Бу борада изланишлар эса ўз натижасини  бера бошлади. Улардан бири IX асрда Абу Усмон Амр ибн Баҳр Жоҳиз томонидан араб тилида ёзилган “Туркларнинг фазилатлари” асарининг илмий муомалага киритилиши бўлди.

Араб тили ва адабиётининг йирик намояндаларидан бири Абу Усмон Амр ибн Баҳр Жоҳиз тахминан 777 йили Басрада туғилган ва 869 йили шу шаҳарда оламдан ўтган.

Ўз даврининг етук алломаларидан бири бўлмиш Жоҳизнинг 370 га яқин китобидан йигирма бештаси тўлиқ ҳолатда, олтмиш бештасининг эса муайян қисмлари бизгача етиб келган. Улар орасида “Туркларнинг фазилатлари” асари ҳам бор. У араб тилидаги энг қадимги манбалардан бири ҳисобланади.

Асар халифа Муътасим даврида яратилгани бежиз эмас. У туронликларга қаттиқ ишонган. Биринчидан, унинг онаси, демак, Хорун Рашиднинг хотини Морида туронлик турк қизларидан эди. Иккинчидан, унинг қўшини асосан бир неча минг туркий аскардан ташкил топган ва энг ишончли саркардаси Абу Жаъфар Ашинас турк эди. Турк хоқонлиги асосчилари — ашиналийлар уруғидан бўлган бу ҳарбий арбоб халифалик ҳаётида ўта юксак мавқени эгаллаган. У олдинига халифаликнинг Миср, Шом ўлкаларини, кейинчалик бутун ҳарбий қўшинларини бошқарган. Муътасимнинг яна бир атоқли саркардаси Ҳайдар ибн Ковус ҳам келиб чиқишига кўра Уструшона афшинларидан эди.

Жоҳиз мазкур рисоласини халифа Мутаваккилнинг келиб чиқиши фарғоналик бўлган маслаҳатчиси, айғоқчилик хизмати бошлиғи сифатида хизмат қилган Фатҳ ибн Хоқонга бағишлаганини ҳисобга олсак, туронлик ҳарбийларнинг халифалик ҳаётида тутган ўрни янада яққоллашади.

Демак, тўққизинчи юзйилликка келиб, туркий ҳарбийлар халифаликда муҳим сиёсий кучга айланган. Халифалар уларнинг ҳарбий маҳоратига таяниб қолгани боис, туркларнинг фазилатларини тарғиб қилган. Халифа Муътасим аскарликка олинган турклар ватанига қайтишни истаб қолмаслиги учун уларни Турондан атайин олиб келтирилган аёлларга уйлантиргани эса халифалик хавфсизлиги ва ҳарб иши аждодларимизга қанчалик боғланиб қолганини кўрсатади, албатта.

Араб саркардалари ва Жоҳизнинг туронликлар ҳақидаги шахсий қарашлари баён этилган ушбу асарда турклар деганда муаллиф биз, ўзбеклар аждодлари — Турон аҳлини кўзда тутган. Негаки у пайтларда туркий қатламлар ҳозирги Эрон, Кавказ, Туркияда тарқалмаган эди.

“Туркларнинг фазилатлари” ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи, айниқса, миллий ҳарб ишини ўрганишда ўта қимматли манба бўла олади. Ундаги ҳарбий бошқарув тизими, ҳарбий маҳорат ва салоҳият, уруш усуллари, қурол-яроғлар ва улардан фойдаланиш, йилқичилик фаолияти алоҳида  ўрганадиган мавзу.

Жоҳиз туронликларнинг ботирлигини бир жумла орқали бундай ифодалайди: “Араб қўшинларининг юрагини турклар каби қўрқитган ҳеч бир халқ йўқ”.

Туронликлар ҳарбий бошқаруви

Олимнинг таъкидлашича, турклар нафақат жисмоний куч ва жангдаги маҳорат, балки ҳаракатдаги тартиб, буйруқни бажаришдаги тезлик ва интизом билан ҳам ажралиб турган. “Улар амирнинг буйруғини кечиктирмай адо этадилар: агар у ҳукм қилса, улар учун буйруқ ва хоҳиш бир нарсадир”, деб ёзади Жоҳиз. Мазкур таъкид туронлик жангчиларда марказлашган бошқарув ва раҳбар сўзини қонун сифатида қабул қилиш анъанаси кучли бўлганини кўрсатади. Муаллиф буни табиий ҳолат сифатида изоҳлайди: турклар табиатан ҳарбий тузилмага мойил, уларда тартиб ва интизом туғма фазилатдир, улар учун жамоада бирликни бузмаслик, амирга садоқатни сақлаш олий бурчдир.

