Бу ҳақда БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг трансмиллий таҳдидларни тадқиқ ва мониторинг қилиш маркази раҳбари Саломе Флорес маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ташкилот фаолияти гиёҳванд моддалар билан боғлиқ таҳдидларни ўрганишга қаратилган бўлиб, Самарқанддаги мазкур форумда иштирок этиш катта аҳамиятга эга.
Саломе Флорес Ўзбекистон томонидан ушбу тадбир юқори даражада ташкил этилганини алоҳида таъкидлаб, халқаро ҳамжамият учун муҳим масалаларни муҳокама қилиш имконияти яратилганини қайд этди. Форум доирасида турли давлатлар вакиллари гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси қандай ўзгараётгани, шунингдек, унга қарши самарали чоралар ҳақида фикр алмашмоқда.
Қайд этилишича, тадбирда халқаро ташкилотлар мутахассислари билан бир қаторда миллий идора ва муассасалар экспертлари ҳам иштирок этмоқда. Бу эса билим ва тажриба алмашиш, шунингдек, умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш имконини бермоқда.
Флореснинг таъкидлашича, гиёҳвандлик билан боғлиқ таҳдидлар миллий эмас, балки минтақавий хусусиятга эга. Шу сабабли, давлатлар ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни кучайтириш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Форумда Марказий Осиёнинг бешта давлати ҳамда бошқа мамлакатларнинг юқори даражадаги расмий вакиллари иштирок этмоқда. Шу билан бирга, техник экспертлар ва соҳавий мутахассисларнинг иштироки қабул қилинаётган қарорларнинг амалий аҳамиятини оширишга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Унинг фикрича, мазкур форумнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — сиёсий ирода ва амалий ҳаракатларга тайёрлик намоён бўлаётганидир. Бу эса гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашда самарали натижаларга эришиш имконини беради.