Бу кун нафақат мактаб билан хайрлашув, балки болалик ортида қолиб, мустақил ҳаёт сари ташланаётган илк қадам рамзи ҳамдир. Шу боис мазкур тадбирларни мазмунли, тартибли ва хавфсиз тарзда ўтказиш бугунги кунда долзарб аҳамият касб этмоқда.

Юртимизда 25 май — “Сўнгги қўнғироқ” байрами муносабати билан умумий ўрта таълим мактабларида қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Шу муносабат билан таълим муассасаларида хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Азамат Комоловнинг таъкидлашича, “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини юқори савияда ташкил этиш бўйича барча таълим муассасаларига махсус тавсиялар ва намунавий сценарийлар етказилган.

— “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини кенг жамоатчилик, ота-оналар ва мактабнинг собиқ битирувчилари иштирокида мазмунли ташкил этиш бўйича тавсиялар берилган, — деди Азамат Комолов. — Шунингдек, тадбирларда намунали хулқи, аъло баҳолари ва ютуқлари билан ажралиб турган ўқувчиларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Энг муҳими, бу байрам аввало маърифат, устозга эҳтиром ва таълимга ҳурмат байрами сифатида ўтиши керак.

Дарҳақиқат, бугун ўзбек ўқувчилари халқаро олимпиадалар, фан танловлари ва спорт мусобақаларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, катта ютуқларга эришмоқда. “Сўнгги қўнғироқ” тадбири эса ана шу меҳнат, интилиш ва устозлар машаққатининг ўзига хос натижаси сифатида қадрланади.

Бироқ байрам кайфияти хавфсизлик ва масъулият ҳиссини соя остида қолдирмаслиги лозим. Шу муносабат билан битирув тадбирлари ўтказиладиган ҳудудларда ички ишлар органлари, Миллий гвардия ходимлари ҳамда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда кучайтирилган тартибда хизмат ташкил этилади.

Маълум қилинишича, бошқарув марказига ўрнатилган мониторлар орқали республиканинг барча ҳудудларида жойлашган мактаблар олди ва кўчалари кузатув камералари ёрдамида доимий назорат қилинади. Асосий эътибор эса вояга етмаганлар томонидан транспорт воситаларини бошқариш ҳолатларига қаратилади.

Ички ишлар органлари масъулларининг маълум қилишича, ўтган 2025 йилги “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари давомида 25 нафардан ортиқ вояга етмаган ўқувчи автомашина бошқариб келгани аниқланган. Улар бошқарувидаги транспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилиб, ота-оналарига нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилган.

— Вояга етмаганлар томонидан транспорт воситаларини бошқариш нафақат уларнинг ўзи, балки атрофдагилар ҳаёти учун ҳам жиддий хавф туғдиради. Шунинг учун барча ота-оналардан фарзандларини назоратсиз қолдирмаслик, автомашина калитларини ишониб топширмаслик ва хавфсизлик масаласига жиддий эътибор қаратишни сўраймиз, — дея таъкидлади ЙҲХХ масъуллари.

Шунингдек, ортиқча дабдаба, турли қимматбўй тадбирлар ва маблағ йиғимларига йўл қўймаслик бўйича ҳам ота-оналар билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Битирув кечаларини ресторан ва тўйхоналарда нишонлаш, назоратсиз сайрлар уюштириш каби ҳолатларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мутахассислар фикрича, “Сўнгги қўнғироқ”ни ҳақиқий маърифат ва қадрлаш байрамига айлантириш учун энг муҳими — соддалик, самимийлик ва хавфсизлик муҳитини таъминлашдир. Зеро, бу куннинг энг катта безаги қимматбўй тантаналар эмас, балки устознинг дуоси, ота-онанинг фахри ва ёшларнинг орзуларидир.

“Сўнгги қўнғироқ” — шунчаки байрам эмас. Бу — кечаги ўқувчининг эртанги мустақил ҳаётга қадам қўяётган масъулиятли палласидир. Уни мазмунли, тартибли ва хавфсиз тарзда ўтказиш эса мактаб жамоаси, ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг умумий вазифаси ҳисобланади. Чунки ёшлар хавфсизлиги ва келажаги — барчамизнинг умумий масъулиятимиздир.

Зулхумор Акбарова,

Мадина Ботиржонова