Фармонга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида қуйидагилар ташкил этилади:
Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти негизида Аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш илмий-тадқиқот маркази;
Клиник аудит инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
Контент медиамаркази.
Аутсорсинг асосида қуйидагилар фаолияти йўлга қўйилади:
аҳоли мурожаатлари, шикоятлари, таклифлари ва эътирозларини қабул қилиш, уларни тезкор кўриб чиқиш ҳамда тегишли ташкилотларга йўналтиришни таъминлаш мақсадида "Call-марказ";
аҳоли ва тиббиёт ходимлари билан тизимли мулоқотни таъминлаш, тиббий хизматлар сифати, оммабоплиги ва мавжуд муаммолар юзасидан тезкор ахборот олиш ҳамда таҳлил қилиш мақсадида қайта алоқа тизими (Feedback).
2026 йил 1 сентябрдан тиббиёт ассоциацияларига қуйидаги ваколатлар берилади:
тиббий ёрдам кўрсатишни стандартлаштириш ҳужжатларини ишлаб чиқиш, уларни муҳокама қилишда иштирок этиш ва қайта кўриб чиқиш;
cоғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг таклифига кўра стационар тиббиёт ташкилотларининг тиббий хизмат кўрсатиш сифатини баҳолашда иштирок этиш;
тиббиёт ходимларининг малакасини баҳолаш, сертификатлаш ҳамда қайта тайёрлаш жараёнларида мустақил профессионал эксперт сифатида иштирок этиш ва бошқалар.