Жоҳиз туркларнинг ҳарбий бошқарувини чумолиларнинг фаолияти ва бошқарувига ўхшатади. Унга кўра, чумолилар тартиби ва ҳар бирининг алоҳида ҳамда жамоавий ҳаракати туркийларнинг жангчилик ва ҳарбий маҳоратини тушунишда амалий ёрдам сифатида хизмат қилади. Чумолиларнинг ҳар бир ҳаракати тизимли ва мақсадли бўлганидек, туркий ҳарбийлар ҳам ўз вазифаларини аниқ англаб, урушда самарали иш тутади.

Туркий аскарларнинг ҳар бири ўз вазифасини яхши билади ва жанг майдонида мустақил қарор қабул қилиш қобилиятига эга. Чумоли мисолидаги озиқни сақлаш ва ҳамроҳларига ёрдам қилиш ҳар бир туркийнинг жангда ўз ўрнини мустақил назорат қилиш қобилияти билан уйғундир. Бу шахсий маҳорат ва кенг кўламли фикрлашнинг илк намунасидир.

Чумолиларнинг йўлни давом эттиришдаги тез ҳаракати туркий отлиқ қўшинлар ҳаракатларига ўхшаш. Туронликлар қўшинни тез ҳаракатлантириш, душман чегараларини аниқлаш ва кутилмаган ҳужумларни амалга оширишда бу қобилиятдан фойдаланади.

Маҳорат ва салоҳият инъоми

Туркларнинг ҳарб ишидаги маҳорати ва салоҳияти ҳақида ёзган Жоҳиз бу хислатларни уларга Яратган томонидан инъом этилган юрт билан боғлиқ экани ва бундай ҳолат ­дунёдаги бошқа халқларда учрамаслигини айтади.

“Туркларнинг аёллари ҳам эркакларидек жасур, мард. Уларнинг от-уловлари ҳам ўзига хос. Тангри уларнинг юрти, тупроғини ана шундай алоҳида қилиб яратган. Ер юзидаги барча юртлар ва уларда яшайдиган инсонларнинг қуввати ҳам, умр узунлиги ҳам ўша юртники қандай бўлса, шунга мос бўлади”.

Туронликларнинг жангда кўрсатган жасоратини бошқа бирор халқда кўриш мумкин эмас, деб ёзган Жоҳиз, араб бир ўқни отгунча, туронлик ўнта ўқни нишонига уришини алоҳида урғулайди. Чиндан ҳам аждодларимизнинг ёйчилик борасида маҳорати минг йиллар давомида бошқа халқларни ҳайрон қолдириб келган. Бунинг гувоҳи бўлган араблар ҳарбий юришларининг илк даврларидаёқ ўз қўшинларига тўрт минг бухоролик ёйчини қўшиб олгани маълум. Улар Басрада бир кўчага жойлаштирилган ва бу жой “Бухороликлар кўчаси” номи билан машҳур бўлган. Бу ёйчилар халифалик қўшини таркибига жалб қилинган илк туронлик аскарлардир.

“Туронликнинг орқага чекиниши ўлдургучи заҳар кабидир, чунки олдинга қандай аниқ маҳорат билан ўқ отса, орқага ҳам худди шундай ўқ уза олади. Арабларнинг “Туронликнинг тўртта кўзи бор: иккитаси бошининг олдида, қолган иккитаси эса бўйнининг орқасидадир”, деган гапига бирор қўшимча қилишга ўрин йўқ деб ўйлаймиз.

У яна бир нарсага тан берган: “Тез юришга чидамлилик масаласида, чегара қўшинлари, хабарчилар, хизматчилар ва аскарларнинг кучлари бир кишида тўпланса ҳам бир туркийга тенг келмайди”.

