"Cessna-208 Caravan" ва L-410 турдаги ҳаво кемалари орқали мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилади.
Бунинг учун 13 гектар қўшимча ер ажратилиб, тумандаги учиш-қўниш майдони ва йўлаги кенгайтирилади. Талаб юқори бўлган янги йўналишлар ташкил этиш кўзда тутилган.
Тумандан бошқа шаҳар ва туманларга жамоат транспорти йўлга қўйилади. Шу билан бирга, чегара ўтказиш пунктларида рўйхатга олиш дарчалари сони икки баравар оширилади - натижада фуқароларимиз тезроқ ва қулайроқ ҳаракатлана оладиган бўлади.
Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг "Сўх туманини 2026–2028-йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд захира ва имкониятларни ишга солиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида (ПҚ-258, 08.07.2026 й.) белгиланган.