Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти хабар берди.

13 июль куни соат 17:00 да Самарқанд вилояти қўриқлаш хизмати бошқарув марказига Самарқанд шаҳар Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган банкларнинг биридан ташвишли хабар тушган. Хабар асосида тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар ходимлари воқеа жойига уч дақиқа ичида борганида, қишки кийимда, юзини ниқоб билан яширган шахс, қора рангли сумка кўтарган ҳолда банк ичида, ўзида портловчи модда борлигини айтиб, ойналарни синдириб, пул талаб қилаётгани аниқланган.

Вазиятни тезкор назоратга олган бошқарув маркази ходимлари зудлик билан қўшимча тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ, ички ишлар соҳавий хизматлари ва тез тиббий ёрдам ходимларини воқеа жойига йўналтирган. Қўриқлаш ходимлари дастлаб фуқаро билан масофавий мулоқотга киришган тарзда музокаралар олиб борган. Музокаралардан сўнг тартиббузар ўз хоҳиши билан таслим бўлган ва қўлга олинган. Ҳодиса оқибатида фуқароларга зарар етмаган.

Аниқланишича, вояга етмаган фуқаро пулларни осон даромад топиш манбайи сифатида тезкор қўлга киритиш ниятида бўлган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.