Қўшиндаги аскарларнинг яна бир фазилати уларнинг ҳар бири душман қўшинидаги камчилик ва заифликларни кўра олиши билан боғлиқдир: “Турклар бир душманга қарши саф тортсалар, уларнинг ҳаммаси қарши томондаги камчиликни кўрадилар. Агар сафда камчилик ва ғалабага умид қиладиган ҳолат бўлмаса, тўғри йўл чекинишдир. Туркларнинг ҳаммаси камчиликни кўради ва топади. Бирга ишга киришганлари учун ҳаммасининг қадри ва мукофотлари бирдир”.

Туронликларнинг жанг пайтидаги ва жангдан кейинги маҳорати ҳақида араблар жуда яхши билган. Жоҳиз туркларни жангдан кейин таъқиб қилиш хато экани, бунга ҳеч ким журъат қила олмаслиги, чунки таъқиб қилиш билан барибир етиб олиш мумкин эмаслигини бундай ифодалайди: “Араб таъқиб қилса, тутиш билан, таъқиб қилинса, қочиб қутулиш билан фахрланади. Туркнинг эса қочиб қутулишга ҳожати йўқ. Чунки у таъқиб қилинмайди, уни тутишга ҳаракат қилинмайди. Тутиш умиди бўлмаган нарсани ким ҳам таъқиб қилади?”.

“Туркнинг оти устида на оғирлиги билинади, на ерда юрганда оёқ товуши эшитилади. Турк биздан бир чавандоз олдида кўрмаган нарсани орқасида турганида кўради. У биздан бир чавандозни ўлжа деб билади, ўзини эса йиртқич барс санайди, уни кийик деб, ўзини эса овчи деб ўйлайди. Аллоҳга қасамки, агар бир турк қудуқнинг тубига қўллари боғланган ҳолда ташланса ҳам ундан чиқиш йўлини топади. Уни ҳеч қандай ҳийла чорасиз қолдиролмайди”.

Араб лашкарбошиси тилидан келтирилган ушбу фикрларни асарида қайд этган Жоҳиз шу орқали туронликларнинг ҳарб ишидаги маҳорати қандай даражада эканини ҳам кўрсатиб берган.

Айниқса, унинг мана бу эътирофи бугун ҳам аҳамиятини йўқотмаган: “Уларнинг табиати ҳаракатга асосланган... Руҳларидаги қувват таналаридаги қувватдан ҳам кучлидир. Чунки улар ёнғин каби қудратли, ҳароратли, ҳаракатга тайёр, зийрак ва фаҳмли одамлардир. Хотиралари кучли, нигоҳлари ўткирдир. Улар камбағалликни ожизлик деб биладилар, узоқ бир жойда бўлишни нодонлик, роҳатни тўсиқ, қашшоқликни шармандалик, жангни тарк этишни эса хорлик деб ҳисоблайдилар. Шундай экан, туркларнинг фазилати (устунлиги) ҳаммасини қамраб олади, уларнинг шарафи бошқаларникидан устун бўлади”.

Жанг усуллари

Жоҳизнинг ёзишича, туркларнинг ҳарбий фаолиятида уларни араб ёки ажам (араб бўлмаган) қавмлардан ажратиб турадиган муҳим жиҳат бор. У ҳам бўлса, улар кимга қарши саф тортишларидан қатъи назар, жангга ­тайёргарлик жараёнида ўзларига хос, пухта ўйланган тартиб ва ташкилий усулларни танлайди. Биринчи навбатда, душманнинг зарари ва ҳийласини ўз қўшинларидан четлатишни ўйлайди. Шу боис, туркий қўшинлар жанг майдонига бир хил сон, ўхшаш тартиб ва ички интизом билан чиқишга алоҳида ­эътибор беради.

Агар сулҳга эришишнинг иложи топилмаса ва жанг муқаррар бўлиб қолса, туркларнинг асосий саъй-ҳаракати ўз қўшинларини ҳимоя қилиш, саф тузилмасини сақлаш ва жангчи кучини юқори даражада сақлаб қолишга қаратилади. Зарурат туғилганда, улар душманга қарши турли ҳийлалар — алдов, йўлни тўсиш, чалкаштириш ва душманни кутилмаган пайтда босиб олиш каби усуллардан фойдаланади. Жоҳиз бошқа халқлар бу даражадаги ҳарбий ҳийла ва олдиндан тайёрланган усулларни тасаввур ҳам қила олмаганини алоҳида урғулайди.

