Қуйидагилар Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади:

дори воситаларини ишлаб чиқарувчиларга EU GMP, US FDA GMP расмий сертификатларини жорий қилишда, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қайта малакалашини олишда хорижий консалтинг хизматлари ҳамда EU GMP, US FDA GMP сертификатлари учун харажатларнинг 50 фоизи, лекин 50 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда;

илмий-тадқиқот институтлари ва таълим муассасалари томонидан яратилган, Ўзбекистонда ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган дори воситалари ва тиббий жиҳозларни ишлаб чиқарувчиларга ушбу дори воситаларини саноат миқёсида ишлаб чиқариб, реализация қилгандан сўнг рўйхатдан ўтказиш, клиник синов ва биоэквивалентлик тадқиқотлари харажатларининг 80 фоизи, лекин 8 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда. 

Фармацевтика ва бошқа ишлаб чиқарувчи корхоналарга, истисно тариқасида, солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича БҲМнинг 2 баравари миқдоридан кўп бўлмаган миқдорда қарздорлик мавжуд бўлганда, қарздорлик суммаси ушбу миқдордан юқори бўлган ҳолатларда эса қарздорлик шаклланган кундан бошлаб 10 кун муддатда давлат харидларида иштирок этишга рухсат берилади. 

Давлат ташқи қарзи маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг шакллантирилишидан бошлаб якуний натижага эришилгунига қадар барча босқичлари "Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш" ахборот тизимида юритилади.  

Тадбиркорлик субъектларига божхона божини 120 кунга қадар кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.

Божхона тўловлари тўланишини таъминлашнинг бош таъминоти туридан фойдаланишда хавфларни бошқариш тизимининг натижаларидан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектларига пасайтирилган миқдорда таъминот тақдим этилади.

Қуйидагилар бекор қилинади:

Озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш, сақлаш ва эркин муомалага чиқариш жараёнида санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя қилиш мажбуриятини ушбу маҳсулот импортёрига юклаган ҳолда "FSSC 22000", "IFS Food", "BRCGS Global Standard for Food Safety", "SQF Food Safety Code" халқаро тизимлари доирасида расмийлаштирилган сертификатга эга корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишда санитария-эпидемиологик хулоса олиш талаби;

товарларни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштиришда карантин рухсатномасини олиш талаби. 

 Давлат органларида ходимларнинг коррупцияга қарши барқарорлик даражасини диагностикадан ўтказиш тизими жорий этилиб, унга кўра соҳалар назоратига масъул инспекцияларда коррупциявий хавф-хатар даражаси "юқори" ва "ўрта" бўлган функциялар юклатилган лавозимларда фаолият юритаётган ходимлар ҳамда ушбу лавозимларга номзодлар диагностикадан ўтказилади.

Диагностика натижасига кўра ходимнинг коррупцияга барқарорлик даражаси "паст" деб баҳоланиши мазкур лавозимда меҳнатга оид муносабатларни давом эттиришига монелик қилувчи ҳолат ҳисобланади ҳамда ходим коррупциявий хавф-хатар даражаси "паст" бўлган бошқа лавозимга мажбурий равишда ротация қилинади. 

Қурилиш чиқиндиларини такрорий фойдаланиш, қайта ишлаш ёки утилизация қилишга йўналтиришнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

буюртмачи-юридик шахслар томонидан бинолар ва иншоотлар, йўллар ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ёки бузиш ишларида ҳосил бўладиган қурилиш чиқиндилари уларни қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ёки чиқинди полигонларига шартнома доирасида тақдим этилади;

қурилиш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда қурилиш жараёнида ҳосил бўладиган қурилиш чиқиндилари ҳажмини ва уларни тўплаш жойларини белгилаш, шунингдек, улар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича лойиҳавий ечимлар назарда тутилиши мажбурий ҳисобланади;

қурилиш чиқиндиларининг атмосфера ҳавосига таъсирининг олдини олиш мақсадида буюртмачи томонидан амалдаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ чанг ва ёқимсиз ҳидларни бартараф этиш чоралари кўрилади. 

 Архив хизматларини рақамлаштиришда қўлланиладиган амалдаги архив ахборот тизимлари негизида Ягона миллий архив ахборот тизими жорий этилади. Бунда: 

а) барча рақамлаштирилган ва келгусида рақамлаштириладиган архив ҳужжатлари Архив ахборот тизимига киритилади ва тизимда сақланади;

б) архив ҳужжатларини рақамлаштириш қуйидаги босқичларда амалга оширилади: 

– биринчи босқичда (2025-2027 йиллар) – алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатлар, мол-мулк ва ерга оид архив ҳужжатлари тўлиқ рақамлаштирилади;

– иккинчи босқичда (2028-2029 йиллар) – кино, фото, фоно ва илмий-техник архив ҳужжатлари рақамлаштирилади;

– учинчи босқичда (2030 йилдан) – Миллий архив фондининг бошқа архив ҳужжатлари рақамлаштирилади;

в) Адлия вазирлиги ҳузуридаги "Ўзархив" агентлигига Миллий архив фонди ҳужжатларини сканерлаш ва уларни Архив ахборот тизимига киритиш ишлари учун Адлия вазирлиги ҳамда Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан шартнома асосида мутахассисларни жалб қилиш ҳуқуқи берилади. 

Шундай тартиб ўрнатилиб, унга кўра сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимлари (дастурий маҳсулотлар)ни жорий этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича давлат харидларини:

тегишли идоралар томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ юритилувчи реестрга киритилган тадбиркорлик субъектлари билан;

умумий қиймати БҲМнинг 2,5 минг баробаридан ошмаган шартномалар доирасида тўғридан-тўғри шартнома асосида амалга оширишга рухсат этилади.