Конгресс Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россия соғлиқни сақлаш соҳаси раҳбарлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро болалар онкологлари жамияти ва Европа онкология мактаби вакилларини бирлаштирди. Шунингдек, унда хорижий университет клиникалари ва етакчи тиббиёт марказлари, халқаро ва миллий илмий ҳамжамият ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.

Конгрессда сўзга чиққан Зироат Мирзиёева жаҳон ҳамжамияти, ҳукуматлар, олимлар ва инсонпарвар ташкилотларни аниқ ва кечиктириб бўлмайдиган чораларни амалга ошириш йўлида бирлашишга чақирди.

«Дард ва касаллик сиёсий чегара, миллат ёки даромад танламайди. Ҳеч бир бола, ҳеч бир оила ўз дарди билан ёлғиз қолмаслиги учун, фаровон келажаги учун бирлашайлик!» — деди у.

Конгресс доирасида «Меҳрли мактаб» ўқувчиларининг чиқиши ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Болалар ўз ҳаётий ҳикоялари орқали бутун дунё болаларининг умидларини ҳам етказди.

Уларнинг чиқиши конгресс иштирокчиларига даволаниш натижаларига кичик беморларнинг нигоҳидан қараш, уларнинг беқиёс иродаси ва чексиз миннатдорлик туйғусини ҳис этиш имконини берди.