Муаллиф туркларнинг мустаҳкам деворли шаҳарларга кириб бориш ёки Амударё каби табиий тўсиқларни кесиб ўтишда қўллаган ҳарбий усуллари бўлганига ҳам эътибор қаратган. Бу эса туронликларнинг нафақат очиқ майдон жангларида, балки қалъа олиш, дарё кечувини таъминлаш ва йирик юришлар каби мураккаб ҳарбий вазифаларда ҳам малакали бўлганини кўрсатади.

“Илк ҳамлага келганда, турклар бу ишда ўта самарали ва тезкордирлар. Улар ҳужум шиддатли, азми мустаҳкам бўлсин, бўшашмасин ва фикри ўзгаришсиз қолсин дея отларини ортга бурмасликка ўргатади”. Бу усул уларнинг жанг бошланишида қўллайдиган ва рақиб сафини ёриб ўтиб, уни саросимага соладиган асосий қуроли бўлган.

Жоҳиз бунда асосий эътибор отга қаратилгани, от жангга киришдан олдин ўргатилишини қайд этган. Унга кўра, турк урушдан олдин отига орқага қайтмасликни ўргатади, отга фақат олдинга ташланиш ва душман устига шиддат билан ҳужум уюштиришни уқтиради. Бу эса душманни саросимага солади ва илк ҳамладаёқ уни чекинишга мажбурлайдиган ҳарбий усул саналади.

Муаллиф Хуросон лашкарларининг камчиликларини таърифлар экан, жанг бошида улар орқага чекинишга мажбур бўлса ёки сафни қайта тиклаш учун ортга юрса, душман устига бостириб келган пайтда кўпинча мағлубият юз беришини айтади. Уларнинг орқага қайтмай туриб, олдинга интилишлари ҳам баъзан зарар етказади, чунки тартибсиз ҳаракат сафнинг бузилишига олиб келади ва душман учун қулай имкон яратади. Араблар эса бир бор қочсалар, уларни қайта тўхтатиб бўлмайди, бундай ҳолдан сўнг улар жуда кам ҳолларда яна ҳужум қилишга журъат этади.

Туронликлар эса бундай эмас. Улар хуросонликлар каби тартибсиз тарзда ҳужум қилмайди ва орқага чекиниш ҳам уларнинг жанг услубида душманни чалғитувчи, кучли зарбага тайёрловчи бир воситадир. Асарда таъкидланишича, туркларнинг орқага чекиниши ўзлари учун эмас, балки душман учун ҳалокатлидир. Чунки туронлик жангчи олдинга қараб қандай моҳирлик билан ўқ отса, орқа томонга ҳам худди шундай аниқлик билан ўқ узади. Шунинг учун душман уларнинг орқага қайтаётганини кўриб, ғолиблик дея шошилса, айнан ўша пайт ҳалокатга учраши мумкин. Натижада туронликлар жанг майдонида ҳар икки томонга — ҳам олдинга юришда, ҳам орқага қайтаётган пайтда душманга қарши босимни сақлаб қолади. Бу эса уларнинг жанговар устунлиги нафақат тўқнашувнинг бир босқичида, балки ҳар бир ҳолатда намоён бўлишини кўрсатади.

Қурол-яроғлар ва улардан фойдаланиш

Рисолада туронлик ҳарбийларнинг қурол-яроғлари ҳақида қимматли фактлар бор. Масалан, найза ҳақида бундай маълумот учрайди: “Арабнинг найзаси узун ва ичи тўладир, туронликнинг найзаси эса қисқа ва ичи бўш бўлиб, ичи бўш ва калта найзалар жуда қулай ва жангда унумлироқдир”. Демак, Туронда VIII-IX асрларда асосан калта, ичи бўш найзалардан фойдаланилган ва бу, айниқса, отлиқлар учун анча қулай бўлган.

Ичи бўш ва калта найзаларнинг бир неча устунлиги бор эди: улар осонлик билан қўлланади, шиддатни оширади, жанг майдонида тез-тез ҳужум ва мудофаани амалга ошириш имконини беради.

