Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида «Озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор қишлоқ хўжалиги: ресурстежамкор технологиялар, яшил иқтисодиёт, ақлли қишлоқ хўжалиги ва агротуризмни ривожлантириш йўллари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ҳамда «Иқтисодий ўсиш ва инсон капиталини ривожлантириш учун таълимнинг инновацион шакллари» халқаро форуми ўз ишини бошлади.
Анжуманда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари, Тожикистондан келган меҳмонлар, Латвия ва Словакия элчихоналари вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этмоқда.
Тадбирда асосий эътибор сув ва бошқа ресурслардан тежамкор фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва «ақлли» қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этиш масалаларига қаратилмоқда.
Анжуман доирасида Ўзбекистон, Тожикистон, Словакия ва Латвия университетлари ҳамкорлигида амалга оширилган «Очиқ университет» лойиҳасининг натижалари ҳам муҳокама қилинмоқда. Лойиҳа доирасида талабалар ёши ва қаерда яшашидан қатъи назар, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда очиқ курс ва модулларда таълим олиш имкониятига эга бўлади.
Икки кун давом этадиган конференцияда қишлоқ хўжалигини иқтисодий баҳолаш, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси, тупроқ унумдорлигини ошириш ҳамда ресурстежамкор технологияларни амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, ёш тадқиқотчиларнинг инновацион ғоялари ва амалий ишланмалари тақдим қилиниб, уларни рағбатлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилади.
Ҳамкорлик материали