илмий институт олимлари ўз билимини
давлат, бизнес ва жамият муаммоларини ҳал қилишга йўналтиради.
Бу йўналишнинг афзаллиги шундаки, у стартапдан ҳам тезроқ бошланиши, патент
лицензиясидан ҳам соддароқ бўлиши мумкин. Ҳокимлик тўғри қарор қабул қилади, компания
хато харажатдан сақланади, фермер илмий ечим олади, институт эса лабораторияси ва
ёш олимлари учун қўшимча даромад топади.
Лекин академик консалтинг тасодифий ва норасмий ҳолатда қолмаслиги керак.
Унга ҳуқуқий асос, намунавий шартнома, тезкор тасдиқ, хизмат нархини белгилаш, даромадни
институт ва олимлар ўртасида адолатли тақсимлаш, масъулият ва сифат назорати тизими
лозим. Олим ўз институти орқали ишласин, институт олимини ҳимоя қилсин, ҳудуд ва
бизнес эса ишончли илмий хизмат олсин.
Қишлоқ хўжалигида бу, айниқса, муҳим. Чунки бу соҳада тупроқ, сув, генетика,
ветеринария, иқтисодиёт, логистика, қайта ишлаш, экспорт, рақамлаштириш, техника,
экология ва озиқ-овқат хавфсизлиги бир-бирига боғланган. Бундай муаммога оддий
маслаҳат эмас, илмий асосланган комплекс ечим керак.
Давр талаби
Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясини қайта ташкил этиш ғояси айнан шу янги
давр талаби билан боғлиқ. Буни фақат эски академияни қайта тиклаш деб тушунмаслик
керак. Янги академия фақат мақола ва ҳисобот тайёрлайдиган муассаса эмас, балки
илмни фермер даласига, хонадон даромадига, ҳоким қарорларига, кластер технологиясига,
бозор маҳсулотига ва халқ дастурхонига етказадиган миллий ақл маркази бўлиши керак.
Унинг вазифаси бешта йўналишда кўриниши мумкин: илмдан хонадонга, илмдан
фермерга, илмдан бозорга, илмдан сиёсатга, илмдан жамиятга. Яъни янги нав, кўчат,
чорва, парранда, балиқ, биопрепарат ва агротехника хонадон ва фермер даражасида
синаб кўрилади, синовдан ўтган маҳсулот ёки технология компания, кластер, кооператив,
стартап ёки спин-офф орқали масштаблашади, ҳокимлик ва вазирликлар эса илмий таҳлилга
таяниб қарор қабул қилади.
Агар илмни ҳаётга яқинлаштирмоқчи бўлсак, грантларни баҳолаш мезони ўзгариши
керак. Лойиҳа аризасида фақат “мақсад”, “вазифа”, “илмий янгилик”, “кутилаётган
мақола” бўлиши етарли эмас.
Унда қуйидаги саволларга ҳам аниқ жавоб бўлиши керак: қайси хонадон ёки
фермер майдонида ишланади? Қайси ҳудуд, тупроқ ва сув шароити танланган? Хонадон
нима олади — уруғ, кўчат, биопрепарат, вакцина, консультация, таҳлил ёки ўқувми?
Оила аъзоси техник ходим сифатида жалб қилинадими? Маҳсулотни қайта сотиб олиш
ёки бозорга чиқариш механизми борми? Қайси компания, кластер ёки кооператив кейин
масштаблаштириши мумкин? Натижа ҳосил, даромад, сув тежамкорлиги, иш ўрни, маҳсулот
сифати ва фермер ишончи орқали қандай баҳоланади? Мана шундай саволлар жавоби илмий
лойиҳани қоғоздан ҳаётга олиб чиқади.
Ҳар бир секторга қўллаш мумкин бўлган ёндашув
Бу модель фақат картошка, сабзавот ёки пахта учун эмас. Уруғчиликда янги
навлар фермер майдонида синаб кўрилади, маҳаллий уруғчилик занжири шаклланади.
Чорвачиликда зотдор қорамол, қўй, парранда ва қуён хонадонда илм асосида кўпайтирилади.
Ветеринарияда вакцина, диагностика ва профилактика пакети маҳаллада синаб кўрилади.
