Тадбирда Хитой ва Марказий Осиё мамлакатларининг етакчи таҳлил марказлари, давлат идоралари вакиллари ҳамда экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирок этиб, минтақавий ҳамкорлик истиқболлари ва модернизация жараёнларини биргаликда амалга оширишнинг амалий ёндашувларини муҳокама қилдилар.

Форум иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов видеомурожаат йўллади. У ўз нутқида Хитойнинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлиги доирасида эришилган асосий натижалар ва ўзаро ҳамкорликнинг долзарб йўналишларини қайд этиб, шерикликни янада ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратди.

У форумнинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги аҳамияти тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, мазкур форумнинг “Хитой – Марказий Осиё” саммитлари якунлари бўйича икки марта алоҳида қайд этилгани давлатлар раҳбарлари экспертлар мулоқотини шунчаки расмиятчилик эмас, балки ўзаро ҳамкорликнинг самарали воситаси сифатида кўраётганидан далолат беради.

Шерикликнинг мустаҳкам сиёсий пойдевори Астана декларацияси ҳамда Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома орқали яратилганини таъкидлади. Ушбу ҳужжатлар келгуси ўн йилликлар учун ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларига тўхталар экан, у 2025 йил якунларига кўра, Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми илк бор 106 миллиард доллардан ошгани ва йил давомида 12 фоизга кўпайганини қайд этди. Шу билан бирга, Хитой минтақадаги барча беш давлатнинг етакчи савдо ҳамкори мақомини сақлаб қолмоқда.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. Сўнгги беш йил ичида икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми уч баробар ошиб, қарийб 18 миллиард долларга етди. Хитой инвестициялари ҳажми эса беш баробар кўпайиб, 17 миллиард долларни ташкил этди.

Шу билан бирга, у эришилган натижалар олдинга қўйилган барча мақсадларга ҳали тўлиқ эришилганини англатмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, ўзаро савдо таркиби ҳамон ҳамкорларнинг манфаатлари ва имкониятларини тўлиқ акс эттирмаяпти.

Шу нуқтайи назардан, транспорт тармоқларини ривожлантириш, жумладан, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш алоҳида аҳамият касб этади. Унинг фикрича, янги йўналишлар нафақат транзит ташувларини таъминлаши, балки тўлақонли иқтисодий коридорларга айланиши ҳам муҳимдир.

Бундан ташқари, саноат ва рақамли ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурлиги таъкидланди. Бунда, энг аввало, стандартларни, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ёндашувларини ҳамда хавфсизлик протоколларини мувофиқлаштириш масалалари назарда тутилади. Бу эса минтақа мамлакатлари ва Хитой иқтисодиётлари ўртасида барқарор алоқаларни шакллантириш учун муҳим шарт ҳисобланади.

Таъкидланишича, шерикликнинг ҳозирги босқичидаги асосий вазифа ҳамкорлик кўламини кенгайтиришдан унинг сифатини оширишга, товарлар савдосидан ишлаб чиқариш кооперациясига, лойиҳалар алмашинувидан эса бошқарув тажрибаси алмашинувига ўтишдан иборат бўлиши керак.

Шу билан бирга, модернизация жараёни ҳамкорлар бир-биридан ўрганган ҳолда, ўзга моделлардан шунчаки нусха кўчирмаган тақдирдагина самарали бўлишини алоҳида қайд этди. Ушбу жараёнда таҳлил марказларининг масъулияти ортиб боради. Улар турли ёндашувларни қиёсий таҳлил қилиш, юзага келиши мумкин бўлган хатарларни олдиндан аниқлаш ҳамда муаммолар пайдо бўлишидан аввал тегишли ечимларни таклиф этишга даъват этилган.

Шу нуқтайи назардан, у Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев узоқ муддатли режалаштириш вазифаларини ҳал этишда экспертлар ҳамжамиятининг муҳим ролини бир неча бор таъкидлаганини эслатиб ўтди.

Нутқининг якунида эксперт мазмунли ва очиқ мулоқот янги ғояларни ишлаб чиқиш имконини беришига, улар келгусида муайян сиёсий қарорларда ўз аксини топиб, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликка қўшимча суръат бағишлашига ишонч билдирди.