Муаллифнинг ёзишича, туронликлар томонидан ишлатиладиган ҳар хил қурол ва жиҳозлар — ўқ, садоқ, найза, шунингдек, ҳужум қуроллари ва мудофаа яроғларини ясаш мураккаб ҳамда бир неча босқичли жараёндан ўтган. Энг асосийси, турк жангчилари ва қуролсозлари ушбу жараённинг барча босқичларини мустақил, ўз қўллари билан бажарган. “Улар ҳеч кимдан ёрдам сўрамайдилар, бошқа усталар билан боғланмайдилар ва ижара, муддат ёки ваъдалар билан боғлиқ ташвишлар билан бош қотирмайдилар”, деган сўзларни Жоҳиз ҳайратга тушиб ёзган.

“Турклар отлиқларига икки-учта ёй ва ёйдан ташқари бошқа асбобларни ҳам олиб юришни ўргатадилар. Турк ҳужум қилса, ёнида керакли бўлган ҳамма нарса, қуроли, оти ва отига тегишли асбоблари бўлади”. Демак, аждодларимиз жангга ҳамма эҳтиёж, ҳатто отининг заруратларини қондира оладиган ҳолатда кирган ва шу тариқа ғалабага эришиш янада осонроқ кечган.

Йилқичилик фаолияти

Йилқичилик халқимиз туриш-турмушида қадимдан алоҳида аҳамият касб этиб келган. Маҳмуд Кошғарий  бежиз “От — туркнинг қанотидир”, демаган.

Жоҳиз туронликларнинг от парвариши, отни жангга тайёрлаш,  отларининг шиддати ва важоҳати ҳақида ҳам муҳим маълумотларни қолдирган.

Асарда келтирилишича, туркларнинг болалик ва улғайгандан кейинги даврида ҳарбий ўйинлари бўлиб, олдинига фарзандларига югуриб келиб отга сакраб минишни ўргатган бўлса, улғайгандан кейин от устида ёйдан аниқ ўқ отиш ва чавгон ўйнаш каби машғулотлар билан чиниқтирган. Чавгон ўйинидан асосий мақсад от устида мувозанатни тўғри сақлай билиш, ҳар қандай рақиб ҳужумига қарши тура олиш, отдан йиқилиб тушмаслик сир-синоатларини эгаллаш бўлганини айтиш мумкин.

Урушга кирадиган ҳар бир отга жангда асқатадиган ҳаракатлар ва шиддатли ҳужумлар тойчоқлигидан ўргатилган. Шу маънода, Жоҳизнинг қуйидаги фикрлари эътиборга моликдир: “Арабларнинг оти туркнинг отидек сабрли ва бардошли эмас. Араб ўз отини бошқа отлиқлар каби ўргатади ва даволайди. Турк эса байтардан (от табибидан) ҳам моҳир, отини парваришлашда отбоқардан ҳам устадир”.

Асарда Турон отларининг кучи ва қуввати ҳамда бардошлилиги ҳақида қатор қайдлар бор. Чунончи, туркларнинг отлари ҳам ўзларига ўхшаб жуда бардошли ва кучли. Жоҳиз айтганидек, “Туркнинг узоқ сафарларига фақат айрим уловлар бардош бера олади. Туркий элларни чарчатган ва жангларида югуртирган отларининг сафарига арабларнинг оти чидай олмайди”.

Узоқ сафарларга фақат Турон отлари бардош бера олиши айнан араб муаллифи томонидан айтилиши бу ишда ҳатто машҳур араб отларининг ҳам заиф эканини англатади. Араблар ва туркларнинг отларини таққослаган Жоҳиз турк отларининг яққол устунлигини таъкидлайди.

“Туркнинг оти қамиш илдизи ва дарахт шохи билан кифояланади. У отини қуёшдан ёки совуқдан ҳимоя қилмайди”. Мазкур ҳолат турк отларининг чўл ва дашт ҳудудларида узоқ сафарлар, ҳарбий юришлар пайтида тез касалланишининг олдини олган, отларнинг ўртача умрини оширишга хизмат қилган.

“Туркларнинг фазилатлари” манбаси ҳарб ишимизни ҳар томонлама ўрганиш, бой ва қадим ҳарбий меросимизни халқимиз ва бутун дунёга тарғиб этиш учун барча асосларимиз борлигини кўрсатади.

Жавоҳир ЗАФАРЗОДА,

ЎзФА Тарих институти кичик илмий ходими