Айниқса, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ҳолатлари кўпайгани ташвиш уйғотмоқда.

Хусусан, Чорвоқ эркин туристик зонаси ҳудудида қурилишлар 2020 йилга нисбатан 10 баробарга ошган. Бу эса айрим лойиҳа эгалари томонидан чиқиндиларни экологик меъёрларга риоя қилмасдан турли жойларга ташлаш ҳолатларининг ортишига сабаб бўлган.

Қонунчиликка кўра, бундай қоидабузарликлар учун жавобгарлик қатъий белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаш фуқаролар ва мансабдор шахсларга жарима қўлланилишига олиб келади. Агар ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такрорланса, жазо чоралари янада кучайтирилади.

Ҳозирда махсус комиссия томонидан республика бўйлаб доимий рейдлар ўтказилмоқда. Ушбу жараёнга Бош прокуратура, ИИВ, ФВВ, Миллий гвардия, экологик ва туризм назорати органлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар жалб этилган. 10 апрелдан бошлаб жойларда кенг қамровли текширувлар бошланди.

Текширувлар аввало Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ ҳудудида ўтказилди. Дастлабки маълумотларга кўра, 2020–2021 йилларда икки чиқинди полигони рекултивация қилиниб ёпилган. Ҳозирда эса чиқиндилар Паркент туманидаги полигонга олиб борилмоқда.

11–13 апрель кунлари ўтказилган рейдлар давомида:
— 102 та чиқиндиларни ноқонуний ташлаш ҳолати аниқланди;
— 19 та ҳолатда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қоидалари бузилди;
— 2 та ноқонуний чиқиндихона бартараф этилди;
— 401 тонна чиқинди махсус полигонларга олиб чиқилди.

Шунингдек, назоратни кучайтириш мақсадида ҳудудда 10 та нуқтага видеокузатув ускуналари ўрнатилди. Яқин вақтда яна 40 та жойда камералар ўрнатилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, республика бўйлаб экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган 10 кунлик тадбирлар ўтказилмоқда. Ушбу даврда ҳам қурилиш чиқиндиларини ноқонуний ташлаш билан боғлиқ 11 та ҳолат аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди.