Таҳлил натижаларига кўра, тунги ёруғлик интенсивлиги ортиши ҳудудларда иқтисодий фаоллик ва шаҳар инфратузилмаси жадал ривожланаётганини кўрсатмоқда. Шунингдек, шаҳар типида ривожланаётган ҳудудлар сони ҳам сезиларли даражада кўпайган.
Сунъий йўлдош маълумотлари расмий статистика билан юқори даражада мос келган. Жумладан, 2020–2025 йилларда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот 80,3 фоизга ўсиб, 2 090 доллардан 3 887 долларга етган. Расмий маълумотларда эса бу кўрсаткич 81,8 фоизни ташкил этиб, 2 048 доллардан 3 881 долларгача ошган.
Йирик шаҳарлар орасида энг юқори ўсиш Тошкент шаҳрида қайд этилди — аҳоли жон бошига ЯҲМ 2025 йилга келиб 9,3 минг долларга етди. Шунингдек, Навоий шаҳри (9,3 минг доллар), Зарафшон (7,9 минг), Самарқанд (7,2 минг), Қўқон ва Андижон (6,7 минг) каби шаҳарларда ҳам юқори иқтисодий фаоллик кузатилди.
Кичик ва ўрта шаҳарларда ҳам ижобий динамика сақланмоқда. Хусусан, Термиз шаҳрида аҳоли жон бошига ЯҲМ 5,1 минг долларни, Марғилон ва Чирчиқда қарийб 5 минг долларни, Наманганда эса 4,8 минг долларни ташкил этди.
Туманлар кесимида энг юқори ўсиш Миробод, Яккасарой ва Чилонзор туманларида қайд этилди. Ушбу ҳудудларда аҳоли жон бошига ЯҲМ 10 минг доллардан ошиб, республика ўртача кўрсаткичидан бир неча баробар юқори бўлди.
Шу билан бирга, юқори иқтисодий фаолликка эга ҳудудлар сони ҳам ортиб бормоқда. 2020–2025 йилларда тунги ёруғлик интенсивлиги юқори бўлган ҳудудлар 22 тадан 31 тага етган. Аксинча, паст кўрсаткичли туманлар сони 129 тадан 85 тага қисқарган. Бу эса 44 та туман шаҳар типида ривожланиш босқичига ўтганини кўрсатади.
Мутахассислар фикрича, тунги ёруғлик маълумотлари иқтисодий жараёнларни тезкор баҳолашда муҳим восита бўлиб, у расмий статистикани самарали тўлдириши мумкин. Бундай ёндашув янги ўсиш нуқталарини аниқлаш ва инвестиция ҳамда инфратузилма сиёсатини манзилли йўналтиришда муҳим аҳамият касб этади.