Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан туриб, зиддиятлар тобора ортиб, ўзаро ишонч йўқолиб бораётган бугунги дунёда Ўзбекистоннинг позицияси ҳақида сўзлади.
«Танлаган йўлимиз аниқ — очиқлик, яхши қўшничилик ва мулоқот. Биз тинчлик, ҳамкорлик ҳамда инсон қадр-қимматини эъзозлаш тарафдоримиз», — деди Саида Мирзиёева.
У нутқида Марказий Осиёдаги туб ўзгаришлар, Ўзбекистондаги ислоҳотлар, экология ва Орол фожиаси, сунъий интеллект тараққиёти, қонун устуворлиги ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига тўхталиб ўтди.
Саида Мирзиёева, шунингдек, бугун ҳеч бир давлат глобал муаммоларни ёлғиз ўзи ҳал қила олмаслигини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистон ишонч ва ўзаро ҳурматга асосланган келажакни барпо этиш йўлида муносиб ҳисса қўшишга доимо тайёр.