Мазкур нуфузли халқаро анжуман Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.

Маълумки, 2025 йил 3–4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида тарихда илк бор “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи саммити” ўтказилиб, унда Европа Иттифоқи раҳбарияти ва Марказий Осиё давлатлари етакчилари томонидан муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш бўйича муҳим келишувларга эришилган эди. Бугунги конгресс ана шу тарихий саммитда белгиланган вазифаларнинг амалий давоми сифатида ташкил этилмоқда.

Глобал ўзгаришлар шиддат билан кечаётган шароитда таълим ва илм-фан соҳаси халқаро интеграциянинг ҳал қилувчи драйверига айланиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, мазкур конгресс Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги академик ҳамкорликни тизимли ва институционал асосда ривожлантиришга қаратилган.

Анжуман доирасида университетлар ўртасида мустаҳкам академик платформа шакллантириш, қўшма таълим дастурлари ва илмий тадқиқотларни кенгайтириш, академик мобилликни фаоллаштириш ҳамда таълим сифатини ошириш университетларнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёни ягона билим ва инновациялар маконига айлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Конгресс дастурига мувофиқ, дастлаб вазирлар даражасида учрашувлар ташкил этилган бўлиб, унда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Конгресснинг расмий очилиш маросимида юқори мартабали халқаро ва миллий даражадаги раҳбарлар иштирок этди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Илҳом Сираджев, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар, Полша Республикаси фан ва олий таълим вазири Марсин Куласек, Тожикистон Республикаси таълим ва фан вазири Раҳим Ҳамро Саидзода, Полmша академик олий таълим муассасалари ректорлари конференцияси (CRASP) президенти Богумила Каневска ҳамда IREGAcademic Ranking & Excellence Observatory президенти Валдемар Сивински иштирок этди. Улар томонидан таълим ва илм-фан соҳасидаги шерикликни чуқурлаштиришга доир фикр ва таклифлар билдирилди.

Шундан сўнг, вазирлар иштирокидаги панель сессия ташкил этилди. Унда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё университетлари ўртасида ҳамкорликнинг янги йўналишлари, стратегик ёндашувлар ва келгусидаги устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Куннинг иккинчи ярмида эса конгресснинг асосий мазмунини ташкил этувчи параллель сессиялар бўлиб ўтди. Ушбу сессиялар бир нечта йўналишлар бўйича ташкил этилган:

— ижтимоий ва иқтисодий фанлар йўналишида жамият трансформацияси, сунъий интеллект этикаси ва иқтисодиётда катта маълумотлардан фойдаланиш масалалари;

— муҳандислик ва технологиялар йўналишида университет ва саноат ҳамкорлиги, “яшил” трансформация ҳамда илғор технологияларни жорий этиш;

— тиббиёт фанлари йўналишида рақамли тиббиёт, биомедицина ва персоналлаштирилган тиббиёт масалалари муҳокама қилинмоқда.

Шу билан бирга, конгресс доирасида икки томонлама учрашувлар, B2B форматдаги мулоқотлар ва меморандумларни имзолаш маросимлари ҳам ташкил этилган бўлиб, бу ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Муҳокамаларда икки дипломли таълим дастурларини кенгайтириш, сунъий интеллект, биомедицина ва “яшил” технологиялар соҳаларида қўшма тадқиқотлар олиб бориш, Erasmus+ ва Horizon Europe дастурларида иштирокни фаоллаштириш ҳамда университет ва саноат ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.