“Рақамли даврда қонун устуворлигини таъминлаш: инновациялар, инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик мутаносиблиги” мавзусига бағишланган мазкур форум мамлакатимизда илк бор ташкил этилмоқда.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси масъул ташкилот раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва эксперт доиралар вакиллари иштирок этди.

Форум ишига Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, INTERPOL, Германия халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси (IRZ), Европа кибертаълим тармоғи (ECTEG) ҳамда бошқа нуфузли халқаро институтлар экспертларининг жалб этилгани унинг юқори экспертлик ва амалий аҳамиятини янада оширади.

“TASHKENT CYBERLEX – 2026” кенг халқаро вакиллик таркиби ва иштирокчилар географияси билан ҳам аҳамиятлидир. Форумда АҚШ, Германия, Франция, Япония, Корея Республикаси, Хитой, Сингапур, Нидерландия, Австрия, Латвия, Исроил, Вьетнам, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Молдова, Озарбайжон ва бошқа давлатлардан прокурорлар, суд экспертлари, олимлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва рақамли технологиялар соҳаси мутахассислари иштирок этмоқда. Халқаро иштирокчилар ва экспертлар сони форумнинг минтақавий эмас, балки кенг халқаро мулоқот платформаси сифатида шаклланаётганини кўрсатади.

Форумнинг ялпи мажлиси “Рақамли даврда қонун устуворлигини таъминлаш: инновациялар, инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик мутаносиблиги” мавзусига бағишланди.

Форум доирасида ташкил этилган тўртта тематик сессия рақамли ҳуқуқ ва киберхавфсизлик соҳасининг энг долзарб масалаларини қамраб олган. Булар:
“Юридик фан ва таълимдаги инновациялар: киберҳуқуқ, рақамли криминалистика ва сунъий интеллект”;
“e-Crime: рақамли криминалистиканинг замонавий усуллари ва воситалари”;
“Сунъий интеллект ва жиноят процесси рақамли трансформацияси: тараққиёт, хавф-хатарлар ва шахс ҳуқуқларининг кафолатлари”;
“Рақамли далиллар ва криптоактивлар: активларни қайтариш бўйича халқаро ҳамкорлик”.

“TASHKENT CYBERLEX – 2026” форуми илмий муҳокамалар билан чекланиб қолмай, рақамли даврда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида инновацион ёндашувларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда киберхавфсизлик ва рақамли ҳуқуқ соҳасида янги ташаббусларни илгари суришга хизмат қилувчи муҳим глобал платформа сифатида аҳамият касб этмоқда.

М. Собирова,

М. Расулова