Балиқчиликда кичик ҳавзаларда интенсив балиқ етиштириш модели ишланади. Сабзавотчиликда
2-3 марта ҳосил олиш схемаси жорий қилинади. Боғдорчиликда интенсив боғ, томчилатиб
суғориш ва қатор ораси экинлари даромад манбаи бўлади.
Янги жиҳат шундаки, биз илмни тижоратлаштиришни фақат патент ёки стартапдан
эмас, хонадон, маҳалла ва фермер майдонидан бошлашни таклиф этяпмиз. Бу моделда
грант бир вақтнинг ўзида олимни ҳам, хонадонни ҳам, технология синовини ҳам, камбағалликни
қисқартиришни ҳам, кейинги бозорга чиқишни ҳам қўллаб-қувватлайди. Бу Ўзбекистон
учун амалий, бошқа давлатлар учун эса ўрганишга арзийдиган тажриба бўлиши мумкин.
Хулоса
Биз кўп йиллар илмни юқоридан пастга туширишга ўргандик: институтдан станцияга,
станциядан фермерга, фермердан бозорга. Энди эса муаммо хонадондан, фермердан, маҳалладан
ва ҳудуддан бошланиши, олим шу муаммони ечиши, натижа бозорга чиқиши, кейин сиёсат
ва миллий дастурга айланиши керак.
Илм хонадонга кирса, ҳисобот эмас, даромадга айланади. Илм фермер даласига
кирса, назария эмас, ишончга айланади. Илм бозорга кирса, маҳсулот ва хизматга айланади.
Илм ҳоким қарорига кирса, тўғри сиёсатга айланади. Илм жамиятга кирса, тараққиёт
бўлади.
Бугун Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ана шу янги йўлга қадам қўймоқда. Президентимиз
раҳбарлигида илм-фанни қўллаб-қувватлаш, фермер ва деҳқонга эркинлик бериш, сув
тежовчи технологияларни жорий этиш, уруғчиликни ривожлантириш, қайта ишлаш ва экспорт
салоҳиятини ошириш, инновация экотизимини шакллантириш, энг муҳими, инсон манфаатини
марказга қўйиш бўйича ислоҳотлар шу йўналишга мустаҳкам асос яратмоқда.
Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясини қайта ташкил этиш ташаббуси ҳам ана
шу ислоҳотлар руҳига мос келади. Давлатимиз раҳбари илмий ҳамжамиятлар, янги академиклар
ва соҳадаги илмий институтларни ана шу янги занжир доирасида кўриш, ҳар бир академик
ва илмий жамоанинг хонадонда, маҳаллада, туманда ва вилоятда амалий модели бўлиши
зарурлигини алоҳида таъкидлаб келмоқда. Бошқача айтганда, янги даврда академия
илмий институтларни фақат грант кутадиган ёки ҳисобот топширадиган муассаса эмас,
балки ҳудудларга маслаҳат берадиган, фермерга технология етказадиган, хонадон даромадини
оширадиган, бозорга маҳсулот чиқарадиган ва миллий озиқ-овқат хавфсизлигига хизмат
қиладиган амалий ақл марказига айлантириши зарур.
Энди олимлар, профессорлар, институтлар ва грант берувчи ташкилотлар ўз
саволини ўзгартириши лозим. Савол фақат “қанча мақола чиқади?” эмас, балки “бу
илм кимнинг ҳаётини енгиллаштиради?”, “қанча патент олинади?” эмас, балки “бу
технология қайси фермерга даромад беради?”, “лойиҳа қаерда бажарилади?” эмас, балки
“у қайси хонадонда, қайси далада, қайси маҳаллада ҳаётга киради?” бўлиши керак.
Шунда илмий грант харажат эмас, инвестицияга, академия ҳисобот
маркази эмас, миллий ақл марказига айланади. Олим маслаҳатчи, яратувчи ва тараққиёт
шериги бўлади. Фермер эса фақат истеъмолчи эмас, илмнинг ҳаммуаллифига айланади.
Энг муҳими, халқ илмнинг натижасини қоғозда эмас, ўз даласида, хонадони даромадида,
дастурхонида кўради.
Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,
қишлоқ хўжалиги вазири,
академик